Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ОДАМ САВДОСИ-ҚАБИҲ ЖИНОЯТ

Одам савдосига қарши курашиш бўйича ўтказилган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида 2008 йилнинг 17 апрелида “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Ушбу Қонунни қабул қилишдан мақсад одам савдосига қарши курашишга боғлиқ масалаларни тезкор ҳал этиш, шу билан бирга, давлат органларининг бу борадаги ваколатларини кафолатлашдан иборат. Мазкур Қонунда одам савдосига қарши курашиш бўйича давлат органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, ушбу мақсадда Республика идоралараро комиссиясини ташкил этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш (тиббий, психологик, ижтимоий, юридик ва бошқа) ҳамда ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалалар белгиланган.

“Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунга асосан 2008 йил 8 июлда Президен¬тимизнинг “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Мазкур йўналишда республикамизда бир қатор ишлар амалга оширилди. Шунингдек, одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг 2015 йил 5 февралдаги йиғилиш қарори билан “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини янада ошириш борасида туман адлия бўлимида чора-тадбирлар режаси” тасдиқланиб, ижроси таъминланмоқда.

Ўтган давр мобайнида адлия органлари ва муассасалари томонидан ёшларнинг, айниқса, республикамизнинг энг чекка ҳудудларида яшайдиган аҳолининг одам савдосининг салбий оқибатлари, унга қарши курашиш масалалари юзасидан хабардорлигини ошириш мақсадида 18 маротаба ҳуқуқий тарғибот тадбири ташкил қилинди.

Бундан ташқари, “Инсоннинг озодлиги — олий қадриятдир”, “Одам савдосига қарши курашиш — давр талаби”, “Одам савдоси — миллатга хиёнатдир”, “Одам савдосини бартараф қилиш ва унинг олдини олиш”, “Биз ёшлар одам савдосига қаршимиз” мавзуларида махалла ва жамоа ташкилотларида семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилиб келинмоқда.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда мазкур жиноятга қарши курашишнинг қонуний асослари яратилган, бунга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан нодавлат ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтириш жиноятчиликнинг камайишига хизмат қилмоқда.

Н.  САДИКОВ,      Қўрғонтепа туман адлия бўлими
Юридик хизмат кўрсатиш маркази раҳбари.

Улашинг: