Усмон Юсупов номли Катта Фарғона канали қурилишидан айрим битиклар
КАНАЛ ҚУРИЛИШИГА ҚАНДАЙ АСОС СОЛИНГАН?
Курраи заминимизнинг ҳар бир асри ўзининг ҳайратомуз обидалари, воқеа-ҳодисалари билан чуқур из қолдиради. Миср эхромлари, Бобил осма боғлари, Артемиада ибодатхонаси, Галикарнас даҳмаси, Зевс ҳайкали, Родосдаги ҳайкал, Искандария маёғи ва бошқалар. Албатта буларнинг барчаси инсон меҳнатининг, унинг ақл-заковатининг маҳсулидир. ХХ асрнинг инсонларни лол қолдирган иншоатларидан бири шубҳасиз Водийнинг олмос камари—Катта Фарғона каналидир, деб айтсак асло муболаға бўлмайди. Унинг буюклиги ва мўъжизалиги—каналнинг 45 кунда қўл кучи билан қурилганлиги. Зотан, бу канал водийликларнинг асрий орзуларидан бири бўлиб, уни 45 кунда қурилиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаган эди.
Азалдан пахтани қайта ишлаб бойлик орттираётган рус саноатчилари нархнинг қимматлиги сабабли уни арзонлаштириш йўлларини тинмай излаганлар. Ҳаттоки Учқўрғон адирларидан ер олишиб, пахта етиштиришни мақсад қилганлар. Лекин сув етишмаслиги бу йўлга тўғоноқ бўлган. Улар сув чиқариш мақсадида Норин дарёсини тўсишгача борганлар. Бироқ ўша вақтда ўрнатилган насослар ҳам яхши самара бермаган. 1915 йилга келибгина водийда канал қазиш йўли билан бўш ётган ерларга, чўл ва адирликларга сув чиқариш мумкинлиги маълум бўлган. Ўша йиллари «Асосий Фарғона канали» лойиҳаси ишлаб чиқилган. Бироқ бу лойиҳа қимматлиги сабаб амалга оширилмаган.
Ниҳоят ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари охирида лойиҳалар амалий ишга айланадиган бўлди. 1939 йилнинг 6 июнида собиқ Ўзбекистон компартияси Марказий комитети ва Ўзбекистон Министрлар Советининг қўшма мажлисида Катта Фарғона канали қурилишини бошлаш тўғрисида қарор қабул қилиниб, давлат бюджетидан 20 миллион сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, 15 минг куб метр ёғоч, 10 минг тонна цемент, минг тонна металл, 60 дона трактор, 200 та автомобиль ва бошқа зарурий нарсалар берилди.
КАТТА ФАРҒОНА КАНАЛИ ЛОЙИҲАСИ
«САЗгипровод» лойиҳа- тадқиқот трести жамоаси муҳандислар— И.Д.Лебедев, А.Н. Аскочинский, В.В. Пославский етакчилигида Катта Фарғона канали лойиҳасини тайёрладилар. Лойиҳага кўра канал трассаси икки участкадан иборат бўиб, Юқори Норин тракти Норин дарёси (Учқўрғон шаҳри яқинида)дан бошланиб, Куйганёргача етиб боради. Қуйи Қорадарё тракти Қорадарёга қурилган Куйганёр тўғонидан бошланиб, Сирдарё билан деярли параллел ҳолда жанубий Тожикистон Республикасининг Хўжанд шаҳри яқинигача (Қайроққум сув омборидан қуйироқда) давом этади.
Бироқ Ўзбекистон (283 километр), Тожикистон(62 километр), Қирғизистон(13 километр) ҳудудидан ўтадиган шунча масофадаги эни 30, чуқурлиги 4 метрдан ортиқ канални қуриш осон эмасди. Бу муаммони халқимизнинг ўзи ҳал қилди.
ҲАШАР ЭЛГА ЯРАШАР
Канал қуриш ишида қадриятларимизга суянилди. Водий халқи ҳашар йўли билан канални қуриш ташаббусини кўтариб чиқди. Зеро, ўзбек халқи ҳар қандай ишни ҳашар йўли билан бажарган.
Юқорида таъкидлаб ўтганимиздай канал қазиб сув чиқариш ва ерларни ўзлаштириш халқимизнинг азалий орзуси бўлганлиги сабаб 1939 йилнинг 1 август кунида барча умумхалқ ҳашарига йиғилди. Олой ва Қурама тоғ тизмалари пойидан Учқўрғонгача, Тожикистон республикасининг Конибодом шаҳригача бўлган масофа ҳашарга отланган кишилар билан тўлиб кетди. Миллатидан қатъий назар барча белини маҳкам боғлаб хайрли ва катта ишга қўл урди. 1 августнинг эрта тонгидан бошлаб 100 мингдан ортиқ ҳашарчилар бутун трасса бўйлаб тенг ишга қўл урдилар. 40 та участкага бўлинган трассада ишловчиларга 40 та тумандан озиқ-овқат маҳсулотлари мунтазам етказилиб берилиб турилди.
Ҳашарга чиққанларнинг қуроли кетмон, билак кучи ва юрак амри эди. Инсоннинг мақсад қилса қандай кучга эга эканлигини ана шу канал қурилиши яна бир бор исботлади. Жаҳон аҳлини лол қолдирган қирқ беш кун давомида канал қурилишида 160 минг киши қатнашди. 270 км ли трассада 17,8 млн м3 тупроқ қазиб чиқарилди (шундан фақатгина 1,7 млн м3 тупроқ механизмлар ёрдамида қазилган). Ишлар оғир бўлган участкаларда 14 экскаватор, 245 трактор, 420 автомашинадан фойдаланилди, 42,2 минг м3 бетон ишлари бажарилди. 45 йирик ва 275 майда гидротехника иншооти қурилди. Канал 1953 — 62, 1964 ва 1967-йилларда реконструкция қилинди. Узунлиги 345 км га, сув сарфи 180 м3/с, энг жадал сув сарфи 211 м3/с га етказилади. Ўзбекистон ва Қирғизистон, Тожикистонда 500 минг га суғориладиган ерларнинг сув таъминоти яхшиланди, янги ерларни ўзлаштириш имконияти пайдо бўлди. Каналда 1000 дан ортиқ гидротехника иншооти (шулардан 50 таси йирик), жумладан, 9 тўғон, максимал ялпи сув олиши 162 м3/с бўлган 258 сув чиқаргич, 7 ташлама, 8 акведук барпо этилган. Каналдан транспорт ўтиши учун 101 кўприк қурилган. Сел, ташлама ва суғориладиган майдонлардан чиқадиган дренаж сувларини оқизиб юбориш учун каналнинг чап томонидан коллекторлар ўтказилган, ўнг томондаги дренаж сувлари эса канал остидан ўтган 170 дукер қувур орқали коллекторга уланган.
Канал суви Ўзбекистонда 3 вилоят (Андижон вилоятида 66,6 минг га, Наманган вилоятида 12 минг га, Фарғона вилоятида 125 минг га), Қирғизистоннинг Ўш вилоятида (0,76 минг га) ва Тожикистоннинг Суғд вилоятида (10 минг га) ерларни сугоришда фойдаланилади. Каналга 1966-йилда канал қурилиши ташаббускорларидан бири бўлган давлат арбоби Усмон Юсупов номи берилган.
Ҳа, бу катта жасорат эди. Каналлар тарихига назар ташланса энг қисқа муддатда қурилиб битказилгани Катта Фарғона каналидир. Халқимиз ҳашар йўли билан бу ишни уддалади ва бутун дунё халқларини ўз қатъияти билан ҳайратга солди.
ШАРОИТЛАР БИСЁР ҚИЛИНГАН
Фақатгина ҳашарчилар эмас балки барча тизим ходимлари ҳам канал қурилишига ўзларининг самарали ҳиссаларини қўшганлар. Масалан ҳашарчилар саломатлигини муҳофаза қилиш, назорат қилишда 700 нафардан ортиқ тиббиёт ходими бор билим ва тажрибаларини ишга солганлар. 542 та тиббий пункт, 380 та кўчма аптека ва 260 та «Тез ёрдам» мунтазам фаолият кўрсатган. 2509 та савдо шахобчаси ишлаб турган. Бир неча юз новвойхоналар ҳар куни минглаб қоп ундан нон ёпишган.
Санъаткорлар ҳам ўз чиқишлари билан ҳашарчиларни хушнуд этганлар. Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон республикаларининг етакчи санъаткорлари канал қурилишининг ҳар участкасида ўз санъатларини намоён қилдилар. Улардан ташқари бадиий ҳаваскорлар ҳам канал қурувчиларига маданий хизмат кўрсатдилар.
Халқ артистлари Тамарахоним, Ҳалима Носирова, Маъмуржон Узоқовлар куйлаган қўшиқлар, лапарлар, Муҳиддин қори Ёқубов, Лутфихоним Саримсоқова, Аброр Ҳидоятовлар ижросидаги саҳна чиқишлари ҳашарчиларга завқ, кўтаринки руҳ бағишлаб, уларни янада самарали меҳнат қилишга чорлади. Ўша даврнинг машҳур шоир ва ёзувчилари 45 кун қаҳрамонларининг жасоратларини ўз ижодлари билан мангуга муҳрладилар. Канал қурилишида кўрсатилган жасорат ҳақида кўплаб фильмлар яратилди. Саид Аҳмаднинг машҳур «Уфқ» трилогиясининг биринчи китоби-«Қирқ беш кун» ҳам халқимизнинг ана шу оламга татигулик жасоратидан ҳикоя қилади.
АСРИЙ ОРЗУЛАР АМАЛГА ОШГАНДА
Водийнинг олмос камарининг 283 километри Ўзбекистон, 62 километри Тожикистон, 13 километри Қирғизистон ҳудудидан водийни шимоли-шарқдан жануби-ғарбга кесиб ўтади. Асосий ўзанининг узунлиги 350 километр бўлган канал вегетация даврида Норин, Қорадарё, Сўх дарёларидан жами 1064 м3/с сув олади. Бу сув билан Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари, Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод, Тожикистонннинг Сўғд вилояти ерлари суғорилади. Йил охирига бориб ишга туширилган Катта Фарғона каналида 45 та йирик ва 275 та майда гидротехника иншоати, 9 та тўғон, 258 та сув чиқаргич, 7 та ташлама, 8 та акведук, 101 та кўприк қурилди. Сел, ташлама ва суғориладиган майдонлардан чиқадиган дренаж сувларини оқизиб юбориш учун каналнинг чап томонидан коллекторлар ўтказилди. Ўнг томондаги дренаж сувлари эса канал остидан ўтган 170 дукер қувур орқали коллекторга уланди. Секундига 1200 куб метр сув ўтказадиган Куйганёр тўғонининг узунлиги 209 метрни ташкил этади. Тўғоннннг 30 та автоматлаштирилган дарвозаси мавжуд.
БИРЛАШГАН ЎЗАР…
Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар деб айтилган халқ иборасининг нақадар ҳақиқатлигини 45 кунда бунёд этилган Катта Фарғона канали қурилиши исбот этди. Албатта бугунги кунда ана шундай улкан қурилишнинг устида турган, ташкилотчилиги билан ҳашарчиларни ишлашга рағбатлантирган доимо эл эъзозида бўлган Усмон Юсупов, Тешавой Мирзаев, Жўраполвон Ғойипов, Дўнан Дўстматов, Азизхон Умматалиев, Али полвон, Ўсар полвон ва бошқа иштирокчиларнинг жасоратлари бош эгиб ёдга олинади. Зеро бундан саксон йил муқаддам ҳашарчиларнинг жасоратлари билан қурилган иншоат халқимизга хизмат қилиб келяпти. Бу биз учун мангу қадрлидир.
СУВ КЕЛТИРГАН ЭЛДА АЗИЗ
Бахтини сув келтириш билан топган Умрзоқ ота Раҳимов тўғрисида билмаганлар топилмаса керак. Ер ислоҳотлари ўтказилиб, деҳқонлар ерли бўлганлари билан сув етишмас эди. Лўғумбек, Янгизамон, 8-совхоз, Чуваманинг бир қисми, Маданият қишлоқларига сув керак эди. Бунинг учун Норин дарёсидан Лўғумбек орқали Пойтуққа қараб катта анҳор қазиш лозим эди. Бу ишга ташкилотчиликни Умрзоқ ота ўз зиммасига олди. У оқсоқоллар ва деҳқонлар, мироблар билан суҳбатлашди, уларнинг фикрлари ўрганди, маслаҳатларига қулоқ тутди. Бу катта ариқни кавлашга ҳашар эълон қилинди. Натижада минглаб кишилар кетмон, белкурак, замбил кўтариб, халқ тилида «Октябр ариғи» деб ном олган ариқ қазишга етиб келдилар. Бирдамлик билан яхши ният ила савоб ишга тенг қўл урилди. Эл-юртнинг саҳовати, ғайрати билан икки ой ичида ариққа сув очилди. 1927 йилда Лўғумбек қишлоғи 8 кубометр сув билан таъминланган эди. Кейинчалик бу ариқ Янгизамон ва Пойтуққа ҳам обиҳаёт улаша бошлади.
1929 йили 14 кубометр сув оқадиган «Пахтаобод» каналини чопиш ҳаракатига Умрзоқ ота прораблик қилди. Қорадарё жиловланиб, уч ярим ой мобайнида Озод, Уйғур, Қўқонқишлоқ ва Пахтакор қишлоқларига сув етиб борди.
Умрзоқ ота Усмон Юсупов номли катта Фарғона канали, Шимолий Фарғона каналлари, Фарҳод ГЭСи қурилишларида ҳам прорабликни ўз зиммасига олди. У ўзига бириктирилган участкаларда тез ва сифатли иш битириши билан ҳурматга сазовор бўлди. Умрзоқ ота 1947 йил район Совети ижроия комитети раиси бўлиб сайлангунга қадар сув хўжалигини бошқарганди. Кейинчалик Катта Фарғона каналида гидротехник вазифасида ишлади. Сув келтириб элда азиз бўлган Умрзоқ отанинг ишини фарзандлари давом эттирмоқда. Отанинг номини эса барча ҳурмат билан тилга олади. Зеро унинг ишлари унутилмасдир.
Шукуржон МАМИТОВ,
туман Давлат
архиви бошлиғи.
Маҳаммаджон
МИРЗААБДУЛЛАЕВ,
«Пахтакор» махсус мухбири