Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 5 апрель куни халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Ундан аввал, жорий йилнинг 28 январь кунги видеоселектор йиғилишидан сўнг мактаб таълимини ислоҳ қилиш кенгашлари тузилган эди. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари жойлардаги шундай кенгашлар раҳбари ҳисобланади.
Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида бўлиб ўтган ҳоким ва устозлар учрашуви айни кенгаш раҳбари — вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов томонидан ташкил этилди. “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” шиори остида 767 та мактаб вакиллари — 4200 нафар педагог ҳамда мураббий жам бўлган мазкур очиқ мулоқотда давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган устувор вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу вақтга қадар фойдаланиб келинаётган таълим стандартлари, ўқув дастурлари фақат назарий билим беришга йўналтирилган бўлиб, болаларни мантиқий фикрлашга, амалиётга, ҳаётга ўргатмаётгани таъкидланди. Таълим сифатини ошириш, тоифали ўқитувчилар сафини кенгайтириш, вилоятда тизим натижадорлигини юксалтиришда, янги тажрибалар тўплашда педагогларга қандай амалий кўмаклар керак бўлса, барчасига имконият яратиш юзасидан муаллимларнинг таклиф ва мулоҳазалари ўртага ташланди.
Мактабдаги таълим ҳам, муҳит ҳам кўп жиҳатдан директорларга боғлиқ. Президент раислигидаги видеоселекторда таъкидланган мактаб директорларини сертификатлаш тизимини жорий этиш зарурлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу хусусда вилоят ҳокими ўзининг амалий кўмакларини беришга тайёрлигини алоҳида қайд этди. Чунки, бундан буён директорликка номзодлар ушбу тизим орқали танланади.
Йиғилишда мактаблардаги маънавият тарғиботчилари вазифалари бўйича ҳам мулоҳазалар тингланди. Хусусан, уларнинг фаолиятлари қайта кўриб чиқилиб, бу вазифага маҳалла ва жамоада обрўси юқори инсонларни тайинлаш, намунали ўқитувчи ва ота-оналарни рағбатлантириб бориш зарурлиги айтилди.
- Сўнгги тўрт йилда таълим сифатини яхшилаш, ўқитувчилар мавқеини юксалтириш бўйича кўп ишлар қилинди, — деди Жалақудуқ туманидаги 19-умумтаълим мактабининг директори Мунаввар Раҳмонова. – Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида тўртинчи устувор йўналиш айнан таълим соҳасини, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган. Таълим сифати, устозлар салоҳияти ва ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш даражаси қанчалик юқори бўлса, тизимдаги самарадорлик ҳам шунча юқори бўлади. Бугун барча мактабларга замонавий таълим услубларини жорий қилиш, илғор методикаларни йўлга қўйиш, ўқитиш методикасини янгилаш масалалари даврнинг долзарб талабига айланиб улгурди.
Бугун бўлиб ўтган очиқ мулоқотда тизимнинг мазкур муаммоларига ечим бўла оладиган янги таклифлар ва янги ташаббуслар илгари сурилди. Албатта, янгича ишлаш, янгича фикрлаш билан ўқувчиларимизнинг онгу шуурига ҳам янги Ўзбекистонга муносиб фарзанд бўлиш, эртанги кун тараққиётига ҳисса қўшиш масъулиятини чуқур сингдира оламиз.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Агар раҳбарлар, муаллимлар янги Ўзбекистонга муносиб ҳаракат қилса, фарзандларимизни давр талабига мос ўқитишимиз мумкин. Халқимиз бизга энг катта бойлигини – зурриёдини ишониб бераяпти. Бу жуда катта масъулият. Шуни ҳис қилиб, ўзимизни қийнаб, мактабни ислоҳ қилсак, келажакка замин яратамиз”.
Йиғилишда ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратилди. Мактабларда маънавий муҳитни тубдан яхшилаш, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишларига кўмаклашиш, “Оила-маҳалла-мактаб” ҳамкорлигини самарали ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланиб, масъулларга топшириқлар берилди.
Мактабларнинг ҳам ички, ҳам ташқи қиёфасини замонавийлаштириш, таълим сифатини мутлақо янги босқичга кўтариш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилиши юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.
“Andijonnoma.uz” онлайн гуруҳи