- СОДДАЛАШТИРИЛГАН ТАРТИБДА ИШЛАРНИ КЎРИШНИНГ ЎЗИГА ҲОС ХУСУСИЯТЛАРИ
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 231-бобида соддалаштирилган тартибда иш юритиш тартиби белгиланган. Ушбу бобда 2031, 2032, 2033, 2034, 2035-моддаларни ўз ичига олган ҳолда ишлар ўзига ҳос хусусиятларда кўриб чиқилади.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 2031-моддасида, соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш ушбу Кодексда назарда тутилган даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича, мазкур бобда белгиланган хусусиятлар инобатга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади деб белгиланган.
Избоскан туманлараро иқтисодий суди томонидан 2021 йилда 52 та даъво аризалар, 2022 йилда эса 7 та даъво аризалар соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилган.
Соддалаштирилган тартибда кўришнинг ўзига ҳос хусусиятларда бири, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 2032-моддасида кўрсатилган бўлиб, унга кўра агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса — беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозимлиги кўрсатилган. Агар ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлмаса, даъвогарнинг илтимосномасига кўра, жавобгарнинг розилиги билан бошқа ишлар ҳам соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши мумкин. Аммо, корпоратив низолар бўйича ишлар, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилмайди.
Соддалаштирилган тартибда ишлар кўришнинг афзалликларидан яна бири, судья даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисида суд ажрим чиқаради, ажримда иш соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўрилишини ҳамда иш кўриб чиқиладиган санани кўрсатади. Жавобгар даъво аризаси юзасидан ёзма фикрини даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддатда судга ўзи асосланаётган ҳужжатлар ва далилларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли. Ёзма фикрга унинг кўчирма нусхаси даъвогарга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади. Даъво аризаси юзасидан ёзма фикр жавобгар ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган ёзма фикрга ишончнома илова қилинади.
Даъво аризасининг судга юборилиши ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар томонидан даъво аризаси юзасидан ёзма фикр тақдим этилмаганлиги даъво аризасини соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.
Белгиланган муддат ўтганидан кейин судга келиб тушган даъво аризаси юзасидан ёзма фикр, далиллар ва бошқа ҳужжатлар, агар уларни белгиланган муддатда тақдим этишнинг имкони бўлмаганлиги тараф томонидан асослантирилган ва улар суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар келиб тушган бўлса, қабул қилинади.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда даъво аризаси юзасидан ёзма фикрни, далилларни ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этиш учун белгиланган муддат ўтганидан кейин судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекс талабида, ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш муддати узайтирилмайди.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишларни ўзига ҳос хусусиятларидан бири, даъв ариза суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади. Суд тарафлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда баён қилинган тушунтиришларни, эътирозларни ва (ёки) важларни текширади, далиллар билан танишади, ашёвий далилларни кўздан кечиради ва ҳал қилув қарорини қабул қилади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 2035-моддаси бўйича, соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради. Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида ушбу Кодекс V бўлимининг қоидаларига биноан мажбурий ижро этилиши лозим. Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг “Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 2019 йил 24 майдаги 13-сонли қарорининг 43-бандида, соддалаштирилган тартибда ишларни кўриш бўйича тушунтиришлар берилган.
Бир сўз билан айтганда, соддалаштирилган тартибда ишларни судларда кўрилиши, тарафларнинг судларга келиб суд мажлисларини кутиб туришларига кетаётган вақтлари тежалади, мазкур вақтларни тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш учун сарфлаши ҳам мумкин, нафақат тадбиркорлик судбъектларининг вақтлари балки, судларнинг вақтлари ҳам тежалган ҳолда қисқа муддат ичида қонуний ва адолатли ҳал қилув қарорларини ўз вақтида тарафларга юборишига эришилади.
Р.Г. АСҚАРОВ,
Избоскан туманлараро
иқтисодий судининг раиси.