Туман халқ таълими бўлимига қарашли умумий ўрта таълим мактабларида таълим ва тарбия жараёни қандай бораётганлигини ўрганиш юзасидан Халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари депутатларидан иборат ишчи гуруҳи ҳамда «Пахтакор» газетаси таҳририяти ҳамкорликда ўрганиш олиб бормоқда.
Ҳўш, ўрганишлар жараёнида нималар аниқланмоқда? Ютуқ ва камчиликлар қандай бўлмоқда?
Ўрганишларда шу нарса маълум бўлмоқдаки, умумтаълим мактабларида таълим ва тарбия ишларида, кадрлар масалалари, ўқитувчиларнинг ўз устида ишлаб билимларини мустаҳкамлашларида, ота-оналар, маҳалла ва ички ишлар билан ҳамкорлигида қувонарли ютуқлар қўлга киритилмоқда. Бу туман халқ таълими бўлими мутасаддиларининг фаол ҳаракатидан далолат бермоқда.
Бироқ барча мактабларда ҳам иш кўнгилдагидек деб бўлмайди. Масалан, 17-умумтаълим мактабида 710 нафар келажагимиз ворислари таълим ва тарбия олади. Уларга 53 нафар ўқитувчи сабоқ бермоқда. Ўрганиш кунида 10«А» синфида 2 нафар ўқувчи дарсларда бўлмади. 9«Б» синфида эса 5 та прогул. Бундай мисолларни бошқа синфлардан ҳам келтириш мумкин. Бунинг устига она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Саодатхон Сатимова дарс ўтаётган синфда 6 нафар ўқувчининг дафтари йўқ экан.
Мактаб синф хоналарини кўздан кечирар эканмиз, линеолумларнинг эскириб, яроқсиз бўлиб қолганини, ёрилиб чиқиб кетган жойлари ўқувчиларнинг оёқларига тушов бўлиб йиқитиши мумкинлигига гувоҳ бўлдик. Синф хоналарида иситиш тизимлари ишлаб турсада, болалар қалин кийимларда ўтиришибди. Демак иситиш қониқарли эмас. Мактабда ўқитувчиларнинг турли мавзулардаги китоб ўқишга эътибори камлиги кутубхонага сентябрь ойидан бери 44 нафар ўқитувчидан 11 нафари китоб олиб ўқимаганлигидан билса бўлади.
Ўқитувчи Ф. Ғофурова электрон тизимида конспект ёзмаганлиги, менежер Эътиборхон Ғаниева келган хатларни рўйхатга олиш ва уларнинг ижроси бўйича баённомалар тайёрламаганлиги ҳам ҳайрон қорларли ҳолат. Мактабда ёшлар етакчиси вазифасида фаолият кўрсатаётган Ҳ.Холмоновдан шу вақтгача 5 ташаббус бўйича тадбирлар ўтказиш қайд этилган баённома дафтарини сўраганимизда,«ҳозир» деган бўйича дафтарни тополмади шекилли ғойиб бўлиб қолди. Жисмоний тарбия ўқитувчиси Ш. Турсунова эса йил бошидан бошлаб 4 марта спорт тадбирларини қайд этган холос, қолганларини эса ўтказган-у дафтарга қайд этиш ёдидан кўтарилиб қолибди.
45-умумтаълим мактабида иситиш тизими қониқарли ҳолатда. Аммо ҳар бир синфда 2-3 нафардан ўқувчи дарсга келмаган. Алгебра фани ўқитувчиси З. Абдураззоқова ўқувчиларнинг дафтарларини текширмаган. Мактаб ҳамшираси У. Мамасиддиқованинг олиб бораётган ишлари ҳам қониқарсиз. 3 нафар ўқитувчи тиббий кўрикдан ўтмай ишлаб келаяпти. Карантин қоидаларига риоя қилиш бўйича Республика комиссияси кўрсатмалари, мактаб директори буйруғи, умумий йиғилиш баёни йўқлиги аён бўлди. Бу ҳолатлар сабабини иш бошлаганига эндигина бир ой бўлганлигини сабаб қила олди холос.
Ижро интизомини таъминлаш бўйича 45 нафар ўқитувчи ва 21 нафар техник ходимнинг мактабга келиш-кетиш дафтарига ўрганиш куни ҳолатига кўра, 12 нафари имзо қўймаган. Хатлар билан ишлаш дафтарини кўрсатиша олишмади. Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари М. Абдуолимова дарс таҳлиллари мавжуд бўлсада, 2 нафар ўқитувчи дарс таҳлиллари бўйича имзо қўйилмаган. Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Н. Султонованинг йиллик иш режаси мавжуд бўлсада, тасдиқлаганлиги тўғрисида имзо қўйилмаган. Очиқ дарслар жадвали ишлаб чиқарилган, лекин 3 “А”синф ўқитувчиси Л. Содиқованинг Ўқиш фани дарслиги бўйича очиқ дарс ишланма баённомаси йўқ.
35-умумтаълим мактабида 15 дақиқа ичида 26 нафар, асосан юқори синф ўқувчилари дарсларга кеч қолиб келди. Мактабдаги 652 нафар ўқувчининг 270 нафари, 38 нафар ўқитувчидан 28 нафаригина китоб мутоласига қизиқар экан. Мактабда ижро интизомига амал қилинмас экан. Бу ишга мутасадди бўлган Г.Козимжонова юқори ташкилотлардан келган хатларни рўйхатга олиш ва ижроси ҳақида умуман қизиқмас экан. Тиббиёт ҳамширасининг мактабда иш бошлаганига бир ой бўлибди-ю бирор бир маълумотни тўлиқ айтиб беролмайди.
Ўйлаймизки, ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни тугаллаш юзасидан туман халқ таълими бўлими ҳамда мактиаблар директорлари ўз сўзларини айтадилар.
М. РУСТАМОВ.