Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Кластер усулида пахтачиликнинг фермерчилик ривожидаги ўрни

Туманимизда чигит экиш қизғин бошланди. Агросаноат тизимидаги фаолиятлар энди кластер инновацион ғоясига асосланиб амалга ошириляпти.

Президентимизнинг элни фаровон ва халқни бой қилувчи инновацион ғояларидан бири —кластер мамлакатимизда кенг жорий қилинмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Саммитидаги нутқида илгари сурилган ташаббуслардан бири ҳам агросаноат кластерларини ривожлантириш ғояси бўлди. Бу ғоя асосида республикамизда ҳаётга татбиқ этилаётган инновацион пахта тўқимачилик кластери тизимининг ноёблиги, янгилиги, халқнинг ҳаёт даражаси ва мамлакат экспорт салоҳиятини оширишдаги аҳамияти каттадир. Демакки, мамлакатимизда ҳам дунёнинг илғор давлатлари қаторидан жой олишининг йўли —бу аграр соҳада, илм-фанда, таълим тизимида ва бошқа соҳаларда кластер тизимларининг жорий этилиши ҳисоб­ланади.

Биз яқинда туманимизда кластер инновацион ғоя асосида олиб борилаётган фаолиятга раҳбарлик қилаётган Маҳаммадбоқи Тожимаматов ҳузурида бўлиб амалга оширилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашдик.

—Хўш, кластер нима ўзи, бу ғоя қачон, қаерда пайдо бўлган, унинг аҳамияти, қудрати нимада?

—-Кластер атамаси французча сўз бўлиб, ўзбекча таржимаси «боғлам», «гуруҳ», «тўпланиш» маъноларини билдиради. Кластерларни шакллантиришдан мақсад —шаҳар, туман, вилоят ҳудудида жойлашган бир хил соҳа корхоналарини ва улар билан ягона технологик занжирда бўлган таълимий, илмий, инженеринг, консалтинг, стандартлаштириш ва бошқа хизматларни уйғунлаштириш, инновацион ишлаб чиқаришни ташкил этиш асосида рақобатбардош товарлар яратишга йўналтиришдан иборатдир. Бунда аҳолини иш билан таъминлашда катта самара беради. Бу ғоя дунё ҳамжамияти томонидан тан олинган. Ривожланган мамлакатларда инновацион иқтисодиётни шакллантириш ва бошқаришда кластерлардан фойдаланиш бўйича маълум тажриба тўпланган. Европа мамлакатлари ва АқШда бу кенг қўлланилмоқда. Буюк Британия, Голландия, Германия, АқШ, Дания, Франция, Италия, Корея, Покистон ва Туркия давлатлари енгил саноатини кластерлар тўла эгаллаган. Жанубий-Шарқий Осиё, Сингапур, Япония ва бошқа мамлакатларда ҳам кластерларни шакллантириш илгарилаб бормоқда.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, барча сохаларда кластер тизимини яратиш  мақсадга мувофиқ хисобланади. Бунинг яна бир яхши томони вилоятларда етиштирилаётган пахта худуддаги саноат корхоналарида тўлиқ қайта ишланмоқда. Асосийси корхоналар томонидан пахта ҳосили учун қимматлашган нархларда хақ тўлаш белгиланганидир. Шуларни ҳисобга олиб биз мазкур туманда ҳам қишлоқ хўжалигида кластер ғояси асосида фаолият олиб боряпмиз.

—Мамлакатимизда мазкур ғоя синовдан ўтдими?

-Республикамиз худудида биринчи бўлиб А.Ш. Бекмуродов ва Ян Сон Белар Ўзбекистон текстиль саноатини ривожлантириш стратегиясига кластер ёндашуви бўйича илмий тадқиқот олиб борганлар. Шу билан бирга улар асосий эътиборни Ўзбекистон текстил саноатини экспорт салоҳиятини тахлил қилишга қаратиб, соҳага чет эл инвестицияларини кўпроқ жалб қилиш бўйича илмий тавсиялар ва маҳсулотни бўяш бўйича саноат ҳудуди кластери моделини Корея Республикасининг Дегу шаҳридаги тажриба асосида ишлаб чиққанлар. Молиявий масалалар бўйича вақт сарфлаб тижорат банкка боришга ҳожат қолмаслиги, электрон банк хизматини йўлга қўйиш бўйича кластер жараёни Наманган вилоятида ҳам қизғин бормоқда. Вилоятимизнинг қўрғонтепа туманида ўтган йили қишлоқ хўжалиги соҳасида кластер тизими ўз самарасини берди.

—Бу йил кластер инновацион ғояси асосида туманимизда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

-Туманда ўтган йил июль ойидан фаолият бошлаганмиз. Дастлаб ер, тупроқ стуктурасини ўрганишдан бошлаб уни Республика тупроқшунослик илмий текшириш даргоҳлари мутахассислари томонидан таҳлил қилдиришни таъминладик. Тупроқнинг калийли, фосфорли, азотли ва бошқа маъданли ўғитлар билан таъминланганлиги ва кам таъминланганлигини аниқладик. Шунга кўра тупроқ ва иқлим шароитига мос бўлган «Султон» ва «Андижон-36» пахта навларини  экишни мақсад қилдик. Бу навлар 7948 гектар ерга экилмоқда. Плёнка остига экиш 53 та махсус мослама ёрдамида пушта қирғоқларини пухта қилиб беркитиб кетадиган сеялкалар билан олиб бориляпти. Бу намликни сақлаб бериш ва бегона ўтларни кўпайиб кетмаслик имконини беради. Плёнка остига 4,5 минг гектар ерга экилган чигит эртароқ униб чиқади, тўла гектар бўлади ва тезроқ ҳосилга кириб, қуёш нурини кўпроқ олади ва толачан ҳосил беради. Кунлик экишни 225 гектардан белгилаганмиз. Ҳар гектар ердан ўртача 32,5 центнердан пахта ҳосили олиш кўзланяпти. Фаолиятимиз ерни тайёрлаш, экиш, етиштириш, тизимимиздаги Пойтуғ пахта тозалаш АЖ орқали тўқимачилик корхоналарига бериш, текстиль саноати корхоналари орқали тайёр маҳсулот олишни таъминлаб жаҳон бозорларига экспорт қилишдан иборат. Шунингдек, ёғ ишлаб чиқариш корхоналари, озуқа-ем ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳам бир занжирда иш олиб борамиз.

227 нафар фермер хўжалиги билан контрактация шартномалари тузилди. Шартномада биз ва фермер хўжалик­лари ўртасида тузилган, ҳар икки томон амалга оширадиган ишлар аниқ ва равшан белгилаб қўйилди. Асосий мақсад пахта сифати ва толасига қараб ҳисоб-китоб қилинади. Ёнилғи, маъданли ўғит, уруғ ва шу каби маҳ­сулотлар белгиланган ўлчов нормасидан оширилса фермернинг ўзига зарар бўлади.

Ҳосилдорликни оширишнинг асосий омилларидан бири чуқур шудгорлашдир. 4,5 минг гектар майдонни фақат 40 сантиметр чуқурликда шудгорлаб, ҳар бир контурни алоҳида текшириб қабул қилдик. Массив раҳбарлари учун 2 миллион сўмдан маош белгиланган. Пахта етиштириш учун меҳнат қилаётганларга ва қиладиганларга иш ҳақлари сўзсиз бериб бориляпти ва берилади.

Мақсадимиз фақат эл фаровонлиги ва мамлакат экспорт салоҳиятини оширишдан иборат. Шунда одамларимиз янада бой, тўқ ва фаровон турмуш кечирадилар. Шу мақсад йўлида олиб бораётган янги ғоямиз натижасидан умидимиз катта ва мақсадимиз албатта биргаликда амалга ошади.

Й. ИСОҚЖОНОВ,

М. МИРЗААБДУЛЛАЕВ,

«Пахтакор» махсус мухбирлари

Улашинг: