Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

CАВОЛ БЕРИНГ ЖАВОБ БЕРАМИЗ

   Савол: Ёшим 37 да. 2020-йил қурилишда ишлаб юрган пайтимда 2-қаватдан тушиб кетиб ногирон бўлиб қолганман. Операция қилиб, чап оёғимни кесишган. Шу сабабли хеч қаерда ишлай олмайман. Менга давлат томонидан қандайдир ёрдам пули тўланадими?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг 1993-йил 3-сентябрда қабул қилинган “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 15-моддасида ногиронлик пенсиялари қонунчиликда белгиланган тартибда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар деб топилган шахсларга, шунингдек Чернобил АЕСдаги авария туфайли майиб бўлиш ёки касаллик оқибатида III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар деб топилган шахсларга тайинланиши белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011-йил 7-апрелдаги 107-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат пенсияси тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган шахсларга, ёшидан қатъи назар, иш стажига эга бўлмаган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамда болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) оналарга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 9-бандида ногиронлик нафақаси ногиронлик содир бўлган ҳолларда, ёшидан қатъи назар, иш стажига эга бўлмаган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга тайинланиши ва тўланиши таъкидланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17-февралда қабул қилинган  “Ногиронлиги бўлган шахсларни хамда ахолининг ижтимоий химояга мухтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-74-сондли Фармонига мувофиқ, 2022 йил 1-апрелдан бошлаб, мехнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси хамда иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори қўшимча тўловни хисобга олган холда – 440 000 минг сўмдан 622 000 сўмгача оширилмоқда.

Хулоса: Сизга танловингизга мувофиқ, ногиронлик пенсияси ёки ногиронлик нафақаси меҳнат қилиш жараёнида майиб бўлганлигингиз сабабли  иш стажидан қатъий назар юқорида белгилаб қўйилган миқдорда тайинланади ва тўлаб борилади. Бунинг учун сиз яшаш жойингиздаги туман Давлат хизматлари марказига мурожаат қилишингиз лозим.

 

Савол: Қизим турмушидан ажрашганидан сўнг, кўп ўтмай вафот этган. Набирам биринчи гуруҳ ногирони. Ёши 14да. Суд қарори билан  уни васийликка олганман. Моддий жихатдан анча қийналиб қолдик. Бизга давлат томонидан ижтимоий таъминот ажратиладими ва қаерга мурожаат қилсам бўлади?

Жавоб:  Ногиронлик нафақаси олиш ҳуқуқига тиббий хулоса мавжуд бўлган тақдирда ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болалар эга ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17-февралда қабул қилинган  “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда ахолининг ижтимоий ҳимояга мухтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПФ-74-сондли Фармонига кўра, 2022 йил 1-апрелдан бошлаб, ўзгалар парваришига мухтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига хар ойда 500 000 сўм миқдорида нафақа тўлови (парваришлаш нафақаси) жорий этилади (илгари фақат боланинг ўзи учун бериларди). Бунда парваришлаш нафақасини тўлаш ва етказиб бериш харажатлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Хулоса: Парваришлаш ва ногиронлик нафақалари фуқароларнинг Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига қилган мурожаатлари асосида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тайинланади ва тўланади.

Умиджон Обиджонов,

         Андижон вилояти Асака тумани

 адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси

Улашинг: