Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Журналистик суриштирув: Қўлдан кетгунча, эгасига етгунчамас-да

Яқинда қўшкўприк, Тўрткўл, Янгиқишлоқ қишлоқ ва маҳаллаларида бўлиб қурилиб фойдаланишга топширилган уйлардаги аҳволни кузатдик.

Қўшкўприк маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги намунали уйлар битказилиб топширилгандан кейин ҳеч қанча вақт ўтмай тоза ичимлик суви, уйлар поллари носозлиги, иситиш тизими қониқарли эмаслиги ҳақида эътирозлар юзага келганди. Орадан бир неча йиллар ўтса-да ҳамон тоза ичимлик суви, уйларни иситиш муаммоси, эшикларга қўйилган қулфларнинг сифатсизлиги, уйлар поллари талабга жавоб бермаётганлиги борасидаги нуқсонлар кўзга ташланди. Тортилган сув қувурлари тешилиб, йўлларда сизиб чиқиб кетган. Иситиш батареялари тешилиб, уйларни иситиш имкониятлари йўқ. Фуқаролар қўлбола кранлардан, сув тортиш агрегатларидан фойдаланиб ичимлик суви билан таъминланмоқдалар. Кўплаб уйлар эшикларини беркитишда осма қулфлар осиб қўйилган.

—Бу юзага келган муаммолар ҳақида тегишли мутасаддиларга мурожаат қилинганми?—сўрадик фуқаролардан.

—-Жуда яхши билишади. Юқоридан келиб уйма-уй юрадиган гуруҳ аъзолари ҳам хабардор. «Ҳал қиламиз, тузатамиз» деб кетишган бўйи қораларини ҳам кўрсатишгани йўқ.

—Уйларни қурган фирма ёки МЧЖлар раҳбарлари, мутасаддилар, уйлар сифати учун масъул бўлганлар келишганми?

—-Келишгани йўқ. «қўлдан ўтгунча, эгасига етгунча» қабилида иш тутишган. Ўзлари қурган бинолар фойдаланишга топширилгандан кейин қандай муаммолар, янада яхшироқ қуриш учун қандай фикрлар бор деб таҳлил қилиш, юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш борасида ҳатто келиб, ўрганиб изланишмайди десак хато қилмаймиз, деган фикрлар билдирилди.

Тўрткўлдаги «Тинчлик» маҳалласи рўпарасида қурилган томорқаси 2 сотихли намунали уйлардамиз. Ўтган йили қурилиши бошланган бу уйларда бўлиб газетамизнинг 17 август сонида «Бунёдкорлик» рукни билан «Шуҳрат эмас, сифат керак» сарлавҳали мақола эълон қилган эдик. Ўша уйларни қураётган қурувчилар ўз объектларини мукаммал ва сифатли қилиб қуришга ваъда беришганди. қурилган намунали уйларнинг бирида яшаётган Бобиржон Бобожонов билан суҳбатлашдик.

—-Камчиликсиз иш бўлармиди,—-деди у. —Уйларни ёритиш учун ингичка, қобиғи юпқа симлардан фойдаланилгани учун чироқлар ёниб-ўчиб қоляпти. Сифатли симларга алмаштириб ташқаридан торттиряпман. Иситиш қозони тунукаси юпқали учун ўзим бозордан 800 минг сўмга иситиш қозони (котёл) сотиб олдим. Салкам 5 миллион сўм турадиган юпқа тунукали иситиш қозонидан кўра тунукаси қалинроғи, узоқ йилларгача чидайди. Ҳали кўп ишлар чала. Бинолар олд майдонларида сув ўтадиган ариқчалар қирғоқлари бетонлаштирилмаган. Иссиқ сув масаласини ўзимиз тегишли мосламалардан фойдаланиб ҳал қиляпмиз. Эшиклар қуруқ ёғоч материалларидан қилинмагани учун очилса ёпилмай қолиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас…

Янгиқишлоқдаги «Ал Бас КТФХ» барпо этган намунали уйларда яшовчиларнинг ҳасратлари бу ердагилардан ҳам кўпроқ эди.

—Қаранг, бу уйга кўчиб келмасимизданоқ канализацияси сувга тўлиб бўлган экан, уйларимиз олди йўллари, сув оқадиган ариқчалар қирғоқлари ҳали битмай турибди,— дейди Моҳидил Эгамназарова. —-Прораб турмуш ўртоғимдан «уй битмаса пул тушириб бермаяпти, бинони қабул қилиб олдим, деб қўл қўйиб беринг», деб ҳали уй чалалигидаёқ хат ёздириб имзо чектириб олибди. Иситиш қозонидан фойдаланганимиз йўқ. Эшиклар ёрилиб кетяпти, глазоклари йўқ. Камчиликларни кейин қилиб берамиз, деб кетишганича ҳали дараклари йўқ. Бизнинг уйдаги каби нуқсонлар кўпчилик уйларда мавжуд. Ҳатто уйлар поллари қимирлаб туради. Ичимлик суви кунига 2 марта 2 соатдан берилади. Уйларни тезроқ топшириш мақсадида кўпроқ асосий ишлар куз-қишда бажарилганлиги учун сифатсиз ҳолатлар юзага келяпти…

Кузатишларимиздан қандай хулоса чиқариш тегишли мутасаддиларга ҳавола. Биз эса қўшкўприк МФЙ ҳудудидаги уй-жойлардан фойдаланиш борасида бир оз тўхталмоқчимиз. Намунали уйлар оралаб юрарканмиз бу ердаги бугунги кундаги аҳволдан ранжидик. Кўп хонадонлар ўз уйлари олдиларини ажриқ бостириб, ҳеч нарса экмай қўйишган. Дастлаб уйлар топширилган дамларда қатор қилиб экилган арча дарахтлари гўзал бир манзара кашф этиб турарди. Ҳозирда кўп уйлар олдиларида арча дарахти эмас, хунук бир манзара бериб турадиган дарахтлар кўзга ташланди. Бу ҳолатлар қатор қилиб қурилган тартибли бинолар кўркини бузяпти. Ҳар қаричи ҳисобда бўлган ерлар кўп уйлар, ҳали уй битмаган, атрофи ўралмаган жойларда қаровсиз ётибди. Сифатсиз экилган терак ва бошқа дарахтлар остлари ҳам қаровга муҳтож.

Хулоса қиладиган бўлсак, давлатимиз раҳбари халқимизни ҳар томонлама рози қилиш борасида ғамхўрликлар кўрсатаётган экан, намунали уйлар қураётган қурувчиларимиз, шаҳарсозлик асосида фаолият олиб боришдаги тартибларга қаттиқ риоя қилиш­лари, ўзлари ортидан қурилган уйларда яшовчиларнинг фақат раҳматларига сазовор бўлиш учун масъулият сезишлари керак. Яна фикримиз шуки уйлар топширилган, фуқаролар яшаётган жойларда вақти-вақти билан бўлишиб, яшовчилар фикрларини ўрганишлари, ўз олдиларига қуриб берилаётган уйларни янада қулай, пишиқ ва сифатли бўлиши учун нима қилиш керак деган савол қўйишлари, фикрларини лойиҳалаш идораларига билдириб туришлари лозим деб ўйлаймиз.

Намунали уйларда яшовчи фуқаролардан эса ўз хонадонлари атрофини гулзорларга ва озода-обод кўркам жойларга айлантиришлари, мавжуд томорқаларидан эса юксак унум билан фойдаланишлари тақазо этилади. Шундагина давлатимиз раҳбарининг ғамхўрликларига лаббай, деб жавоб берган бўламиз.

Йўлдош ИСОҚЖОНОВ

Улашинг: