Маъмурий тартиб-таомиллар
ҳақида нималарни биласиз?
“Маъмурий тартиб таомиллар тўғрисида” ги Қонуннинг мақсади маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Қонуннинг асосий вазифалари маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашдан иборатдир.
Маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишга доир у ёки бу муносабатлар махсус маъмурий тартиб-таомилларни белгиловчи қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган ҳолларда ушбу Қонун нормалари қўлланилади.
Қонун маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, шу жумладан лицензия, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларга, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилади.
Манфаатдор шахс — қабул қилинаётган маъмурий ҳужжат ёки маъмурий ҳаракат қаратилган шахс, шунингдек ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари маъмурий ҳужжатга ёки маъмурий ҳаракатга дахлдор бўлган ёхуд дахлдор бўлиши мумкин бўлган шахс.
Маъмурий ҳужжат — маъмурий органнинг оммавий ҳуқуқий муносабатларни юзага келтиришга, ўзгартиришга ёки тугатишга қаратилган ҳамда айрим жисмоний ёки юридик шахслар учун ёхуд муайян хусусий белгиларига кўра ажратиладиган шахслар гуруҳи учун муайян ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқарувчи таъсир чораси.
Маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий принциплари:
— қонунийлик;
— мутаносиблик;
— ишончлилик;
— тингланиш имкониятининг мавжудлиги;
— маъмурий тартиб-таомилларнинг очиқлиги, шаффофлиги ва тушунарлилиги;
— манфаатдор шахслар ҳуқуқларининг устунлиги;
— бюрократик расмиятчиликка йўл қўйилмаслиги;
— мазмунан қамраб олиш;
— маъмурий иш юритишнинг «бир дарча» орқали амалга оширилиши;
— тенг ҳуқуқлилик;
— ишончнинг ҳимоя қилиниши;
— маъмурий ихтиёрийликнинг (дискрецион ваколатнинг) қонунийлиги;
— текшириш.
Маъмурий иш юритиш иштирокчилари:
— маъмурий орган;
— қабул қилинаётган маъмурий ҳужжат ёки амалга оширилаётган маъмурий ҳаракат ўзига қаратилган шахс (адресат);
— ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига маъмурий ҳужжат ёки маъмурий ҳаракат дахлдор бўлган ёхуд дахлдор бўлиши мумкин бўлган шахс (учинчи шахс).
Манфаатдор шахслар маъмурий иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, нусха кўчириш, рад қилиш тўғрисида арз қилиш, далиллар тақдим этиш, далилларни текширишда иштирок этиш, маъмурий иш юритишда иштирок этувчи бошқа шахсларга саволлар бериш, маъмурий иш юритиш бўйича арз қилиш, илтимосномалар бериш, маъмурий органга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, маъмурий иш юритиш давомида келиб чиқадиган барча масалалар бўйича ўз важларини баён этиш, бошқа манфаатдор шахсларнинг аризалари, илтимосномалари ва важларига қарши эътироз билдириш, маъмурий ва процессуал ҳужжатлар, шунингдек маъмурий ҳаракатлар устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
У. ТЎЙЧИЕВ,
Балиқчи туман Давлат хизматлари маркази директори.