Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Байроғимиз – фахру ғуруримиз

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро майдонда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади.

Байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган. Миллий байроғимизнинг давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб туриши, турли байрам ва тантаналарда, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттириши барчамизга ифтихор бахш этади. Масалан, халқаро спорт беллашувларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига  юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимизни ҳис қиламиз.

Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг мустақиллигини ифодаловчи муқаддас белгидир. Республикамиз давлат рамзлари халқимизнинг шон- шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз ифодасидир.

18 ноябрь —  Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган кун туманимизнинг барча ташкилот ва муассасаларида, маҳаллаларда ўзига ҳос тадбирлар бўлиб ўтди. Албатта бу рамзимизга эътибор ва эътиқоддир.

 

С.Матмусаев

Андижон туман адлия бўлими

бош маслаҳатчиси

 

Улашинг: