Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

СУВ РЕСУРСЛАРИНИ БОШҚАРИШ ТАКОМИЛЛАШАДИ

Президентнинг 01.03.2022 йилдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш ҳамда сув истеъмолчилари орасидаги муносабатларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-145-сон қарори қабул қилинди.

Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқаришнинг устувор йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланди:
• қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчилар ва аҳоли томорқаларини сув ресурслари билан ишончли таъминлаш;
• ирригация тизимлари ва суғориш тармоқларининг ҳамда улардаги гидротехника иншоотларини доимий техник соз ҳолатда ушлаб туриш;
• йирик қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларни ўз ҳудудида сувни бошқариш ва тақсимлаш ишларига жалб қилиш;
• иқтисодиёт тармоқларини сув билан таъминлашга оид давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш бўйича ДХШ тамойилларини кенг жорий этиш;
• сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини инсон омилига минимал равишда боғлиқ бўлган автоматлаштирилган тизимлар орқали юритиш.

Ҳужжат билан қуйидаги тартиблар белгиланди:
• қишлоқ хўжалиги ерлари ўз ҳисобида мавжуд бўлган кластерларга ўзларига тегишли майдонлардаги барча сув хўжалиги объектларини ДХШ тамойиллари асосида бошқарувга бериш;
• мева-сабзавотчилик ҳамда шоличиликка ихтисослашган туманлар сув хўжалиги объектлари бошқарувига ДХШ тамойиллари асосида хусусий секторни жалб қилиш;
• қишлоқ хўжалиги суғориладиган ерларида фаолият кўрсатаётган сув истеъмолчилари ва туман ирригация бўлимлари ўртасида сув етказиб бериш ва сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш бўйича тўғридан-тўғри шартнома тузиш.

Сув хўжалиги объектлари ДХШ тамойиллари асосида берилганда, уларни ўз бошқарувига олган хусусий корхоналар хизмат кўрсатиш ҳудудида:
• мавжуд бўлган барча сув хўжалиги объектларини мустақил бошқаради;
• деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларини белгиланган тартибда сув олиш лимити доирасида сув билан таъминлайди;
• сув ҳисоби ва ҳисоботининг тўлиқ юритилишини таъминлайди ҳамда бу жараёнга автоматлаштирилган тизимларни жорий қилади;
• хизмат кўрсатиш ҳудудидаги барча сув хўжалиги объектларининг босқичма-босқич модернизациясини таъминлайди.

Бунда, бириктирилган ҳудуддаги сув хўжалиги объектларининг эксплуатация харажатлари учун Давлат бюджетида назарда тутиладиган маблағларнинг бир қисми хусусий шерикка тўлаб берилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 02.03.2022 йилдан кучга кирди.

А.Зухридинов

Избоскан туман юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти

Улашинг: