Ўзбекистоннинг Женевадаги доимий вакили БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раисининг ўринбосари этиб сайланди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ўз тарихида илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши (ИҲК) бюроси фаолиятида иштирок этади. Осиё-Тинч океани минтақавий гуруҳига аъзо давлатлар Ўзбекистоннинг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Улуғбек Лапасовни 2022 йил учун БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси ўринбосари лавозимига бир овоздан қўллаб-қувватлаган.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши бюроси таркиби ИҲК раиси ҳамда унинг турли географик гуруҳлардан сайланган тўртта ўринбосаридан ташкил топган. Ўзбекистоннинг доимий вакили номзоди кўрсатилган Осиё-Тинч океани минтақаси БМТ ИҲК тизимидаги энг йириклардан бири ҳисобланади. Гуруҳда 56 та давлат бор.
“Ўзбекистон вакилининг ушбу лавозимга сайланиши республикамизда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан ижобий баҳоланаётганининг ифодасидир”, дейилади ТИВ хабарида.
2020 йилда Ўзбекистон 2021-2023 йиллар мобайнида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг тўлақонли аъзоси этиб сайланган ва ташкилот доирасида фаол иш олиб бормоқда.
Жорий йил октябр ойида Ўзбекистон ташаббуси билан кенгаш томонидан пандемия даврида ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги биринчи резолюцияси қабул қилинди. Мазкур ҳужжат БМТ ИҲКнинг барча аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди ва 60 га яқин давлат унга ҳаммуаллифлик қилди.
БМТ ИҲК таркибига 47 давлат киради ҳамда бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилишга масъул тузилма ҳисобланади. Кенгаш ваколатига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги эътиборга молик бўлган барча масалалар ва вазиятларни муҳокама қилиш киради.