Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида маҳалланинг катта ўрни бор. Барча фуқаролар маҳаллада яшайди. Энг уста тадбиркор ҳам, бошловчи тадбиркор ҳам шу масканда шаклланади, тобланади.
Юртимиз ривож топиб бораётган экан бунда тадбиркорларнинг улуши салмоқли эканлигини эътироф этиш жоиз. Демак тадбиркорликка кенг йўл очиш, унга тўсиқ бўлаётган бюрократик тўсиқларга барҳам бериш аввало яна маҳалла зиммасига тушади. Шу ўринда Австриянинг «Soctety» журнали бош муҳаррири Г. Таухаммернинг республикамиздаги маҳалла тузилмаларига берган таърифини келтирмоқчиман: “…маҳалла дунёдаги бошқа мамлакатларда ўхшаши бўлмаган, фуқаролик жамиятининг ўзига хос институтидир. У давлатнинг ижтимоий иқтисодий ривожланиши, инсон ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.
Шу асосда айтаманки маҳалланинг кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасидаги тажрибасидан бошқа мамлакатлар ҳам фойдаланиши мумкин”.
Чет элларнинг таниқли мутахассислари эътироф этаётган маҳаллаларда тадбиркорлар билан ишлашнинг аҳволи билан танишиш мақсадида Тўрткўлдаги Тинчлик, Гузар, Истиқлол маҳаллалари фаолиятига назар ташладик.
Маълумки туманда ҳафтанинг душанба, сешанба, чоршанба кунлари тадбиркорларни туман ҳокими қабул қилмоқда. Республика Бош вазири қабулхонаси туман бўлимида ҳам қабул бўлиб ўтяпти. Бу қабуллар тадбиркорликни ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигидан, уларнинг муаммоларига ечим топиб, ёрдам беришга эътибор кучайганидан дарак беради. Шу жараёнда ҳар бир маҳаллада фаолият кўрсатаётган тадбиркорларнинг рўйхати, яшаш манзили, фаолият йўналиши, бугунги кундаги иқтисодий аҳволи, муаммоси аниқ ва равшан қилиб ёзилган ҳужжат бўлиши шарт. Нафақат бундай ҳужжат, тадбиркорлик, оилавий тадбиркорлик, кичик бизнес, касаначилик, ҳунармандчилик билан шуғулланаётган фуқароларнинг рўйхатлари, ривожланишлари, тегишли тартибда рўйхатдан ўтиб, меҳнат дафтарчаларига эгалиги, пенсия жамғармасига маблағ ажратилаётганлиги ва пенсияга чиқишда ҳуқуқи мустаҳкамланиб бораётганлиги, ечимини топмаётган муаммолари ҳақида ҳам маҳалла жамоаси тўлиқ маълумотга эга бўлиши тақазо этилади. Қолаверса тадбиркорликка оид аҳвол ва аниқ рақамларни ёддан билиш, нафақат айтиб жавоб қилиш, таҳлил қила олиши ҳам юқоридан келган мутасаддилар билан мулоқотда катта аҳамиятга эга.
Кузатишлар шуни кўрсатдики, ҳалигача Президентимизнинг шу йил 14 май куни имзолаган “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонини 1 июндан амал қилаётганини билмайдиган маҳаллалар бор. Тинчлик маҳалла фуқаролар йиғинида ҳатто туманимизда ҳам Бош вазир қабулхонаси туман бўлими фаолият олиб бораётганлигидан бехабар эканлар. Маҳаллада турли йўналишда 23 та тадбиркор фаолият олиб бораётганига қарамай улар ҳақида ҳеч бир расмийлаштирилган ҳужжат кўра олмадик. Тадбиркор билан ўтказилган тушунтириш, суҳбатларнинг тезислари, тадбиркорларнинг манзиллари, рўйхатлари ташкиллаштирилмаган.
“Ҳар бир оила тадбиркор” ҳаракатига амал қилиб ариза берган 14 нафар фуқаронинг бирортаси кредит ололмаган. Бунинг сабабини ҳеч ким изоҳлаб беролмади. Демак, кредитга ҳужжат расмийлаштирилган-у, кредит олиш учун маҳалладагилар банклар билан мулоқотда бўлиб ёрдам ташкиллаштиришмаган. Ариза ижросини ниҳоясига етказиш учун курашилмаган. Агар озгина ҳаракат қилиб, кредит ололмаган фуқароларнинг муаммолари ҳақида сектор бошлиқларига, туман ҳокимлиги иқтисодиёт бўлимига ва тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи ҳамкорларга мурожаат қилинганда ҳеч бўлмаса 5-10 та тадбиркор фаолиятини бошларди ва шунча иш ўрни яратиларди. Бошқа маҳаллаларда ҳам деярли маълумотларни ёзиш, қоғозлар тўлдиришдек ишлар бор, аммо тадбиркорлар фаолиятига чуқурроқ ёндошиш, уларнинг қувонч ва ташвишларига амалда шерик бўлишдек ҳаракатлар йўқ.
Бир нарсани унутмайлик: маҳалла кичик ватан, шу ерда тадбиркорлик, ҳунармандчилик, кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик кўпайса, иш ўринлари кўпаяди, турли маҳсулот ишлаб чиқариш кўпаяди, ривожланади, турмуш фаровонлиги ортади. Бежиз давлатимиз раҳбари бу соҳага алоҳида аҳамият бермаяпти, бежиз чет элларнинг кучли, билимли мутахассислари маҳалла тизимини маъқуллаб бошқа мамлакатларда ҳам фойдаланишни тавсия этмаяпти.
Имкониятлар кўп, фойдаланайлик
Ҳар уччала маҳалла ҳудудидаги фермер хўжаликларида бўлдик. Уларда ишлаётган аъзоларнинг меҳнат дафтарчалари, пенсия жамғармалари ва ҳоказо ҳужжатлари расмийлаштирилиши билан қизиқдик. “Тўрткўл Қаҳрамон” фермер хўжалиги пиллакорлари билан қўшиб ҳисоблаганда 33 нафар аъзо рўйхатда туради ва белгиланган тартибда иш бажариб, маош олади. Бироқ ҳисобчи билан суҳбатда аъзоларнинг бирортаси билан фермер хўжалиги ўртасида меҳнат шартномаси тузилмаганлиги ойдинлашди. Шартнома тузилиб бандликка кўмаклашувчи марказига келинса ҳаммасига меҳнат дафтарчаси очиларди, иш стажи кетарди, иш ўринлари яратиш сони кўпаярди. Пенсия жамғармасига маблағ ўтиб пенсияга чиқишда ҳуқуқлар мустаҳкамланарди. “Шарқ юлдузи келажаги”, “Шарқ юлдузи ҳосили барака”, “Избоскан шоналари” фермер хўжаликларида рўйхатдаги аъзолар ҳужжатлари тўла расмийлаштирилган. Атиги 4 та фермер хўжалигининг биттасида 33 та аъзо иш билан таъминланган мақомига эга бўлмай турганлигини ўйласак, 220 дан ортиқ фермер хўжалигининг ҳар тўрттасидан бирида 33 тадан аъзо рўйхатдан ўтмаса, 1815 та аъзо рўйхатдан ўтиб шартнома тузмаган ва меҳнат дафтарчасига эга бўлмаган бўлади. Энди маҳаллаларда иш ўрни яратиш масаласига келсак чеварчилик, курсларда ўқитиш, ҳунармандчилик, тадбиркорлик, оилавий тадбиркорлик билан иш ўринларини кўпайтириш имкониятлари ҳали катта.
Масалан, Гузар МФЙ да 2860 нафар ишга лаёқатли фуқаро бор. Тадбиркорлар эса 12 та, Тинчлик маҳалласида ишга яроқлилар 1989 нафар, тадбиркорлар эса 23 та. Минглаб ишга яроқлиларни ҳисобга олсак тадбиркорликни ташкил қилиш 0,1 фоизни ҳам ташкил қилмайди. Тўғри ишга яроқлилар ҳаммаси ҳам меҳнат билан банд. Ишсизлар аслида йўқдек. Ҳукуматимизнинг қайси ишда бўлса-да фаолият олиб бораётган, чет элларда меҳнат қилаётганлар учун иш стажи яратишдаги ва пенсияга чиқишдаги қулайликларини таъминлаш учун бир нечта қонун-қоида, тартиб ва бошқа меъёрий ҳужжатлари бор. Шулар билан танишиш, ўрганиш тарғиб қилиш ишлари маҳаллаларда қониқарсиз. Энг катта камчилигимиз шуки, МФЙлар жамоалари газеталарни ўқиб, телевидениелардаги янгиликлардан хабардор бўлиб ўз устларида ишламаяптилар, ҳар қандай янгиликдан хабардор бўлиб бормаяптилар. Бу эса маҳаллада тадбиркорликнинг кучайишига, иш ўринлари яратилишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Й. ИСОҚЖОНОВ,
“Пахтакор” махсус мухбири