Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ЖОНКУЯР ДИЛБАРХОН АЯ

Туманимиздаги Юқори Чувама маҳалласи марказида «Дилбархон болалари» номли давлат хусусий-шерикчилик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти бошланганига ҳеч қанча вақт бўлгани йўқ. Лекин шу қисқа вақт ичида бу даргоҳ жамоаси маҳалладошларининг қалбларидан жой олиб, уларнинг миннатдорчиликларига сазовор бўлди. Бу таълим масканига келаётган тарбияланувчилар ҳам, уларнинг ота-­оналари ҳам тадбиркор аёл Дилбархон аядан беҳад ҳурсандлар.
1952 йилда Юқори Чувама қиш­лоғида таваллуд топган Дилбархон ёшлигидан ҳамма нарсага қизиқувчан, китобхонлиги билан тилларга тушган, 29-умумтаълим мактабида ўқиш давомида ўз тенгдошларига намуна бўлган эди. Отаси Камолдин ака ички ишларда меҳнати синган, онаси Қорияхон опа эса боғчада тарбиячи бўлиб ишларди. Дилбархон Иброхимжон билан турмуш қурганларидан сўнг Асакадаги мактабгача таълим билим юртига ўқишга кирди. Ундаги шижоатни кўрган ва тушунган Иброхимжон унга ҳар томонлама далда берди. Билим юртини тугаллагач, Фарғона давлат педагогика инс­титутининг тарих факультетига сиртдан ўқишга кирди. 1978 йилдан Қораёнтоқ қишлоғидаги 23-боғчада тарбиячи бўлиб иш фаолиятини бошлади.
Замона зайли билан 19-боғчага айлантирилганда унга мудиралик вазифасини ишониб топширдилар. Иш жараёнида у меҳнатсевар ва изланувчанлигини, билимини мунтазам ошириб бориши билан барчага ибрат бўлди. Кейинги йилларда Юқори Чувамада пахтачилик бригадири, сўнг пиллачилик бригадири бўлиб ишлади. Ҳар икки ишда ҳам у ғайрат ва шижоати туфайли қувонарли муваффақиятларга эришди. Сўнг колхоз раиси ўринбосари лавозимига тайинланди. Ишлаш билан бирга намунали оила бекаси ҳам бўлди. 2 ўғил ва 2 қизни одоб-аҳлоқли ва билимли этиб тарбиялаш билан бирга қайнотаси Отахон бува, қайнонаси Шарофатхон опаларнинг хизматида бўлиб, уларнинг дуоларини олди.
1984 йилдан 29-умумтаълим мактабида ўқувчиларга тарих фанидан дарс бера бошлади. 2015 йилда нафақага чиқди. Турмуш ўртоғи Иброхимжоннинг вафоти унинг қалбини ларзага келтирди. Шунда фарзандлар Холидахон, Насибахон, Насибулло ҳамда Лутфуллолар ва набиралар унга қанот бўлиб кўнглини кўтардилар.
Суҳбатимиз давомида Дилбархон ая мактабгача таълим ташкилотини бунёд этишдан кўзлаган асосий мақсади ҳақида шундай дейди:
— Собиқ иттифоқ даврида болалар боғчасида ишлаганимда армон бўлиб қолган эди. Чунки ҳаттоки дала шийпонларида, умуман шароит бўлмаган жойда болаларни тарбиялашга мажбур бўлганмиз. Мустақиллигимиз эса бизга ана шундай имкониятларни инъом этди. Бундан жуда бахтиёрман. Шу билан бирга Президентимизнинг олиб бораётган ислоҳотларига ҳамиша «лаббай» деб жавоб бераман. Мен ташкилотни янада ривожлантириш учун туманимиз мутасаддиларидан бир гектар ер беришларини сўраб мурожаат қилмоқчиман. Ўйлайманки мурожаатим беиз қолмайди.
Ҳа, Дилбархон аядек тадбиркорлар бор экан ана шундай таълим-тарбия масканлари кўпаяверади.
Маҳмуджон РУСТАМОВ.

Улашинг: