Мустақиллик йилларида кўп миллатли республикамизда фуқаролараро тинчлик, барқарорлик ҳамда миллатлараро тотувлик муносабатларининг сақланганлиги Ўзбекистоннинг ўзига хос тараққиёт йўлидан ривожланишида қўлга киритилган катта муваффақиятлардан биридир. Чунки 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайдиган Ўзбекистонда жамиятни тубдан янгилаш, бир ҳолатдан яна бир ҳолатга ўтказиш осонликча кўчмайди. Мамлакатимизда истиқлол қўлга киритилган дастлабки кунларданоқ миллатлараро тотувлик ва барқарорликни таъминлаш асосий масалалардан бири бўлиб турди. Бундай пайтда давлат сиёсати изчил ва ҳаққоний бўлиши лозим1.
Маълумки, миллатлараро тотувлик ғояси умумбашарий қадрият бўлиб, турли хил халқлар биргаликда истиқомат қиладиган минтақа ва давлатлар миллий тараққиётини белгилайди, шу жойдаги тинчлик ва барқарорликнинг кафолати бўлиб хизмат қилади.
Республикада асосий миллат – ўзбеклар билан бирга турли хил миллат ва элат вакиллари бир тан, бир жон бўлиб ўзаро аҳилликда иқтисодий, сиёсий, маънавий соҳаларда юз бераётган ижобий ўзгаришларда ўзларининг муносиб ҳиссалари билан қатнашиб фаоллик кўрсатмоқда. Улар мамлакат аҳолиси умумий таркибининг 22 фоизини ташкил этади2.
Кўп миллатли республикамизда ана шу этник гуруҳлар ва миллатлар ўртасидаги муносабатларни уйғунлаштириш мустақил миллий давлатчилик қарор топаётган даврда айниқса муҳим аҳамият касб этади. Бу муносабатларнинг илдизи жуда узоқ ўтмиш даврларга бориб тақалади, уларни уйғунлаштириш ҳамма вақт ҳам қийин кечган. Бу соҳадаги муаммоларни ҳал қилмаслик оғир оқибатларни юзага келтириши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев таъкидлаб қайд этганидек: “Мустақиллик йилларида мамлакатимизда миллатлараро муносабатлар ривожида янги босқич бошланди. Бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва фуқаролараро ҳамжиҳатлик ва тотувлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни шу асосда, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди”3.
Мамлакатимиз раҳбарияти миллий масалани оқилона, қонун йўли билан ҳал қилишга, миллатлараро можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш чораларини кўрди. Бу борада ҳукумат энг аввало Конституциявий талаблар асосида иш тутди. Аҳолининг барча табақаси ва турли миллат вакиллари диққатини бир нуқтага қаратди. Қонун олдида ҳаммани тенг қилиб қўйди. Ҳар бир фуқаро қалбида ягона замин, ягона макон, ягона Ватан учун жавобгарлик ҳиссини кучайтирди.
Ўзбекистон Конституциясининг муқаддима қисмида «Ўзбекистон халқи: фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида ўзининг мухтор вакиллари сиймосида Ўзбекистон Республикасининг мазкур Конституциясини қабул қилади», — деб ёзиб қўйилган.
Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий барқарорликни сақлашнинг асосий ва энг муҳим омили – бу кўпмиллатли фуқаролар ўртасидаги бирликни, миллий тотувликни таъминлай олишда эди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг II-боб 8-моддасида «Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади» дейилса, V-боб 18-моддасида «Ўзбекистон Республикасидаги барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгилаб қўйилади, ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт».
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, жамиятимизда кундан-кунга мустаҳкамланиб бораётган миллий ҳамжиҳатлик, миллий бирдамлик нафақат республикамиз туб аҳолиси – ўзбеклар, қорақалпоқлар билан бошқа миллатлар ўртасида, балки Ўзбекистонда яшаётган бошқа миллатларнинг вакиллари орасида ҳам этник – маданий асосларда жипслашиш жараёнлари фаол юз бермоқда4.
Мустақиллик йилларида фақат ўзбеклар орасидагина эмас, Ўзбекистонда яшаётган бошқа миллат вакиллари орасида ҳам этник-маданий асосларда жипслашиш жараёнлари содир бўлди. Миллий-маданий марказлар вужудга келди. 1989 йилда Маданият вазирлиги қошида Республика миллатлараро маданият Маркази ташкил этилди. Унинг таркибида 12 та, жумладан, Қозоқ, Рус, Украин, Корейс, Арман, Озарбайжон, Тожик, Татар, Грузин, Яхудий, Қирғиз маданият марказлари фаолият кўрсата бошлади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда ўзига хос миллий турмуш тарзи сақланиб қолди. Ҳозирда бу ерда 130 дан зиёд миллий – маданий марказ иш олиб бормоқда. Мазкур миллий-маданий марказлар республикамизда яшовчи ҳар бир халқнинг бой тарихий-маданий мерослари ва анъаналарини тиклаш ва ривожлантириш, бошқа миллат вакиллари билан яқинлашиш, дўстликни ва инсонпарварлик ғояларини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим воситалардан бири ҳисобланади.
Дарҳақиқат, давлат раҳбари бу борада фикр юритиб: “Мамлакатимизда этник ўзига хосликни ривожлантириш ва миллатлараро муносабатларни янада уйғунлаштиришда 137 та миллий маданий марказ етакчи роль ўйнамоқда, Улар ўзларининг ўзига хос маданияти, тили, халқ хунармандчилигини ривожлантириб, турли маданиятларнинг бир-бирини ўзаро бойитишига, ҳар биримизда кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда”5, деб таъкидлаган.
Ш. Юсупов, Қўрғонтепа тумани адлия бўлими бошлиғи.