Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ВАТАН ЭРТАСИ ВА КЕЛАЖАГИ

—сайловчилар танловига боғлиқ

Барчамизга маълумки амалдаги йилимизнинг 24 октябрь куни мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Демак Ватанимизнинг эртаси ва келажаги, ривожланиши, халқимиз фаровонлиги, дунё ҳамжамиятида тутадиган ўрнимиз сайловнинг барча иштирокчилари фаоллиги, дунёқараши теранлиги, сиёсий етуклик билан ҳар бир сайловчининг қабул қиладиган қарорига боғлиқ. Мустақил Ўзбекистонимизда сайловлар халқнинг тўғридан­тўғри ўз иродасини ифода этишининг қонунлаштирилган шакли бўлиб, демократия­нинг муҳим кўринишидир. Зотан бу муҳим сиёсий танлов орқали фуқаролар давлат ҳокимияти органлари шаклланишига таъсир ўтказади, шу билан ўзларининг давлат бош­қарувида иштирок этиш ҳуқуқини амалга оширади.
Президент деганда озод ва обод мамлакатимиз, бутун бир давлат тақдири учун масъул, шу юртда яшайдиган, ҳаёт кечирадиган миллионлаб одамларнинг дунёқарашини, тафаккурини, халқнинг энг эзгу орзу-умидларини ўзида мужассам этадиган ва шу интилишларни рўёбга чиқаришга қодир ва шунинг учун курашадиган инсонни тушунамиз. Сайлов эса халқ ҳокимиятчилигининг муҳим мезони, фуқароларни давлат ҳокимиятига даврийлик асосида ўз муносабатини билдиришининг муҳим воситаси бўлиб, бу йўл билан фуқароларнинг олиб борилаётган ислоҳотларга муносабати аниқланади. Сайловлар сиё­сий партиялар ҳамда уларнинг номзодларининг сайловолди дас­турлари ҳаётийлигини, долзарблигини кўрсатиб беради.
2019 йилнинг 25 июнида қабул қилинган Сайлов кодекси асосида бўлиб ўтадиган Президент сайлови барчамиз учун Ўзбекистоннинг келгуси тараққиё­ти қандай йўлдан боради, фарзандларимиз, оиламиз, мамлакатимиз келажагини қандай барпо этамиз, деган ҳал қилувчи саволларга жавоб берадиган ғоят муҳим сиёсий тадбирдир. Шунинг учун ушбу сиёсий жараён жаҳон ҳамжамияти диққат-эътиборида бўлиши шубҳасиздир.
Сайловда дунёнинг 50 га яқин мамлакати ҳамда ўнлаб халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиши кутилмоқда. Сайлов қонунчилигимизнинг асосий мазмун-моҳиятини қуйидаги 6 та асосий жиҳатда кўришимиз мумкин. Хусусан, Сайлов тўғрисидаги қонунчиликка халқаро сайлов стандартлари имплементация қилинди.
Маълумки, БМТ томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси, “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро Пакт, “Ирқий камситишнинг барча шакл­ларига барҳам бериш ҳақида”ги, “Аёлларга нисбатан камситишларнинг барча шаклларига барҳам бериш ҳақида”ги Конвенциялар ва бошқа сайловга оид ҳужжатларда асосан инсоннинг давлат бошқарувида иштирок этиш, сайлаш ва сайланиш, давлат хизматига киришишда тенглик ҳуқуқлари бўлиши кераклиги қайд этилган.
Парламентлараро Иттифоқи Кенгаши томонидан қабул қилинган “Эркин ва адолатли сайловлар мезонлари тўғрисида”ги Дек­ларация, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Инсонийлик мезонлари бўйича конференциясининг Копенгаген кенгаши ҳужжати, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг “Демократик сайловлар, сайлов ҳуқуқ ва эркинлик­лари стандартлари тўғрисида”ги Конвенция ва бошқа сайловга оид ҳужжатларда демократик сайлов принциплари кўрсатиб ўтилган бўлиб, улар сайловларни умумий, тенг, даврий асосда, ҳалоллик билан очиқ, шаффоф ўтиши, эркин, ихтиёрий, ҳақиқий ва адолатли, яширин овоз бериш кабиларда ифодасини топган. Овозларни ҳисоблаш ҳамда бу ҳақдаги ахборот ҳаққоний бўлиши, унинг расмий якунлари эса, матбуотда эълон қилинишини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларидан монеликсиз фойдалана олиш ҳам шулар жумласига киради. Сайлов кодексининг 48-моддасига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиш жойи ва вақти ҳақида тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилади. Бунда ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб қилинмайди.
Сайлов кодексига 8 февралда киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, сайлов ҳуқуқининг умумийлиги ва тенглигига оид халқаро принципни янада кенг таъминлаш мақсадида “271-модда. Чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхатларига киритиш”, “561-модда. Сайловчининг чет давлатда турган жойида овоз бериш” мазмунидаги нормалар киритилди. Унга кўра, чет давлатларда турган фуқаролар Ўзбекис­тон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияларига уларни сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида сайловдан ўн беш кун олдин ёзма шаклда ёки Ўзбекистон Рес­публикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин. Ўзбекистон Рес­публикасининг халқаро шартномаларига ва чет давлатларнинг ваколатли давлат ҳокимияти органлари билан келишувларга мувофиқ чет давлатларнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларда муддатидан олдин овоз бериш сайловчининг турган жойида ўтказилиши мумкин. Мамлакатимизнинг чет давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхонаси ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг турган жойида овоз бериш вақти ҳамда жойи тўғрисида қарор қабул қилади. Бу ҳақда сайловчиларни, кузатувчиларни оммавий ахборот воситалари орқали хабардор этади.
Авваллари сайловчилар фақатгина доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган бўлсалар сайловчилар рўйхатига киритилган бўлса, эндиликда агар сайлов участкаси ҳудудида вақтинча истиқомат қилаётган фуқаролар билан ўзаро суҳбат чоғида улар овоз бериш куни ушбу сайлов участкаси ҳудудида бўлиши аниқланса, ушбу фуқаролар вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинган ёки олинмаганлигидан қатъи назар сайловчилар рўйхатига киритилади.
Иккинчидан, Сайлов кодексида сайловларнинг муқобиллик асосида, кўппартиявийлик билан ўтиши мустаҳкамланди. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига барча сиёсий партиялар эга. Албатта, бундай норма фуқароларимизга ўзларига мос, энг яхши номзод ва сайловолди дастурини танлаш имкониятини беради. Аслида сайловнинг моҳияти ҳам ана шунда мужассам бўлади.
Учинчидан, қонунчилигимизда Марказий сайлов комиссия­си раҳбарлигида сайловларнинг қонун талабларига тўла мувофиқ равишда ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлайдиган ҳамда фақат қонунга бўйсунадиган мустақил сайлов комиссиялари тизимининг мустаҳкамлаб қўйилгани миллий сайлов тизимининг энг муҳим хусусиятидир. Конституциямизнинг 117-моддасига киритилган тузатишларга мувофиқ, Марказий сайлов комиссиясига жаҳон амалиётида илк бор бошқа ҳокимият органларининг ҳеч қандай аралашувисиз сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни таъминлайдиган, давлат ҳокимияти тизимида алоҳида ўрин тутган конституциявий орган мақоми берилди. Мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлилик Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг асосий принциплари этиб белгиланди.
Тўртинчидан, Сайлов кодексида сайловнинг холис ва адолатли ўтишининг энг муҳим кафолати — яъни Президент сайловининг молиявий таъминоти давлат маблағлари томонидан қопланиши белгилаб қўйилди. Бу жудаям муҳим жараён — одиллик ва адолатнинг кафолати бўлиб, сайловда барча учун тенг шароитлар яратилишининг муҳим омили ҳисобланади. Сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари, корхоналари, муассасалари, ташкилотлари ва фуқаролари ўз маблағларини сайлов ўтказиш учун ихтиёрий равишда беришлари мумкин. Бу маблағларни Марказий сайлов комиссияси сайлов кампанияси вақтида фойдаланиш учун қабул қилиб олади.
Бешинчидан, Кодексда номзодлар учун партиявийлигидан, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий аҳволи, ирқий ёки миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулот тури ва хусусиятидан қатъи назар тенг кафолатларнинг қонуний асослари белгилаб қўйилган.
Кодекс Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга, сиёсий партияларга тенг ҳуқуқлилик асосида сайловолди ташвиқоти юритишни кафолатлайди. Қонунга мувофиқ, Президентликка номзод этиб рўйхатга олинганларнинг ҳаммаси тенг ҳуқуққа эга. Президентликка номзод сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, сайловолди йиғилишларида сўзга чиқиш, телевидение кўрсатувлари ва радио эшиттиришларида қатнашиш вақтида сайловни ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда, ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан озод бўлиш ҳуқуқига эга. Ушбу қоида билан боғлиқ норма Меҳнат кодексининг 165-моддасида ҳам белгиланган.
Олтинчидан, Сайлов қонунчилигимиз уни бузган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлиги ҳамда одил судловга шикоят қилишни кафолатлаган. Хусусан, номзод кўрсатган сиёсий партиялар органлари, номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин беш кун ичида судга шикоят қилиши мумкин. Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин беш кун ичида Олий судга шикоят қилиниши мумкин. Шикоят келиб тушганидан кейин уч кун ичида, сайловга камида олти кун қолганида эса, дарҳол кўриб чиқилиши керак. Шикоят берган шахслар шикоятни кўриб чиқишда бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эга. Жорий йил 31 майда Сайлов кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар фақат суд томонидан кўриб чиқилади. Аввал шикоятларни юқори турувчи сайлов комиссиялари ҳам кўриб чиқиши мумкин эди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда алоҳида VI боб — Сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик номли боб мавжуд. Жиноят кодексининг 146, 147-моддаларида ҳам сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, сайлов ҳуқуқининг ёки ишончли вакил ваколатларининг амалга оширилишига тўсқинлик қилиш учун жавобгарлик белгиланган.Хулоса ўрнида айтиш жоизки, сайлов қонунчилиги бўлғуси сайловларнинг юксак демократик мезонлар асосида ўтишининг кафолати бўлиб хизмат қилади.

Улашинг: