Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида шундай жумлалар бор: “Эл-юртимиз биз бошлаган халқчил ислоҳотларга бугун хайрихоҳлик ва қатъий ишонч билан қараб, уларнинг ҳосили ва самарасини тезроқ кўришни истамоқда. Ана шу ҳақли талабни инобатга олган ҳолда, биз Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқиб, сайлов жараёнида уни ўзига хос умумхалқ муҳокамасидан ўтказдик. Бу муҳим концептуал ҳужжатда ислоҳотларимизнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилди. Биз ушбу стратегияда юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини энг олий қадрият этиб белгиладик. Таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб беради. Биз бундан буён фаолиятимизни “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида ташкил этамиз”.
Дарҳақиқат, 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида яқин ва ўрта истиқболда мамлакатимизнинг ривожланиш тенденциялари қандай бўлиши, бу борадаги устувор вазифалар белгиланган. “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосида ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Жорий йил 22 январь куни Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни жорий йилда амалга ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президентимиз, инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмаслигига, инсон қадри” деганда, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни, ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб бериш назарда тутилаётганини, бу мақсадга эришиш учун дунёдаги ноёб демократик тузилма бўлган маҳалла институти имкониятларидан самарали фойдаланиш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, пировард натижада маҳаллани жамиятимизнинг ҳал қилувчи бўғинига айлантириш бош вазифа эканлигини таъкидлади. Зеро, “Маҳалла тинч бўлса, юрт тинч бўлади. Маҳалла обод бўлса, бутун мамлакат обод бўлади”, – деди давлатимиз раҳбари.
Чиндан ҳам юртдошларимиз учун мамлакатнинг хоҳлаган ҳудудида эмин-эркин яшаш, уй-жой ва кўчмас мулк сотиб олиш, фуқароликка эга бўлиш, эркин ва мустақил билим олиш, меҳнат қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланиб, даромад топиш, турли давлат хизматларидан фойдаланишга оид кенг имкониятлар яратилгани хайрли ва буюк мақсад йўлида дадил қадам ташланаётгани ифодасидир. Энг муҳими, бундай ўзгаришларни ҳар бир инсон кундалик ҳаётида кўрмоқда, ҳис этмоқда.
Мамлакатимизда ижтимоий муаммоларни бартараф этиш мақсадида жорий этилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш тизимлари дастлабки ижобий натижасини бераётганини таъкидлаш лозим. Айниқса, фахрийларимиз, хотин-қизлар, ёшлар, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, давлат ва шахс, жамият ва инсон муносабатларида ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган бир қатор тамойилларнинг илгари сурилиши ва улар мамлакатимизнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларида энг муҳим ўрин тутиши Янги Ўзбекистонда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида бундан буён тутадиган позициясини дунё ҳамжамияти тан олишига замин яратди. Бунга мажбурий меҳнат(жумладан, болалар меҳнати)нинг ҳар қандай кўринишларига барҳам бериш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари билан манзилли ишлаш, таълим ва тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар, аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш борасидаги кенг кўламли бунёдкорлик ва ўз турар-жойига эга бўлмаган оилаларга давлат томонидан ссудалар ажратилиши–буларнинг ҳар бирига биргина Бухоро вилоятининг ўзидан юзлаб мисоллар келтириш мумкин.
Бугун мамлакатимиз Президенти томонидан белгиланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига кўра, Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича олдимизда турган вазифалар кўлами жуда кенг. Биринчи навбатда, иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлашимиз керак. Келгуси 5 йилликда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 73,5 триллион сўмга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 40,8 триллион сўмга, қурилиш–пудрат ишлари ҳажмини 13,8 триллион сўмга, қишлоқ хўжалиги ҳажмини 52,1 триллион сўмга ҳамда хизмат кўрсатиш ҳажмини 57,1триллион сўмга етказиш мақсад қилинган.
Яқин йиллар давомида шаҳар ва туманларимизда 33 минг 126 та янги тадбиркорлик субъектини ташкил этиш, аҳоли даромадларини ошириш, шу орқали камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш мақсадида 280 мингта янги иш ўрнини яратиш, бу даврда 8 миллиард АҚШ долларилик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш саъй-ҳаракатига киришилмоқда. Бу билан 95,4 триллион сўмга тенг бўлган 5 мингта лойиҳа ишга туширилади.
Яна бир қўл урилаётган муҳим янгилик: вилоятда электр энергияси ишлаб чиқариш манбалари мавжуд эмаслиги, саноатни, кичик ва ўрта корхоналарда барқарор ишлаб чиқаришни таъминлаш, аҳолининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондириш учун барқарор электр ишлаб чиқариш қувватлари кераклиги сабабли вилоятда 1,7 миллиард АҚШ доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобидан, 4 та шамол, қуёш ва иссиқлик электр станцияларини барпо этилади. Бу станциялар йилига 6,3 миллиард кило-ватт соат ёки вилоят эҳтиёжига нисбатан икки баробар кўп электр энергияси ишлаб чиқаради.
Улардан бири Туркиянинг “Aksa Enerji” компанияси томонидан Бухоро туманида қурилган, қуввати 270 МВт бўлган газ-поршенли иссиқлик электр станциясининг илк қурилмаси Янги йил кунлари ишга туширилди. Ушбу иссиқлик электр станцияси Бухоро вилоятида биринчиси ҳисобланади. Станция йилига 2,2 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради.Лойиҳа қурилмаларининг фойдали иш коэфициентининг юқорилиги ҳисобига йиллик 260 миллион метр куб табиий газ тежалади. Тежалган табиий газга қўшимча 900 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкони яратилади, бунинг натижасида (ушбу 900 миллион киловатт-соат электр энергияси билан) 450 минг хонадон электр энергияси билан таъминланади.
Президентимизнинг 2021 йил 4 мартдаги ПҚ-5018-сон қарорига мувофиқ давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида амалга оширилган ушбу инвестиция лойиҳаси қурилиши давомида 500 нафар ишчи-ходимлар фаолият юритган бўлса, лойиҳа ишга тушиши натижасида туманда 100 нафар янги иш ўрни яратилди.
Шунингдек, вилоятда қурилиш материалларини ривожлантириш мақсадида Қоровулбозор ва Пешкў туманларида қурилиш материаллари кластерларини ташкил этиш орқали умумий қиймати 10 триллион сўмга тенг бўлган 282 та лойиҳа амалга оширилади. Чарм саноатида тери ва жунни қайта ишлаш қамрови 70 фоизга етказилиши кўзга тутилган.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида келгуси беш йилда 110 та қишлоқ ва 20 та маҳаллани ободонлаштириш ишларига бюджетдан 2,1 триллион сўм маблағ ажратилмоқда. Урбанизация дастури ҳамда аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида 611 та жами 18 мингдан ортиқ хонадонли, кўп квартирали уй-жойлар қурилади.
Бухоро шаҳрининг 2040 йилгача бўлган даврга мўлжаланган бош режасини амалиётга татбиқ этиш ҳисобига Бухоро шаҳар ҳудуди атрофдаги туманлари ҳисобидан 3,5 минг гектарга кенгайтирилади.
Вилоятда 2022-2026 йилларда ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида 200 минг гектар оборотдан чиққан ерлар фойдаланишга қайтарилмоқда. Аҳоли хонадонларидаги жами 5 минг гектар майдонда иссиқхоналар қуриб бериш ишларига киришилган ҳамда 15 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерлари аҳолига ижарага берилаётгани ҳам жойларда йиғилиб қолаётган ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш имконини беради.
Вилоятга келгуси беш йилда хорижий ва маҳаллий сайёҳлар оқимининг ошишини инобатга олиб, 2026 йилга қадар жами меҳмонхоналар сонини 679 тага етказиш белгиланган. Негаки, 2026 йилга бориб вилоятга ташриф буюрувчи хорижий ва маҳаллий туристлар сони 5,1миллион нафарга етади. Шу боисдан хорижий ва маҳаллий туристлар сонини ошириш, уларнинг вилоятда бўлиш муддатларини узайтириш мақсадида 2022-2026 йиллар давомида 60 та янги туристик йўналишлар ташкил қилинмоқда.
Вилоятнинг туризм салоҳияти юқори бўлган шаҳар-туманларида 7 та “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” ва “Туризм кўчаси” ташкил этилмоқда. Сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида жами 27 та авиақатновлар (шундан 3та маҳаллий: Бухоро – Фарғона, Бухоро – Самарқанда, Бухоро – Термиз, 24 та хорижий йўналишда ташкил этилиши мўлжалланмоқда.
Бухоро вилоятидаги 7 та Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган ҳамда тарихий бойлигимиз бўлган 800дан зиёд маданий объекти босқичма-босқич реставрация қилинади. Шу билан бирга “Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали” ҳамда навбатдаги “Халқаро мақом санъати фестивали” вилоятимизда ўтказилади.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 11 мартдаги “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонини олсак, бу ҳужжат йиллар давомида умид билан яшаётган минглаб инсонлар қалбига ишонч туйғусини олиб кирди.
Мазкур Фармон асосида аҳолининг уй-жой ва яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида 2021 йилда жами 77 та 2 минг 280 та хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши ниҳоясига етказилиб, ўз эгаларига топширилмоқда. Жумладан, якунланган йилда 44 та кўп қаватли 1 минг 380 та уй-жой (шундан, шаҳар жойларида 15 та 7 қаватли 600 та уй-жой ва қишлоқ жойларида 29 та 5 қаватли 780 та хонадон)ни қуриш ишлари якунланмоқда. Замонавий қиёфадаги мазкур уйларнинг 1 минг 790 нафар уй-жойга муҳтож фуқароларга берилаётгани ҳам юқоридаги фикримиз далили. Эътиборлиси, мазкур уй-жойларни харид қилишда давлат бюджетидан ипотека кредити дастлабки бадалининг бир қисмини қоплаш учун 92 миллиард сўм субсидия ажратилмоқда. Қолаверса, “Қишлоқ қурилиш инвест” буюртмачилигида туманларда 33 та 5 қаватли 900 та хонадонига эга уй-жой қурилаётган бўлиб, мазкур уйларда ҳам қурилиш ишлари ниҳояланмоқда.
Бир сўз билан айтганда, бу саъй-ҳаракат ва бошланган хайрли ишлар аввало инсон омили учун хизмат қилади. Президентимиз берган топшириқ ва кўрсатмалардан келиб чиқиб, Давлат дастурининг ижросини ўз вақтида ва сифатли тарзда тўлиқ бажарилиши Янги Ўзбекистонда инсон қадри янада улуғланиши йўлидаги тарихий қадам бўлиб, бу ўз навбатида мамлакатимиз имижини кўтариши, инвестициявий жозибадорлигини таъминлаши ва халқаро майдонда юртимиз ўз сўзига эга бўлишини таъминлаши шубҳасиз.
Ботир Зарипов,
Бухоро вилояти ҳокими
Олий Мажлис Сенати аъзоси
UzAdan olindi