Ўзбекистон Республикасининг референдуми Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир.
Референдум сайловлар билан бир қаторда халқ иродасининг бевосита ифодасидир.
Референдумда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади.
Агар референдумда қабул қилинган қарорларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, референдумда қабул қилинган қарорлар фақат референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.
Қандай масалалар референдумга қўйилмайди?
Қуйидаги масалалар референдум предмети бўлиши мумкин эмас:
- Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини ўзгартириш;
- Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва солиқлар;
- амнистия ва авф этиш;
- жамоат тартибини, аҳоли соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича фавқулодда ва шошилинч чора-тадбирлар ўтказиш;
- Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;
- мансабдор шахсларни тайинлаш ва вазифасидан озод этиш.
Қандай ҳолатларда референдум ўтказилмайди?
Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида жорий этилган ҳарбий вақт ёки фавқулодда ҳолат шароитларида, шунингдек ҳарбий вақт тугаган ёки фавқулодда ҳолат бекор қилингандан кейин уч ой давомида референдум ўтказилмайди.
Референдум натижалари расман эълон қилингандан кейин бир йил давомида мазмун ёки маъносига кўра худди шундай савол қўйилган референдум ўтказилмайди.
Референдумда кимлар иштирок этиш ҳуқуқига эга?
Референдум ўтказиладиган кунга қадар ёки референдум кунида ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эгадир.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида истиқомат қилаётган ёки турган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси референдумда иштирок этишга тўла ҳақлидир.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмаслар.
Келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятига қараб фуқароларнинг референдумда қатнашиш ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита чеклаш ман этилади.
Кимлар референдум ўтказиш ташаббусига эга?
Референдумни ўтказиш ташаббуси билан:
- Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари;
- Ўзбекистон Республикаси Президенти чиқиши мумкин.
Ушбу субъектлар референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни кўрсатишда, референдумга қўйиладиган қонун лойиҳасини ёки ўзга қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда, шунингдек масала таърифини (моҳиятининг аниқ ифодасини) белгилашда тенг ҳуқуқларга эгадирлар.
Референдум округларини тузиш тартиби қандай?
Референдум округлари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегараларида тузилади.
Референдум округларининг референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар сони ва референдум ўтказувчи округ комиссиялари жойлашган ер кўрсатилган рўйхатлари референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин кечи билан беш кун ичида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинади.
Референдумни ташкил этиш ва ўтказиш ким томонидан амалга оширилади?
Референдумни ташкил этиш ва ўтказиш қуйидаги комиссиялар томонидан амалга оширилади:
- Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси;
- референдум ўтказувчи округ комиссиялари;
- референдум ўтказувчи участка комиссиялари.
Референдум ўтказиш билан бир вақтда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимият вакиллик органларига сайловлар ўтказиладиган бўлса, референдумни ўтказиш тегишли сайлов комиссиялари зиммасига юкланиши мумкин.
Референдум ўтказувчи округ ва участка комиссияларига кимлар аъзо бўлишлари мумкин?
Йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, қоида тариқасида, сайловга ҳамда референдумларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар референдум ўтказувчи округ ва участка комиссиясининг аъзолари бўлиши мумкин.
Сиёсий партияларнинг аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, фуқароларнинг ташаббускор гуруҳи таркибига кирувчи шахслар референдум ўтказувчи округ ва участка комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.
Комиссиянинг аъзоси шахсан берган аризасига мувофиқ, шунингдек ваколатларидан маҳрум этилган тақдирда ўз вазифасини бажаришдан озод қилиниши мумкин.
Комиссия аъзосини ваколатларидан маҳрум этиш ҳуқуқи комиссияни тузган органга тегишли бўлиб, комиссия аъзоси ушбу Қонун талабларини бузган ёки ўз вазифаларини мунтазам равишда эътиборсиз қолдириб келган тақдирда ўз ваколатларидан маҳрум этилади.
Овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатларини тузиш тартиби қандай?
Референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган, рўйхат тузилаётган вақтда мазкур референдум участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилиб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилади.
Рўйхатга овоз берувчи ҳар бир фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва турар жой манзили киритилади.
Ҳар бир фуқаро овоз берувчиларнинг фақат битта рўйхатига киритилиши мумкин.
Овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатлари Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхати асосида тузилади.
Референдумда овоз бериш вақти ва жойи
Овоз бериш референдум куни соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка комиссияси референдум ўтказиладиган кунга камида ўн кун қолганда фуқароларни хабардор қилади.
Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда, дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, шунингдек олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган референдум участкаларида, агар рўйхатга киритилган барча фуқаролар овоз бериб бўлган бўлса, участка комиссияси овоз бериш тугаганлигини исталган вақтда эълон қилиши мумкин.
Референдумда овоз бериш тартиби қандай?
Референдумда овоз бериш бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида тўлдирилади. Овоз бериш бюллетенини тўлдириш вақтида овоз берувчидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади. Бюллетенни мустақил равишда тўлдириш имконига эга бўлмаган фуқаро ўз хоҳишига кўра, референдум ўтказувчи комиссия таркибига кирадиган шахслардан, кузатувчилардан бошқа бирон кишини кабина ёки хонага таклиф қилишга ҳақлидир.
Фуқаролар референдумга қўйилган масалага қарши овоз берадиган бўлсалар, масала таърифи матнини ўчирадилар ёки масалани ёқлаб овоз берадиган бўлсалар, уни ўчирмайдилар.
Тўлдирилган бюллетенни фуқаро овоз бериш қутисига ташлайди. Овоз бериш қутилари референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзоларига ҳамда кузатувчиларга кўриниб туриши керак.
Бузиб қўйилган овоз бериш бюллетени фуқаронинг илтимосига кўра янгиси билан алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган овоз бериш бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши ва алоҳида сақланиши лозим.
Референдум натижаларини аниқлаш қай тартибда амалга оширилади?
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси референдум ўтказувчи округ комиссияларининг баёнлари асосида:
- Ўзбекистон Республикасининг овоз берувчи фуқаролари умумий сонини;
- овоз бериш бюллетенларини олган фуқароларнинг сонини;
- овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг сонини;
- референдумга қўйилган масалани ёқлаб берилган овозлар сонини;
- референдумга қўйилган масалага қарши берилган овозлар сонини;
- ҳақиқий эмас деб топилган овоз бериш бюллетенларининг сонини аниқлайди.
Агар овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғи ёқлаб овоз берган бўлса, қарор референдумда қабул қилинган деб топилади.
Агар рўйхатга киритилган фуқароларнинг ярмидан ками референдумда иштирок этган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси референдумни ўтмаган деб топади.
Референдум якунларини эълон қилиш
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси референдум якунлари бўйича қабул қилинган қарорни референдум ўтказилгандан кейин кўпи билан ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ва расмий манбаларда эълон қилади.
Референдумда қонун қабул қилинган тақдирда, унинг матни референдум якунлари бўйича қарор билан бирга эълон қилинади.
Референдумда қабул қилинган қарорларнинг кучга кириши
Агар референдумда қабул қилинган қарорнинг, қонуннинг мазмунидан бошқача қоида келиб чиқмаса, референдумда қабул қилинган қарор, қонун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан референдум якунлари расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Референдумда қабул қилинган қарор, шу жумладан қонун шаклида қабул қилинган қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан референдум якунлари расмий эълон қилинган куннинг ўзида унинг ижросини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.
Б.Қодиров,
Олтинкўл туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси