Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Ватанидан қувилганлар

Ноҳақ Ватанидан қувилганлар… Ҳар йилнинг 31 августида айбсиз айбдор бўлиб, туҳмат билан ўз туғилиб ўсган еридан қувилганлар, ўзга юртларда хор-зор бўлиб, Ватанни қўмсаган юртдошларимиз ёдга олинади.

Қўлимизда сарғайиб кетган архив материаллари. Унда ана шундай юртдош­ларимизнинг номлари зикр этилган. Арзимаган айб, туҳмат билан қамалган, ўзга юртларга қувилганлар тақдири билан танишар экансиз босқинчиларнинг мақсадларини англагандай бўласиз. Юртнинг илмли, ишбилармон кишиларини йўқ қилиш, юртни чор-ночорликда сақлаш уларнинг асосий мақсади бўлганлигини тушунасиз.
Ақли расо, ўша даврнинг илғори, юртдошларининг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлган, саводли Мирзакомил Султонмаҳмудов ҳам маърифатли киши эканлиги билан зулмкорларга ёқмай қолганди. Ўртоқлар қишлоқ совети ҳудудида яшаган бу юртдошимизни бой, катта ер эгаси деб қулоқ қилган. Уни ўғли Мирзамаҳмуд билан Сибирга сургун қилганлар. Бор мол-мулкини олиб қўйганлар. Уларнинг кейинги ҳаётлари билан қизиқмаганлар. Тақдири номаълумлигича қолган.
Ўртоқлар қишлоқ совети ҳудудида яшаган яна бир юртдошимиз Турдиали Сиддиқ Аминов 42 ёшида ана шундай балога гирифтор бўлди. Уни одамларни ишлатади, катта ер эгаси, дея айб қўйдилар. Зотан у ҳамқишлоқлари билан бирга тенг ишлаган, тенг тер тўккан. Айби илмли, тадбиркор бўлгани. Унинг ҳам Сибирга сургун қилинганидан кейинги тақдири номаълумлигича қолган. Чунки бундай маҳкумлар оила аъзоларига кўрсатилмаган, қаерга жўнатилгани номаълум бўлган. Судсиз, терговсиз бир кунда қўлга олиниб, қаерга олиб кетилгани айтилмаган. Кейинчалик уларни Сибирга сургун қилинганлари маълум бўлган.
Ҳаким Холхўжаевни эса фирибгар, қиморбоз дея қўлга олганлар. Аслида у инсонпарвар, деҳқонларнинг ёнини оладиган, саводли, ўз ишига пухта одам бўлган. Бундай номлардан яна Саид Хўжаев, Абдуғаффор Болтабоев, Тешабой Усмонов, Хожи Ўлмасов, Хожи Тўйчиев, Тешабой Йўлчибоев, Берди Раҳматов, Хожимат Отабоевларни келтириш мумкин.
Қизил Юлдуз қишлоқ советидаги Будённий номли колхоз аъзоларининг умуий йиғилишида Рустам Шердаев оиласининг тақдири ҳал қилинган. 1909 йилда туғилган Рустам Шердаев ўрта ҳол деҳқон бўлганлиги сабабли унинг ҳар бир ишидан ғаразлик излаганлар. Унинг 0,15 сотих ери бўлганлиги учун катта ер эгаси деб ҳисобланган. Ўз ерида ишлаганликни текинхўрлик деб баҳолаганлар ва узоқ Сибирга сургун қилганлар.

Улашинг: