Убайдулла Баитов— 1972 йилда Пойтуғ шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. Республика Ички ишлар вазирлиги академиясини битириб, бир неча йиллар ички ишлар бўлими тизимида ишлаган. 2019 йил 20 июндан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Бош вазири қабулхонасининг туман бўлими мудири этиб тайинланди. Мухбиримиз у билан суҳбатда бўлди.
—Аввало янги лавозим билан табриклаймиз. Қолаверса бу қабулхона фаолияти борасидаги фикрингизни билдирсангиз…
—Маълумки, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш устивор вазифалардан бирига айланди. Ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ишчи ўринлари яратишда тадбиркорларнинг улуши ортиб бормоқда. Шуларни назарда тутиб ва тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлаётган ҳар хил бюрократик, қоғозбозлик ва ҳуқуқий қонун-қоидалар бузилиши ҳамон учраб турганлигини ҳисобга олиб, Президентимизнинг 2019 йил 14 май куни имзолаган “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
—Фаолиятингиз жараёнида қандай тамойилларга таянасиз?
—Конституциямизга, Республикамизда амалдаги қонунларимизга ва ҳукуматимизнинг тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан қабул қилган барча тартиб-қоидалари, ҳужжатларига таяниб иш олиб борамиз.
—Бош вазири қабулхонаси бошқа қабулхоналардан қайси жиҳатлари билан фарқ қилади?
—Тадбиркорлар ва чет эл инвесторлари билан ишлаймиз. Мурожаатларини кўриб чиқамиз, ёрдам берамиз. Сайёр қабуллар ҳам ўтказилади.
—Чет эл инвесторлари ва тадбиркорларни қабул қилиш бошландими?
—Шу йил 29 июль куни вилоят ҳокими бошчилигида 11 нафар тадбиркорнинг мурожаати кўриб чиқилди. 30 июль куни туман ҳокими бошчилигида давлат органлари, туман ташкилотлари раҳбарлари иштирокида 80 дан ортиқ тадбиркор мурожаати кўриб чиқилди, баъзилари жойида ҳал қилиниб, баъзилари назоратга олинди. Шуни яна таъкидлардимки, мурожаатларнинг туманга доир муаммолари туманда, вилоятга доир муаммолари вилоятда, агар кўтарилган муаммолар ечими республика даражасида ҳал этилса Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибиятига юборилади. Шуни ишонтираманки, қабулхонамиз чин маънода тадбиркорлар ҳимоячисига айланади ва улар билан ҳамкорликда бўлади.
—Суҳбатингиз учун раҳмат.
Суҳбатдош
Й. ИСОҚЖОНОВ.