Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Сайловларда иштирок этиш фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқидир

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда демократик сайловлар ўтказиш, том маънода, муҳим ижтимоий-сиёсий анъанага айланган.  Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидланганидек, “Сайлов жараёнларида барчамизнинг, аввало, дунёқарашимиз, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятимиз, фуқаролик позицияларимиз яна бир бор намоён бўлади”.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 08.12.1992 йилда қабул қилинган бўлиб, Конституцияда фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари бўйича алоҳида боб ажратилган.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади деб кўрсатилган.

Шунингдек, Конституциямизда Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин, Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланади деб белгиланган.

Жорий йилда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча, уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасидан октябрь ойига кўчирилди.

Бундан кўзланган мақсад шундан иборатки, илгари сайловлардан кейинги давлат ҳокимиятини ташкил этилиши билан боғлиқ сиёсий тадбирлар янги йилнинг биринчи чораги охирига қадар чўзилиб, бу ҳол Давлат дастурини қабул қилиш ва бошқа муҳим тадбирларнинг кечиктирилишига сабаб бўлган. Бир қатор хорижий давлатларнинг байрамлари арафасига тўғри келиши сабабли жаҳон миқёсида обрўга эга бўлган халқаро кузатувчиларнинг сайловда иштирокини таъминлашда муайян қонунчиликларни вужудга келтириши, шунингдек, декабрь ойи қиш мавсумига тўғри келгани учун сайловолди ташвиқоти тадбирларини кенг қамровли ўтказиш ва унда сайловчиларни жалб этишда қатор ноқулайликлар келиб чиқаётгани ҳам айни ҳақиқат эди.

Кимлар сайловларда иштирок эта олмайди ва кимлар сайланиши мумкин эмас деган савол ҳар бир инсонни қизиқтириши мумкин. Ушбу саволга Конституциямизда аниқ кўрсатиб ўтилган.

Жумладан, Конституциямизнинг 117-моддасига кўра, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ҳамда суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди деб мустаҳкамлаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикасида сайлов умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказилади. Сайлов очиқ ва ошкора ўтказилади. Сайловда иштирок этувчи ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлади. Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига 30 га яқин ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Охирги киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг саккиз — ўн саккиз нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилиши белгиланди. Сайлов бюллетенида номзоднинг эгаллаб турган лавозими, иш жойи кўрсатилиши ҳақидаги қоида чиқариб ташланди. Сайловларда сиёсий партия ёки номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишда фуқаролар паспорт билан бир қаторда идентификация картаси орқали ҳам шахсини тасдиқлаши мумкинлигини белгиланди.

Яна бир янгиликлардан бири, сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиши жойи ва вақти ҳақида туман (шаҳар) ҳокимликлари камидауч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилиши, бунда ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб этилмаслиги белгиланди.

Бундай янгиликлар миллий сайлов қонунчилигимизни умумэътироф этилган халқаро сайлов мезонлари асосида янада такомиллаштиришга, бу борада амалга оширилаётган демократик  ислоҳотларнинг самарадорлигига хизмат қилади. Зеро, сайлов жараёни мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга  эга бўлган улкан сиёсий тадбирдир.

Р.Г.Асқаров,

Избоскан туманлараро иқтисодий судининг раиси в.б.                                           

Улашинг: