Фахрий журналист, “Шуҳрат” медали соҳиби Комилжон Нишонов 80 ёшга тўлди
“Тошкент оқшоми” ва “Андижоннома” газеталари таҳририятларида журналист ва бўлим мудири сифатида узоқ йиллар фаолият юритган Комилжон ака Нишонов бугун 80 ёшни қаршилади.
Избоскан туманининг Янгиқишлоқ қишлоғида туғилган устозимиз Ўзбекистон Миллий университети (собиқ Тошкент давлат университети)нинг журналистика факультетини таҳсил олган.
Журналистик фаолиятини 1974 йилда “Тошкент оқшоми” газетасида мухбирликдан бошлаган. Оилада ёлғиз ўғил бўлган Комилжон 1976 йилда қишлоғига қайтади ва вилоят “Андижоннома” (собиқ “Коммунист”) газетасига мухбир бўлиб ишга жойлашди. Пойтахтда катта устозлардан сабоқ олган ёш журналист янги ижодий жамоада ўзининг маҳоратли ва иқтидорли ижодкор, яхши ташкилотчилик қобилиятларини намоён этди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, саноат ва қурилиш бўлими бошлиғи лавозимига ўтказилди.
К.Нишоновнинг газета саҳифаларидаги публицистик мақолалари жамоатчилик эътиборини тортгани бежиз эмас. Чунки, у нимани қаламга олса, албатта, ҳаётийлиги билан ажралиб турарди. Айниқса, устознинг “Журналист касбини ўзгартиради” рукни остида Кампирровот сув омбори қурилишидан ёзган бир неча ўнлаб публицистик мақолалари, очерк ва лавҳалари ҳали ҳам газетхонлар ёдидан чиққани йўқ. Бир неча ойлар мобайнида бу ерда кундузлари оддий бетончи бўлиб ишлаб, ўзи ёнма-ён ишлаб кашф этган қаҳрамонлари кечинмалари, кундалик меҳнатини кечалари қаламга туширарди. Орадан бир неча кун ўтгач, “Коммунист” газетасида босилган ўша мақола қўлма-қўл бўлиб ўқилар, аммо уни ким ёзганини биров билмасди. Уларнинг ҳаммаси тўплангач, устознинг “Комсомол қўшиғи” номли публицистик китоби юзага келди.
-Устознинг мавзуни топа билиш ва уни ёрита олиш қобилиятига қойил қолардик, — дейди шогирди Нажмиддин Икромий. – Ҳатто йўқ ердан катта лавҳа ёки мақола тайёрлаганига кўп гувоҳ бўлганман. Ёшларга, айниқса, журналистикага энди қадам қўяётганларга меҳру муҳаббатининг эса чеки йўқ эди гўё. Бизларни ўз фарзандидек кўрар, ҳатто ёнимизда пулимиз бор-йўқлигигача суриштирар, ҳеч бир нарсани назардан қочирмасди…
Шу тариқа, таҳририятга келган ҳар бир ёш йигит-қизнинг қизиқишларига қараб, қобилиятини янада сайқал топтириш, ҳақиқий журналист бўлиб етишишига катта ҳисса қўшди. Устоздан касбий ва ҳаётий сабоқлар олган Аҳмадилло Солиев, Нажмиддин Икромий, Феруза Мирзаолимова ва Махпура Ортиқова каби ўнлаб шогирдлар катта авлод анъаналарини ҳамон давом эттирмоқдалар.
-Ёш пайтимда ўқишга кириш учун Тошкентга боришга тўғри келди, — дея эслайди шогирди, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Маҳпурахон Ортиқова. – Ўшанда “ёлғиз бормагин”, дея Комилжон ака қўлимдан етаклаб, университетга ўзи олиб борганини унутмайман. Устоз шунча меҳрни қайдан олган экан, деб ҳалигача ўйланаман…
Комилжон Нишонов ҳаёт аталмиш муаллимдан йил сайин таълим оларкан, оддий журналистгина эмас, балки маҳоратли ёзувчи, драматург сифатида ҳам адабиёт ихлосмандларига танилди. Унинг қаламига мансуб бир неча пъеса ва драмалар вилоят ҳамда республика театрлари саҳнасида намойиш этилди. Атрофидаги одамлар ҳаётидан олиб ёзилган ўнлаб, ҳатто юзлаб ҳикоялари, қиссалари ҳам ўз ўқувчиларини топа олди.
Куни кеча устознинг хонадонига бориб, уни оила аъзолари ва қавм-қариндошлари даврасида таваллуд айёмига 80 йил тўлиши муносабати билан табрикладик. Унга узоқ умр ва мустаҳкам саломатлик тиладик. Шу ёшда ҳам салкам 20 сотихлик томорқасига ўзи ишлов бериб, ўнлаб сабзавотлар, анвойи мевалар етиштираётган пири комил устозимизга ҳавас қилдик.
-Мен тақдиримдан миннатдорман, — деди устоз. – Негаки, мени яхшиларга учраштирди. Шунинг учун ҳам агар мендан “дунёда яхшилар кўпми, ёмонларми”, деб сўрасалар, албатта “яхшилар кўп”, дея жавоб бераман… Сизларга ҳам раҳмат, болаларим, Илоҳим, менинг ёшимга етиб, юриш насиб қилсин! Ҳеч кимга муҳтож қилмасин…
Иқтидорли журналист, ўнлаб журналистларнинг меҳрибон устози, “Шуҳрат” медали соҳиби Комилжон Нишонов ҳақида кўп ва хўп ёзиш мумкин. Буни нафақат шогирдлари, балки газетхонлар ҳам эътироф этишади.
Аллоҳдан устозимизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаймиз.
Дониёр ХОЛМИРЗАЕВ,
“Андижон тонгги” газетаси ходими,
устознинг набира шогирди.
Суратда Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси М. Ортиқова ҳамда журналист Н. Эргашевлар Комилжон Нишоновни қутлуғ ёши билан табрикламоқдалар.