КАМЧИЛИКЛАР БАРТАРАФ ЭТИЛДИ
Газетамизнинг шу йил 16 декабрь сонида чоп этилган «Ўрганишларда нималар аён бўлмоқда?» сарлавҳали мақола юзасидан туман халқ таълими бўлими мудири А. Абдукаримов имзоси билан жавоб хати олинди.
Унда билдирилишича мақола юзасидан туман халқ таълими бўлими ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш ишлари ўтказилган. Халқ депутатлари Избоскан туман Кенгаши томонидан тузилган ишчи гуруҳининг мактаблар фаолиятини ўрганганларида аниқланган камчиликлар бартараф этилган.
Жумладан 17-умумий ўрта таълим мактабида иситиш тизими, қозонхоналар ҳолати ва ўқув хоналари иссиқлиги талаб даражасида. 9-«Б» синфдаги 6 нафар ўқувчига машқ дафтарлари тутқазилган. Она тили фани ўқитувчиси П. Деҳқоновага ўқувчиларнинг дафтар юритишларини мунтазам назорат қилиб бориш тушунтирилган. 1983 йилда қўйилган линеолумларнинг яроқлилик муддати тугаганлиги сабабли бу борада туман халқ таълими бўлимига маълумот берилган. Ҳозирда боридан имконият даражасида таъмирланиб фойдаланилиб келинмоқда. Она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Ф. Ғофурова электрон тизимда дарс ишланма тайёрлаган. Келган хатларни рўйхатга олиш ва уларнинг ижроси бўйича қайд қилиш дафтари амалдаги тартиб асосида юритилиши таъминланган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев томонидан илгари сурилган беш ташаббус йўналиши бўйича намунали ишлар ташкил қилинди. Ёшлар етакчиси Х. Холмонов томонидан охирги ўтказилган тадбир ахбороти расмийлаштирилган.
35-умумтаълим мактабида ўрганиш кунида аниқланган 26 нафар юқори синф ўқувчиларининг дарсга кечикиб келиши юзасидан синф раҳбарлари ва ота-оналар билан тушунтириш ишлари олиб борилган. Ўқитувчи ва ўқувчиларнинг мактаб кутубхонасига аъзо бўлишлари таъминланган. Ижро интизоми ва мактаб ҳамшираси йўналиши бўйича ҳам маълумотлар тартибга солинган.
Шунингдек, 45-умумтаълим мактабида алгебра фани ўқитувчиси З. Абдураззоқова, мактаб ҳамшираси У. Мамасиддиқова, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари М. Абдуолимова, 3-«А» синф ўқитувчиси Л. Сиддиқовалар иш фаолиятидаги аниқланган камчиликлар бартараф этилган. Ижро интизоми бўйича «Ишга келиш ва кетиш» дафтари тартибга солинган.
Халқ депутатлари Избоскан тумани Кенгаши депутатларидан таркиб топган ишчи гуруҳининг ўрганишлари умумтаълим мактабларидаги айрим камчиликларни бартараф этишга ёрдам бераётгани йўлланган жавоб хатида ўз аксини топган. Зотан ўрганишлардан кўзланаётган мақсад ҳам шу. Келажагимиз ворисларининг комил инсон бўлиб таълим олишлари ва тарбия топишларига амалий кўмак беришдир.