Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Қарияларнинг иши кўп бўлади

Қайсидир соҳада узоқ ишлаган одам “пенсияга чиқсам оёқ-қўлимни узатиб, бемалол дам оламан” деб ният қилади ва бу ҳақида гапириб ҳам юради. Лекин пенсияга чиққанлар билан гаплашсангиз аксарияти “ишим ўта кўп” деб жавоб беради.

Дарҳақиқат кекса отахон-онахонларнинг ҳам ҳаётда бажарадиган ишлари бисёр. Тиним билишмайди. Боғ оралаган, эҳсонларда юрган, набиралари тарбияси билан банд бўлганлар ҳам улар. Катта ҳаёт тажрибаси уларнинг бойлиги. Бу бойликдан эса ёшлар баҳраманд бўлишлари керак.
Яқинда туман нуронийлари тўпланиб шу йилнинг ярим йилида қилинган ишларни сарҳисоб қилдилар. Нуронийлар сарҳисоби нима бўларди? Маҳаллаларда олиб борилган ишлар ёшларни ишли бўлиши, оилалар мустаҳкамлиги, тадбиркорлик, ҳунарли бўлишга кўмаклашиш. Масжид, қаб­ристонларда олиб борилаётган ишлар.
Туман “Нуроний” жамғармаси раҳбари Абдураҳим Холжўраев фахрийлар олдида ҳисоб берар экан, 46 нафар фахрий тиббий кўрикдан ўтказилгани, 70 нафари сиҳатгоҳларга юборилганини, 57 нафарига ногиронлик аравачаси, қўлтиқтаёқ, эшитиш мосламалари олиб берилганини эътироф этди.
Бу йил Ғуломжон Қамбаров, Маҳмуджон Солиев, Набихон Ибрагимов, Козимжон Турғуновлар “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирландилар.
Куни-кеча нишонланган ҳайит байрамимиз ҳам элимиз меҳр-оқибатли, саховатли эканини яна бир бор исботлади. Қанчандан қанча оилалар йўқланди, аразлашганлар ярашишди, меҳр улашилди. Бунда албатта нуроний отахон-онахонларимизнинг ўрни беқиёс.
Тинч, осуда, дориломон кунларда яшаётган ёшларга қийинчилик даврларни кўрган отахон-онахонларнинг панду насиҳатлари, ҳаётий ўгитлари жуда муҳим. Шук­роналик билан яшаш эса инсонни улуғлайди.
Нуронийлар йиғилишида шу каби қатор вазифалар белгилаб олинди.

М. РУСТАМОВ.
Суратда: отахонлар шахмат беллашувида.

Улашинг: