“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг уй-жойини таъмирлаш тартиби қандай?
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартдаги 145-сон қарори билан тасдиқланган “«Аёллар дафтари»ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан, секторлар ишчи гуруҳлари томонидан тегишли мутахассислар жалб қилинган ҳолда, «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларнинг уй-жойи ҳолати ўрганилади ва нуқсон далолатномаси ҳамда таъмирлаш ёки қурилиш материалларини олиб бериш бўйича смета ишлаб чиқилиб, «Аёллар дафтари» жамғармаси Васийлик кенгашига киритилади.
Ҳар бир уй-жойни таъмирлаш ишларига «Аёллар дафтари» жамғармаси ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача миқдорда маблағ ажратилади.
Васийлик кенгаши томонидан таъмирлаш сметаси бўйича тегишли қарор қабул қилиниб, маблағ ажратилади ҳамда қурилиш ташкилотига (пудратчига) ёки қурилиш материаллари етказиб берувчи корхонага ўтказиб берилади.
Бунда қурилиш ташкилотга (пудратчи) ёки қурилиш материаллари етказиб берувчи корхона давлат харидларининг электрон тизими орқали аниқланади.
Секторлар раҳбарлари туманлар (шаҳарлар) қурилиш бўлимлари билан биргаликда маблағ ажратилган вақтдан бошлаб таъмирлаш ишлари сифатли бажарилишини ташкил этади ва назорат қилади.
С.Матмусаев
“Мадад”Андижон шаҳар
ҳуқуқий маслаҳат бюроси
бош мутахассиси