Инсон, жамият ва қонун
Кам ҳисобланган 50 мил. сўм
Бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан ижросини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва давлат хизматларининг сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашда “Адолат” СДП Избоскан туман кенгаши ва Избоскан туман адлия бўлимининг ҳамкорликдаги фаолиятида бу ўз ифодасини топяпти.
Эндиликда инсон манфаатлари олий қадрият ғояси баландпарвоз гап эмас. Давлат органлари ва ташкилотларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат қилиш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш доимий вазифага айланган. Бироқ фуқароларнинг мурожаатлари ҳали бу борада жойларда етарли иш ташкил этилмаётгани ва мансабдор шахсларнинг лоқайдлиги сабаб қонунбузилиш ҳолатлари кузатилаётганини кўрсатяпти.
Хусусан, Избоскан тумани, Юқори Чувама МФЙда яшовчи фуқаро М.Нуриддинова туман тиббиёт бирлашмасига хомиладорлик ва туғруқ таътилидан сўнг ишга қайтиш юзасидан қилган мурожаати асоссиз равишда жавобсиз қолганлиги, бир неча бор қилган оғзаки мурожаати ҳам инобатга олинмаганлигини маълум қилиб, меҳнат фаолиятини давом эттиришга амалий ёрдам сўраган.
Мазкур мурожаат амалдаги қонунчилик асосида ўрганилди. Натижада туман тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахслари томонидан М.Нуриддинова билан меҳнат муносабатларига оид хужжатлар расмийлаштирилди. Меҳнат Кодексининг 74, 82-моддалари ва уни шу кунгача бола парваришлаш таътилидан тўлиқ фойдаланишни рад қилганлиги сабабли, ишга қайтариш юзасидан қилган мурожаати асоссиз равишда хал қилинмаганлиги ва Меҳнат Кодексининг 234-моддаси талаблари бузилганлиги аниқланди.
Ачинарлиси, эътиборсизлик фуқаронинг Конституция ва қонунлар билан қўриқланадиган ҳуқуқларининг бузилишига олиб келган. Йўл қўйилган ҳатоликни бартараф этиш юзасидан Избоскан туман адлия бўлими томонидан киритилган тақдимномага кўра фуқаро М.Нуриддинова ишга тикланди. Қонунбузилиши ҳолатиларига йўл қўйганлиги учун Избоскан туман тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жарима жазоси қўлланилди.
Шунингдек, тумандаги 23 та умумий ўрта таълим мактабларида кадрлар бўйича менеджер (инспектор) лавозимида ишлаб келаётган бир гуруҳ фуқаролар ойлик иш ҳақи кам тўланаётганлигидан норози бўлиб, мурожаат қилдилар. Хўш, бунга сабаб нима? Аниқланишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Меҳнат бозорида меҳнат муносабатларини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғриси”даги қарорига зид равишда ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларини расмийлаштиршда камчиликларга йўл қўйилган. Оқибатда уларга иш ҳақи кам тўланган.
Ўрганиш якунларига кўра, кам ҳисобланган иш ҳақларини ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро судига ариза киритилди. Суд 50 миллион сўм кам ҳисобланган иш ҳақларини ундириш бўйича ўз ҳукмини чиқарди.
Айтиш мумкинки, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишнинг яхлит тизимини жорий этилиши олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарали мезондир. Зеро, адолатли жамиятда инсонлар бахтли, қонунлар эса барқарор яшайди.
Дилфуза Аҳмедова,
“Адолат” СДП Избоскан туман кенгаши раиси.
Аҳаджон ҒУЛОМЖОНОВ
Избоскан туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси.