–Инсонни меҳнат қилиб тўймайдиган, чарчамайдиган даври бўларкан,–деб суҳбатимизни давом эттирди Муҳаббатхон. –Мен ишим билан бахтлиман. Тўғри, аслида инсон оиласида бахтли. 3 нафар шириндан шакар болаларим, оилам катта бахтим. Шу билан бирга мактабим, аҳил жамоам бахтиёрлигим сабабчиси, деб биламан.
Биз болалар билан ишлаймиз. Уларга билим, тарбия берамиз. Мактабимизда ўз касбининг фидойилари кўплиги учун енгил ишлайман. Депутатлик фаолиятимни ҳам олиб бораман. Кўпроқ йиғилишларда бўлиб қолсам ҳам хотиржам ўтираман. Негаки ўқитувчиларимиз ўз вазифаларига сидқидилдан ёндашадилар.
Мен бугун халқ таълими соҳасига берилаётган эътибордан жуда мамнунман. Соҳамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар янги ғоя, ташаббус билан ишлашга ундамоқда. Шу билан бирга педагогларимизнинг ойлик маошлари ҳам сезиларли ошди. Шунинг учун авваллари ойликлари қаноатлантирмай ишдан чиқиб кетган эркак ўқитувчиларимиз ҳам жамоага қайтмоқда. Бу йил яна 7 нафар эркак ўқитувчимиз сафимизга келиб қўшилди.
Кузатишларим шуни кўрсатяптики, фарзандлари келажаги ҳақида қайғурадиган, мактабда қандай ўқиётгани, тўгаракларда қандай қатнашаётгани билан қизиқаётган ота-оналар кўпайиб бормоқда. Болаларнинг ҳам билим олишга иштиёқи йил сайин ортяпти. Кўплаб ўқитувчиларимиз ёзни ҳам бекор ўтказмай турли хорижий тилларни ўрганишди, спорт тадбирларида фаол бўлишди. Бу албатта қувонтирадиган ҳолат.
Янги ўқув йили олдидан мактабимизни ўқув йилига тайёрлаяпмиз, камчиликларимизни кўриб чиқяпмиз, кадрларни тўлдиряпмиз.
Бизни қониқтирмаётган ҳолат, янги дастур бўйича дарсликларни вақтида етиб келмаётгани бўлмоқда.
Бугунги ўқитувчи билим даражасига кўра тоифаларга ажратилган. Қайсидир ўқитувчи ўта тажрибали, қайси бирида ҳали тажриба, малака етишмайди. Таълим сифатини яхшилашда ўқитувчилар олдига қўйилаётган талаблар уларни янада яхши ишлашга ундайди.
Мақсадимиз янги ўқув йили олдидан олий тоифали ўқитувчилар сафини кенгайтириш, билимлар беллашуви, фан олимпиадаларида юқори ўринларга эришиш учун ҳаракат қилиш, таълим сифат самарадорлигини оширишдир.
Яна бир бор таъкидлашни истар эдим, бизга Аллоҳ куч-қувват, билим-заковат бериб, ёш авлодни тарбиялашдек масъулиятли касб ато этган экан, албатта буни оқлаймиз. Бу билан жонажон юртимиз тараққиётига ҳисса қўшаётганимдан бахтиёрман.
Суҳбатдош
А. ДАМИНОВ.