Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

МЕҲРГА БОЙ МУАЛЛИМ

Туманимиздаги Юқори Чувама маҳалласидаги инглиз, немис тили фанлари ўқитувчиси Козимжон Ўсаровни нафақат туман ва вилоятда балки Республикамиз миқёсида яхши танийдилар, десак муболаға бўлмайди. Козимжон 1958 йилда оддий деҳқон оиласида дунё­га келди. Отаси Кўрпашбой ака, онаси Ширмонхон аялар 6 нафар ўғил ва 2 нафар қизни тарбиялаб вояга етказдилар. Улар ҳар бир фарзанди одоб-аҳлоқли, ўқимишли, олий маълумотли бўлиб камол топишини таъминлаш учун астойдил ҳаракат қилдилар.
Уларнинг ҳаракатлари беиз кетмади. Фарзанд­лари ичида Козимжон 29-мактабда ўқиётганида инг­лиз тилига меҳр қўйди. Инглиз тили фани ўқитувчилари Худойберди Садирбеков ва Кенжахон Садирбековалар сабаб у бу фанни чуқур ўзлаштирди ва Андижон Давлат чет тиллар институтига кириб, уларнинг ишончини оқлади. 1981 йилда инс­титутни тугаллаб, қадрдон мактабида иш бошлади. Тез орада унинг ўқувчилари туман, вилоят фан олимпиадаларида совринли ўринларни эгаллай бошлади. Чет тили ўқитувчиси эмасми, «Байналмилал» дўстлик клуби фаолиятини намунали йўлга қўйди. 1985 йилда Москвада ўтказилган «Дўстлик» фестивалида медал билан мукофотланди. У ўз мактабида ишлаш билан бирга вилоят халқ таълими бошқармаси буйруғига асосан қўшни Пахта­обод туманидаги 31-ўрта мактабда ҳам инглиз тилидан дарс бера бошлади. Бу мактабдаги собиқ ўқувчилари ҳозирда Республикамизнинг турли нуфузли жойларида ишламоқдалар.
1998 йилда Козимжон Андижон Давлат университетининг гуманитар фанлар бўйича хорижий тиллар кафедраси мудир ўринбосари вазифасида ҳам самарали ишлар қилди. Талабалар учун бир неча ўқув қўлланмалари яратди. Укалари ҳам унинг ортидан бориб инглиз тилига меҳр қўйдилар. Улардан бири Иброхимжон Ўсаров ҳозирда фан доктори, Тошкент Давлат миллий университетида кафедра мудири. У талабаларга инглиз тили қиёсий грамматикаси бўйича сабоқ бермоқда. Укаларидан ташқари фарзандлари ҳам ўқитувчилик касбини эгаллаганлар. Улар келажагимиз ворисларига таълим ва тарбия бермоқдалар. Ўғли Эргашбой 29-умумтаълим мактабини бошқариш билан бирга ўқувчиларда тарих фанига меҳр уйғотмоқда.
500 нафардан ортиқ шогирдга эга, инглиз тили билимдонлари сулоласи бошлиғи Козимжон ака билан суҳбатимиз давомида шу нарсага амин бўлдикки, кимки ўз олдига мақсадни қаттиқ қўйиб изланса, ўқиса албатта ниятига етади. Шу билан бирга ўзи эгаллаган касбига бошқаларнинг ҳам меҳрини уйғотаолади. Нафақага чиққан бўлсада Козимжон ҳали ҳам ғайрат ва шижоатли. Мактабда эртанги кунимиз эгаларига инглиз тили фанидан шу кун талаблари асосида билим бермоқда. Биз унинг барча ишларига омад тилаймиз.

Суратда: Козимжон Ўсаров шогирдлари даврасида.

Улашинг: