Муҳаммад Юсуф
Дўппи киймай қўйди одамлар
Дўппи киймай қўйди одамлар,
Бир шоир, бир носирдан бошқа.
Сочлар силлиқ,
Силлиқ қадамлар,
У оғирлик қиляпти бошга…
Рост дўппилар,
Ёлғон дўппилар,
Киноларда қолғон дўппилар.
Чуст дўппилар,
Анжон дўппилар,
Мунчоқдек Марғилон дўппилар…
Дўппи киймай қўйди одамлар,
Бир шоир, бир носирдан ўзга,
Мен ҳам сизга бердим саволлар,
Шляпамни бостириб кўзга.
Дўппи киймай қўйди одамлар,
Кўнгил эса кўрмоқ тусайди.
Маданият гуллаган дамлар,
Каллага эътибор сусайди.
Дўппи киймай қўйди одамлар,
На уйда ва на кўчада.
Миртемирлар, Ғафур Ғуломлар
Ечган дўппи қолди токчада…
Бу қандайин кўргулик савдо,
Дўппи киймай қўйди халойиқ.
Бошга лойиқ дўппи йўқдир ё —
Бош қолмади дўппига лойиқ.
Избоскан туманидаги 1-сон Касб-ҳунар мактабида ёшларни юртга садоқат, маданий меросга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга, уларни оммавий маданиятнинг салбий иллатлари таъсиридан ҳимоя қилишга бағишланган турли тадбирлар, давра суҳбатлари, адабий-бадиий кечалар кўплаб ўтказилмоқда. Бу эса мактабда таълим ва тарбия олаётган ёшларнинг комил инсон бўлиб етишишларида муҳим омил бўлмоқда.
Яқинда касб-ҳунар мактабида «Дўппи кийсам ярашар менинг бошимга» номли «ДЎППИ САЙЛИ» бўлиб ўтди. Тадбир давомида Миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз, бир сўз билан айтганда миллийлигимиз ўзбеклигимиздан, ўзига беклигимиздан далолатлиги, бу бошда кийган дўппимизда ҳам ўз аксини топиши йигит ва қизларнинг чиқишларида ўз исботини топди. Дўппи кийган бундай халққа эса байрамлар, айниқса, сайллар, меҳмондўстлик ярашиши эса табиийдир.
Суратларда 1-сон касб-ҳунар коллежида ўтказилган «Дўппи сайли» тадбиридан.
О. Исломова, М. Рустамов.
Бу мақола Ўзбекистон Республикаси Андижон вилояти Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг “ОАВлари билан ҳамкорликда ёшларни юртга садоқат, маданий меросга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга, уларни оммавий маданиятнинг салбий иллатлари таъсиридан ҳимоя қилишга кўмаклашиш” давлат гранти асосида тайёрланди.