Инсон ҳаётда яшар экан доимо эзгулик томон интилади. Ўз касби, билими, салоҳияти билан жамиятга фойда келтириш учун ҳаракат қилади. Натижада олиб борган меҳнатлари унга эл-юрт олдида юксак обрў-эътибор, ҳурмат, шуҳрат олиб келади. Ана шундай азиз инсонлардан бири Избоскан фарзанди, ёғоч ўймакори, “Ўзбекистон халқ устаси” Йўлбарсали ҳожи Ўтагановдир.
Оддий қишлоқ йигитининг бу даражада юқори ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлиши осон кечмади. Йўлбарсали 1942 йилда Қўғай қишлоғида деҳқон Ҳожимуҳаммад Ўтаган ҳожи ўғли ва Орзибувилар оиласида тўққизинчи фарзанд бўлиб дунёга келди. Аввалги фарзандлари турмагач, улар ўғлига ирим билан Йўлбарс бўлсин, “инсу-жинслар илашмасин” дея Йўлбарсали исмини қўйишди. Ўтаган ҳожи авлодлари учун Аллоҳга юксак эътиқод ва ҳар ишда ҳалоллик ҳаётий шиор бўлган.
Йўлбарсали ўз қишлоғидаги тракторчиликка ихтисослаштирилган 24-ўрта мактабда ўқиди. У болалигидан расмлар чизишга жуда қизиқар, деворий газеталарни безатар, ёғоч ва бошқа нарсалардан арава, экскаватор каби турли ўйинчоқлар ясар, “Моҳир қўллар” ва “Ёш техниклар” кўрик-танловларида фаол қатнашар эди. Уста “экскаватор” модели Тошкентда, ҳатто ўзи билмаган ҳолда Москва кўргазмаларида намойиш этилгани, совға сифатида китоб, рангли бўёқлар ва радиоприёмник олганини қувонч билан эслайди. Ана шу беғубор болалик йилларида Аллоҳ бу мурғак қалбга нафис санъатга меҳр чўғини ташлаган бўлса ажаб эмас.
Болалик ва йигитлик бўсағасида қўғайлик дурадгор уста Араббой ака Абдураззоқовдан эшик-ром тайёрлаш бўйича илк сабоқларни олди. 1980 йилдан Андижон “Меъмор” таъмирлаш устахонасида, 1984 йилдан эса “Рассом” ижодий ишлаб чиқариш комбинатида ёғоч ўймакор уста сифатида фаолият юритди. Устанинг Пойтуғ шаҳри марказидаги “Оталар чойхонаси”, вилоят мусиқали драма театрининг ички ва ташқи эшикларига ўйилган нақшлар уста Йўлбарсали ижодининг илк поғоналари, нафосат бўстонининг дебочасидир.
Тошкентдаги “Қизил тонг” фабрикасининг Маданият саройи, Андижондаги Боғи Бобур музейи эшикларида наққошликнинг қадимий геометрик усулларидан ижодий фойдаланади, “Кўп қиррали юлдуз”, “Давра турунж”, “Қушбанд айлана ислимий” каби нақшларнинг ўзига хос шаклларини битади. 1995-1997 йиллар уста Андижон аэропорти махсус кутиш зали ва вилоят ҳокимлиги биноларига нақшинкор эшиклар тайёрлайди. Бу эшикларда ҳам анъанавий миллий нақшларнинг уста Йўлбарсалига хос бўлган талқинининг гувоҳи бўламиз. Мураккаб ўсимликсимон “нақши фаввора” усулида Бухоро наққошлиги руҳиятини ҳис этамиз. Айниқса, 1997 йил Чўлпон ёдгорлик музейига қилинган кириш эшигида доиравий нақшлар ичига сингдирилган “Ҳумо қуши” тарҳининг бетакрор ва етуклиги устанинг юксак маҳоратидан далолат беради.
Кенг даврада Уста Йўлбарсали ҳожи ота билан фарзандлари атрофида суҳбат қуриб ўтирар эканмиз, отахон собиқ иттифоқ давридаги олиб борган ишларини эслади. Ёдида илк бор маҳалладаги ҳавасманд инсон—Шерали ака уйига қилинган дастлабки ўйма нақшли эшик маҳаллада шунчалик шов-шувга сабаб бўладики ёш уста буни асло хаёлига келтирмаган эди. Барча Йўлбарсалини қутлаб чин дилдан “қишлоқдаги янгилик” дея баҳолашган эди. Шундан сўнг тез орада унинг донғи атрофга ёйилди. Ўша дамларда вилоят театрига ўрнатилган чиройли ва мураккаб катта гуллар ўйилган эшикларни кўрган Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан келган меҳмонлар устани ўз шаҳарларига таклиф этишади. Сой бўйида қад кўтарган “Сузоқ” чойхонасининг устунлари, эшиклари моҳирона яратилди.
Шу билан бирга уста суҳбатимизда туманимиздаги Лўғумбек қишлоғи Маданият уйи, Намангандаги “Гулшан” санаторийси, Андижон шаҳридаги “Ҳиндистон” кино-театри, Ўш шаҳридаги муқаддас зиёратгоҳ—”Тахти Сулаймон” тоғида қайта тикланган Бобур қароргоҳи ва ҳудудлардаги ўзбек миллий чойхоналаридаги олиб борган ишлар ва тайёрланган эшиклар, ромлар, нақш ўймакорлик ишлари ҳақида ҳикоя қилиб берди.
Отанинг бахтиёрлиги олти ўғли унинг изидан бориб кўплаб ишларида елкама-елка туриб меҳнат қилишмоқда. Айниқса уста Умидиллонинг ёғоч ўймакорлик борасида олиб бораётган ишлари ҳақида тўлқинланиб сўзлайди. Ҳақиқатдан ҳам Умидилло Тошкентдаги Республика рассомчилик билим юртини тамомлаб, отасининг ёнига кирди. “Ота-бола ҳамкорлигида чизилган нақшлар тарҳида аввалгиларга нисбатан юқори малака, билим, тўлақонликнинг шоҳиди бўламиз. Бу эса юқорида таъкидланганидек Чўлпон музейи, Имом ал-Бухорий ва марказий “Хотира” майдони меъморий мажмуаларида ўз ифодасини топган. 1999 йил Биринчи Президентимиз И. Каримовга ёғочга ўймакорлик асосида ишланган сиймоси рельев портретни тақдим этди. Ушбу нақш санъати маҳсули Ислом Каримовга маъқул келганлиги боис миннатдорлик сифатида Умидиллога эсдалик совғаларини тақдим этади.
Уста ижодий фаолиятининг яна бир муҳим жиҳати кўргазма ва тарғибот ишларида намоён бўлди. Ўймакор эшиклар ва кичик ҳажмли нақшинкор хонтахта, курси, тошойна, лавҳ, сандиқ, қути ва бошқа совғабоп бир-биридан гўзал сайқал берилган бадиий буюмлар билан туман, вилоят, республика, халқаро кўргазма, ярмаркаларда иштирок этиб, Андижон вилояти амалий санъати ривожи учун муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Уста Йўлбарснинг 1992 йил Андижон шаҳрида ташкил этган кўргазмаси вилоят ҳунармандлар уюшмасининг 1-даражали мукофоти—Умра сафарига йўлланма билан тақдирланди. Шунингдек, 1995 йил Халқаро ЮНЕСКОнинг 50 йиллигига бағишланган Республика ҳунармандлар кўргазмаси, 1994-2000 йиллар давомида “Наврўз” ярмаркаси, “Буюк ипак йўли” анъанавий халқаро туризм кўргазмасида иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилган анъанавий “Ташаббус” кўрик-танловда республикамизнинг кўплаб иқтидорли ёғоч ўймакор усталари билан куч синашиб, яна бир бор Андижон ёғоч ўймакорлик санъатини намойиш этди.
Уста Йўлбарсали АҚШ, Германия, Франция, Россия, Ҳиндистон, Япония, Покистон каби ўндан зиёд мамлакатда ўз мухлисларига эга бўлди. Ижод намуналари музейлар ва шахсий коллекциялардан ўрин олган.
1996 йил 25 август. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг фармони билан “Ўзбекистон Республикаси халқ устаси” юксак давлат мукофотига сазовор бўлган Йўлбарсали ота Ўтаганов ҳозирда 77 ёшни қаршилаган бўлсада ўғиллари, шогирдлари билан ҳамон изланишда. Фарзандлари Шукурулло, Умидилло, Боқибилло, Ҳабибуллолар доимо отаси билан бирга.
Умидилло ҳозирда отаси уста Йўлбарсали билан Андижон шаҳридаги “Девонабой” жоме масжидини қайта қуриш ишларида ўз ҳиссасини қўшмоқда. 9 йил илгари Йўлбарсали ота ушбу масжидга катта нақшинкор дарвоза тайёрлаб берган эди. Айни дамда Йўлбарсали отанинг “Андижон услуби” дея номланган янги ғояси асосида нақшинкор эшикларни тайёрламоқда. Улуғ ёшда бўлсада уста ҳамон ишда, изланишда.
М. РУСТАМОВ.