«Саховатли заминимизда гўзал ҳосил байрами нишонланаётган шу файзли дамларда янги Ўзбекистон равнақи ва аҳоли фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилаётган, қадоқ қўли ва фидойи қалби билан элимизнинг ризқ-насибасини яратаётган, ўз ишининг устаси бўлган моҳир деҳқон ва фермерлар, боғбонлар, чорвадор ва пиллакорлар, сувчилар ва ирригаторлар, агроном ва механизаторлар, агрокластерларнинг раҳбарлари ва ишчи-ходимлари, деҳқон хўжалиги раҳбарлари, соҳанинг жонкуяр олимлари ҳамда мутахассисларига самимий миннатдорчилик билдираман.»
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан деҳқон ва фермерлар, аграр соҳа ходимлари, бутун халқимизга йўллаган табригидан
Ўтган ҳафтада туманимизда «Яккатут» тантаналар саройида қишлоқ хўжалик ходимлари кунига бағишланган «Ҳосил байрами» тантаналари бўлиб ўтди. Туманнинг барча фермерлари, массив раҳбарлари, пиллакорлар, қишлоқ хўжалигининг барча тармоқ раҳбарлари, етиштирилган ҳосилни йиғиб-териб олишда ўз ҳиссаларини қўшган маҳалла раис ва фаоллари, теримда жонбозлик кўрсатган фуқаролар ва мева-сабзавот маҳсулотларини етиштираётган бободеҳқонлар жами 400 нафардан зиёд туман миришкорлари иштирок этган тантанада туман ҳокими С. Исмоилов барча қатнашчиларни байрам билан қизғин қутлади ва ўзининг самимий тилакларини билдирди.
Бир пиёла чой устида ўтган тадбир ҳақиқий байрамга, байрам эса концерт шодиёналарига уланиб кетди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мирзабек Холмедов, дилга яқин қўшиқлари билан қалблардан жой олган эстрада юлдузи Адхамжон Солиев, мақом йўналиши бўйича ўз йўлига эга хонанда Бекмурод Жўраевларнинг чиқишлари тадбир иштирокчиларининг қувончларига қувонч қўшди.
Тадбир давомида самарали меҳнат қилиб мўл ҳосил яратган ва миришкор деҳқон номига сазовор бўлган қишлоқ хўжалик ходимлари муносиб тақдирландилар. Ташаккурнома ва қимматбахо совғаларни туман ҳокими С. Исмоилов ўз эгаларига тақдим этди.