Газетамизнинг ўтган сонида 400 дан зиёд тугатилаётган тадбиркорлик субъектлари рўйхатини эълон қилдик. Хўш, нега улар фаолиятини тўхтатди? Саволга тадбиркорлик ривожига жавоб берувчи барча масъулларда ўзини оқловчи жавоб топилади.
Аслида бугун тадбиркорга кўпроқ амалда эмас қоғозда ёрдам бериляпти. Содда қилиб айтганда давлат янги тадбиркорга гўдак каби қаранглар, парваришланглар, оёққа тургизинглар деяпти. Амалда эса тадбиркор иш бошлайди, қийналади, маблағ керак бўлади, ҳеч ким ёрдам бермайди. Охири тадбиркорлик субъекти ёпилади.
Ҳали ҳам маҳаллаларда фойдаланилмаётган катта-кичик бинолар кўп. Бу биноларнинг эгаси бор. Лекин фаолияти йўқ. Маҳалла раислари эса таклиф беришмайди.
Яқинда Тошлоқ маҳалласида бўлдик. Раис маъмурият биносини бошқа жойга кўчириш, у жойда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш лозимлигини билдирди. Маҳалла учун бошқа бино бор. Фақат дадиллик, узоқни кўра билиб иш юритиш талаб этилади.
Давлатимиз раҳбари яқинда ўтказган селектр йиғилишида барча раҳбарларни янгича ишлаб, 70 фоиз вақтини ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришга сарфлаши кераклигини таъкидлади.
Бугун тадбиркор бўламан, деган одамга барча эшиклар очиқ. Сектор раҳбарларининг асосий қабули ҳам тадбиркорлик йўлини танлаганлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Тадбиркордан таклиф керак. Таклифлар асосида уларни амалга ошииш, кредит, ер ва бино ажратиш, инфратузилмага уланиш каби барча масалаларга ҳокимлик кўмаклашади.
Туманимизда иқтидорли тадбиркорлар кўп. Уларнинг мактабини ўрганиш, ёшларни тадбиркорликка қизиқтириш лозим. Барака ҳаракатда, меҳнатда. Меҳнатдан, изланишдан қочмаган одам албатта мақсадига эришади.
Бугун туман ҳокимлиги, маҳалла фуқаролар йиғини эшиклари “Мен тадбиркор бўламан, ёрдам беринглар” деганлар учун ҳамиша очиқ.