Мактаб ўқувчиларининг ёзги таътиллари ниҳоясига етай деб, янги ўқув йили ҳам эшик қоқиб келмоқда. Ҳўш, туманимиз мактаблари ўқувчиларни қабул қилишга шайми? Улар учун шароит ва имкониятлар яратилмоқдами? Саволларга жавоб излаб бир неча мактабларда бўлдик.
Маълумки янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриш қизғин жараён, фидокорликни, самимий ишлашни талаб қилади. Республикамизнинг барча билим масканларида нафақат таъмир, жиҳозлаш, янги технологиялар билан таъминлашдан тортиб то кадрлар салоҳиятигача эътибор берилади. Кейинги йилларда бу соҳада амалга оширилаётган ишлар эса эртанги кунимиз эгаларининг таълим ва тарбияси бош вазифалардан бири этиб қўйилганидан далолат бермоқда. Туманимиздаги 2-, 7-, 15-, 24-, 27-, 28-, 29- ва бошқа бир қатор умумтаълим мактабларида янги ўқув йилига тайёргарлик якунига етиб қолган. Олиб борилган таъмирлаш ишлари кўнгилдагидек. Айниқса бошланғич синф ўқувчилари таълим ва тарбия оладиган синфларга дарсликлар ва бошқа жиҳозларнинг тартиб билан қўйилгани мактаблар жамоаларининг ўз ишларига масъулият билан ёндошаётганларини билдирмоқда.
Лекин барча мактабларда ҳам ишлар шундай олиб борилганми? Г. Ашурова бош бўлган 6-умумтаълим мактабида бўлганимизда юқорида қайд этиб ўтганларимизнинг аксини кўрдик, десак муболаға бўлмайди. Аввало мактаб ҳудуди, атрофларнинг таъмири, бўяш ишларида сифатга эътибор берилмагани кўринди. Сувоғи тушиб кетган жойларни таъмирлаб кейин бўяш ўрнига шундоққина бўяб кетаверилгани учун одамда нохуш кайфият уйғотади. «Янги ўқув йилига шай» деб кўрсатилган синфхоналарда яроқсиз ҳолга келиб қолган парталар ва ўтирғичлар мавжуд. «Ботиробод тонги» МЧЖ томонидан 160 дона алмаштирилаётган деразалар таъмири охирига етмаган. Мактаб томорқасидан олинадиган қўшимча даромад ҳисобига олинган маблағларни ҳам таъмирга ишлатилганини мактаб директори ва директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари қайд қилиб ўтдилар. Лекин бу ишлатилган маблағларнинг ҳужжатларини кўрсатиб бера олмадилар. Терак қаламчасидан олинган 1984000, етилган теракларни кесиб сотишдан тушган 3500000, гилос сотишдан тушган 297000, ерёнғоқдан олинган 1744000 сўм маблағ мактаб даромадига кирим қилинмасдан, банкка топширилмасдан ишлатиб юборилган. Мактабдаги мавжуд 30 та синф ўқувчиларидан 20000 сўмдан йиғилган пуллар ҳам ана шундай кирим қилинмасдан таъмирга ишлатилиб юборилган. Бироқ бу пулларнинг қандай ишлатилгани тўғрисида на мактаб директори, на унинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Ҳ. Маҳкамов ҳеч қандай асословчи ҳужжат кўрсата олмадилар. У ўқувчилардан йиғилган пулларни олмаганини, лаборант Ш. Қобулова 15 июндан буён ишга келмаётган бўлса-да иш ҳақи ёзилганини айтди. 6-«А», 7-«А» синфлар раҳбарлари Иродахон Тўхтабоева 32 нафар ўқувчидан олинган 640000 ҳамда Дилфузахон Тўхтасинова 30 нафар ўқувчидан тўпланган 600000 сўм пулни мактаб директорига топширганларини айтдилар. Ҳақиқатда ўқувчилардан таъмир учун 20000 сўмдан пул тўпланганини ва мактаб директорига берилганини Дилдора Ҳусанова, Моҳидил Ражапова, Маҳсуда Сулаймонова, Нилуфар Раҳмонова,Муҳайё Жалолова, Раънохон Алимова, Зулфия Салоҳиддинова, Дилафрўз Умарова, Муаттар Ғаниева, Зайнабхон Машрапова, Назирахон Сапахоновалар ўрганиш давомида айтиб ўтдилар. Шунингдек эски деразаларни бошқа мактабларга берилгани тўғрисида асословчи ҳужжатлар йўқ. Эҳтимол ана шундай ҳолатлар мактаб таъмирининг чўзилаётганига сабаб бўлаётгандир. Умуман, таъмирга деб ўқувчилардан пул йиғиш мумкинми?
40-умумтаълим мактабида ҳам ишлар ўлда-жўлда. Бино тепаси ёпилмасдан, ичкари хоналарда иситиш тизимлари таъмири охирига етмасдан турибди. Бу аҳвол на мактаб директорини, на педагогик жамоани ташвишга солмаяпти шекилли. Иссиқлик тизими қувурлари монтажи охирига етмаган, ўрнатилиши лозим бўлган қозонлар келтирилмаган. Мактаб директорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Рўзивой Назаров бемалолчилик билан «Ўқув йили бошлангунча ҳаммасини тугатиб юборамиз» дейди. Бироқ бу кетишда таъмир охирига етмай, 6- ва 40- мактаблар таъмирчилари ўқувчилар олдида қизаришиб қолишлари, мактаблар маъмурияти ер чизиб қолишлари ҳеч гапмас. Ўйлаймизки туман халқ таълими бўлими мутасаддилари ҳар икки мактаб таъмиридаги оқсоқликни, молиявий ишларни кўриб чиқадилар ва тахририятга ўз вақтида фикрларини билдирадилар.
М. Мирзаабдуллаев,
Й. Исоқжонов,
М. Рустамов,
«Пахтакор» мухбирлари