Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш ҳар ўн йилда ўтказилади

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 16 март куни “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон РеспубликасинингҚонуни имзоланди. Мазкур Қонун, аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги муносабатларни ҳар томонлама тартибга солувчи илк бор қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжат сифатида Ўзбекистон тарихидан ўрин олди. Чунки шу вақтгача бу соҳада қонунчилигимизда ҳеч қандай ҳужжат йўқ эди.

Қонун,ЎзбекистонРеспубликаси Президентининг 2019 йил
5 февралдаги “ЎзбекистонРеспубликасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”гиПФ-5655-сонФармонига мувофиқ ишлаб чиқилди.

Қонунни ишлаб чиқишда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти
ва Европа статистиклари конференциясининг аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича асосий тамойиллари ва тавсияларидан асос сифатида фойдаланилди.Шунингдек, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Осиё ва Европа мамлакатлари, жумладан, Россия Федерацияси, Беларусь, Украина, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Буюк Британия, Франция, Германия, АҚШ, Канада ва бошқа давлатларнинг ушбу соҳадаги тажрибалари ўрганилиб, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланилди.

Қонун бешта боб ва ўттиз бир моддадан иборат бўлиб, ундақонуннинг мақсади, асосий тушунчалар, аҳолини рўйхатга олишнинг вазифалари ва принциплари ёритиб берилган. Асосий принциплардан бири сифатида даврийлик принципи, яъни аҳолини рўйхатга олиш ўн йилда камида бир марта ўтказилиши ҳамда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисидаги қарор, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилиниши белгилаб қўйилган.

Аҳолини рўйхатга олиш жараёнида, шахсга доир маълумотлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга олиш варақлариасосида ҳар бир респондент учун якка тартибда тўлдирилади, яъни рўйхатга олувчи шахслар томонидан уйма-уй юриб, ҳар бир респондент учун алоҳида тўлдирилади.

Яна бир муҳим принциплардан бири, бу шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги бўлиб, бунда аҳолини рўйхатга олиш жараёнида йиғилган шахсга доир маълумотлар махфий ҳисобланиши, улар респондентнинг розилигисиз ошкор этилмаслигива тарқатил-маслиги қатъий белгилаб қўйилган.

Қонунда респондент тушунчасига ҳам аниқлик киритиб кетилган, яъни респондентлар – аҳолини рўйхатга олиш санасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи, лекин аҳолини рўйхатга олиш санасида унинг ҳудудидан ташқарида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳам респондент ҳисобланиши ёритиб ўтилган.

Шунингдек, Қонунда,аҳолини рўйхатга олишни тартибга солиш соҳасида давлат бошқаруви, махсус ваколатли давлат органи, рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича Республика комиссияси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари, аҳолини рўйхатга олишда иштирок этувчи респондентларва рўйхатга олувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тартиби,тадбирларни молиявий таъминлаш асослари белгилаб берилган.

Республикамизда 2023 йилда илк бор аҳолини
рўйхатга олиш ўтказилади

Маълумки, БМТнинг 2015 йил 10 июндаги “2020 йилда аҳоли
ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар
ва тавсиялар” резолюцияси қабул қилинган ва унга асосан, БМТга аъзо давлатлар ҳар ўн йилда камида бир марта аҳолини рўйхатга олишни ўтказиши белгилаб қўйилган. Айни пайтда, МДҲ давлатларида бу жараёнга тайёргарлик бошланган. 2019 йилнинг октябрь ойида Озарбайжон ва Беларусь давлатларида аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказлди. Жорий йилда Арманистон, Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларида мазкур тадбирни ўтказиш режалаштирилган.

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида ҳали бирор марта аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Ушбу тадбир сўнгги бор собиқ иттифоқ даврида 1989 йилда ўтказилиб, ўша пайтда юртимиз аҳолиси
19,7 миллион кишини ташкил этган.

Амалдаги жорий ҳисобга кўра, 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра республикамиз доимий аҳолиси сони 33 905,8 минг кишини ташкил этиб, шундан шаҳар аҳолиси сони 17 118,4 минг кишини (жами аҳоли сонига нисбатан 50,5 %), қишлоқ аҳолиси сони 16 787,4 минг кишини (49,5 %) ташкил этади.Жами аҳолимизнинг 50,2 % ни эркаклар (17036,1 минг киши), 49,8 % ни аёллар (16869,7 минг киши) ташкил этади.

2019 йил давомида республика бўйичатуғилганболалар сони
815,9 минг нафарни, вафот этганлар 155,0 минг кишини ташкил этган.

Республика ҳудудлари кесимида, 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра энг кўп аҳоли сони Самарқанд вилоятида 3878,0 минг кишини (республика жами аҳолиси сонидаги улуши 11,4 %), Фарғона вилоятида 3752,0 минг кишини (11,1 %) ва Қашқадарёвилоятида3280,1мингкишини(9,7 %)ташкил этди.

2020 йил 1 январь ҳолатига кўра ҳудудлар бўйича
доимий аҳоли сони, минг киши

 

Бироқ, аҳолининг жорий ҳисоби бўйича мавжуд маълумотлар аҳоли сони, яшаш шароити, маълумоти, бандлиги, ёш-жинс таркиби, миллат таркиби, республика ҳудудида аҳолининг жойлашуви ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликлар тўғрисида аниқ хулоса
ва таҳлиллар қилишга етарлича имконият бермаяпти.

Шу муносабат билан, мамлакатимизда ана шундай муҳим тадбирни 2023 йилда илк бор ўтказишга қарор қилинди. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасиинг  2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
710-сон қарори ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

 

Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш натижалари
нима беради?

Аҳолини рўйхатга олиш – Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг муайян ҳудудларида ўтказиладиган, белгиланган санада аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий тавсифларини белгиловчи, шахсга доир маълумотларни йиғиш ва уларга ишлов бериш ҳамда якуний маълумотларни тарқатиш ва фойдаланишнинг даврий жараёни ҳисобланади.

Аҳолини рўйхатга олишнинг асосий мақсади мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш прогнозларини ишлаб чиқиш, демографик кўрсаткичларни ҳисоблаш ва прогнозлаш, меҳнат ресурслари жойлашуви ва улардан фойдаланишни ўрганиш ҳамда илмий тадқиқотлар олиб бориш учун аҳоли тўғрисида ишончли
ва холис ахборотларни олиш ҳисобланади.

Аҳолини рўйхатга олишнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

— аҳолининг соғлиғини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва болалар учун шарт-шароитларни яхшилаш, оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича чораларни ишлаб чиқиш мақсадида, аҳоли таркибидаги, демографик вазиятдаги ўзгаришларни баҳолашга доир маълумотлар базасини кенгайтириш;

— шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, меҳнат ресурсларини жойлаштириш ҳамда улардан фойдаланишнинг узоқ, ўрта ва қисқа муддатли прогнозлари ва дастурларини тайёрлаш;

— аҳолини рўйхатга олишдавриоралиғидаги аҳоли сони
ва таркибининг жорий ҳисобини, ҳисоб-китобларини ҳамда прогнозларини амалга ошириш;

— ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича илмий тадқиқотларни амалга ошириш.

Аҳолини рўйхатга олиш қандай амалга оширилади?

Мазкур жараён уч босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич, тайёргарлик босқичи бўлиб, 2-3 йилга яқин вақт давом этади.

Тайёргарлик жараёнидаги энг муҳим масала, аҳолини рўйхатга олишда фаол иштирок этиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, реклама роликлари, логотип ва шиорлар ишлаб чиқиш ҳамда бошқа шу каби тадбирлар амалга оширилади.

Яна бир муҳим вазифалардан бири бу –шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг схематик режаларини ва маъмурий туманлар хариталарини тайёрлаш ҳамда аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузиш ҳисобланади. Бунда маҳалла, қишлоқ ва овулларнинг чегаралари, кўчаларда ном белгиларининг ўрнатилганлиги, турар
ва нотурар жойларнинг аниқ сони ҳамда уйларнинг рақамланганлиги аниқлаштириб олинади.

Тайёргарлик босқичида аҳолини рўйхатга олиш билан боғлиқ ҳужжатлар, жумладан, рўйхатга олиш варақалари, рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилиш методологияси ишлаб чиқилади.

Шунингдек, рўйхатга олувчиларни танлаш ҳам энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Чунки маълумотларнинг тўғрилигига бевосита айни улар масъул бўлади ва шакллантирилган маълумотлар реал бўлиши шарт. Бу жараёнга ҳар хил ёшда ва касбда бўлган шахслар жалб этилиши мумкин. Биринчи навбатда, Давлат статистика қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари ходимлари, олий таълим муассасалари ўқитувчилари ва юқори босқич талабалари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқитувчилари, шунингдек, бошқатоифадаги шахслар ҳам, улар мазкур жараёнда иштирок этишга рози бўлган тақдирда, жалб қилиниши мумкин.

Давлат статистика қўмитаси томонидан туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда жойларда рўйхатга олувчи ходимларни ўқитиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади ва зарурат туғилса, уларга қўшимча маслаҳатлар берилади.

Иккинчи босқич, асосий босқич бўлиб, бу тахминан 10-60 кунгача давом этади. Бунда бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва аҳолини рўйхатга олиш материаллари топширилади.

Мамлакатимизда 2023 йилда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбири анъанавий усулда, яъни рўйхатга олувчи шахслар томонидан ҳудудларда уйма-уй кирган ҳолда,юзма-юз суҳбат асосида, қоғоз шаклидаги рўйхатга олиш варақаларини тўлдириш орқали амалга оширилади.

Учинчи босқичмуддати қарийб икки йилгача бўлиб, рўйхатга олиш жараёнида тўпланадиган статистик маълумотлар ягона электрон ахборотлар тизимига киритилиб, маълумотлар кодлаштириш ёрдамида таҳлил қилинади ва натижалар эълон қилинади.

Амалдаги меъёрий ҳужжатларга биноан, якуний маълумотларни уч тилда эълон қилиниши кўзда тутилган. Чора-тадбирлар дастурига асосан 2025 йил 1 декабрига қадар аҳолини рўйхатга олиш натижалари расман чоп этилади ва эълон қилинади ҳамда аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки ва якуний маълумотлари архивда сақлаш учун тайёрланади.

Аҳолини рўйхатга олиш қайси манбалар
ҳисобидан молиялаштирилади?

Чет эл давлатлари тажрибасидан маълумки, аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш кўп меҳнат ва маблағ талаб этади. Бунинг учун тадбирни молиялаштириш манбаларини аниқлаштириб олиш ҳам муҳим масалалардан бири ҳисобланади.

Юртимизда 2023 йилда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини молиялаштириш,Ўзбекистон Республикасида
аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясига мувофиқ,Давлат бюджети маблағлари ва қонун билан таъқиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

Молиялаштириш учун зарур маблағлар ҳажми Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва бошқа масъул идоралар
ҳисоб-китоблари асосида, шунингдек, тендер савдолари ва тендер ҳужжатларини расмийлаштириш натижалари бўйича аниқланади.

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга, унинг материалларини қайта ишлашга, натижаларини олиш ва эълон қилишга жалб этилган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш махсус ишлаб чиқилган ва тасдиқланган нормативлар асосида амалга оширилади.

Маълумот тариқасида, 2010 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш тадбирларига сарфланган харажатлар қиймати ўртача аҳоли жон бошига Тожикистонда 1,31 АҚШ долларини, Қирғизистонда
1,12 АҚШ долларини, Озарбайжонда 1,03 АҚШ долларини, Молдовада
2,15 АҚШ долларини, Россия Федерациясида 3,81 АҚШ долларини ташкил этган.

 

Улашинг: