Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби томонидан Андижон вилояти маъмурий суди судьялари учун “Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Халқаро юристлар комиссияси ташкилотининг экспертлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда суд амалиётида юзага келадиган саволлар кун тартибига қўйилди.
Маълумки, Судьялар олий мактаби хорижий давлатларнинг судьяларни ўқитишга мўлжалланган таълим муассасалари ҳамда халқаро ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатган. Ана шу саъй-ҳаракатлар самараси сифатида айни кунга қадар йигирмадан ортиқ халқаро тадбирлар, жумладан, конференция, семинар, давра суҳбати ҳамда тренинглар ташкил этилди. Мазкур тадбирлардан пировард мақсад битта: мамлакатда фаолият кўрсатаётган судьяларнинг билим ва малакасини ошириш ҳамда одил судловга эришиш даражасини юксалтириш. Бир қатор вилоятлар, жумладан, Андижонда ўтказилган давра суҳбатлари ҳам айни мақсаддаги фаолиятнинг мантиқий давомидир.
Тадбирда “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги Минск Конвенцияси, “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги Кишинёв Конвенцияси, “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциялар, “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси” ҳамда икки томонлама давлатлараро келишувларнинг аҳамияти, шунингдек, Минск ҳамда Кишинёв Конвенцияларининг ўзаро фарқланувчи жиҳатлари ҳамда уларни амалиётда қўллаш тартиблари муҳокама марказида бўлди.
Мулоқотларда гендер тенглик масалалари, бу борадаги халқаро стандартлар ва хорижий тажрибалар хусусида ҳам сўз юритилди.
Давра суҳбатида Судьялар олий кенгаши билан ҳамкорликда тайёрланган “Халқаро ҳуқуқ нормаларининг судлар томонидан қўлланилиши” номли амалий-услубий қўлланманинг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам маълумотлар берилиб, иштирокчиларни қизиқтирган масалалар бўйича фикр алмашилди.