Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Натижалар сезиларли

Мана ноябр ойи ҳам якунланди. Бу ой халқ таълими тизимида рус тили фани ойлиги ҳисобланади. Туман халқ таълими бўлимига қарашли 16-мактабда ҳам ушбу фан ойлиги кўтаринки кайфиятда ташкил этилди.

Мактабда ўқитувчилардан Я. Сохибова, З. Мухитдинова ва Ф. Давроновалар рус тили фанидан дарс беришади. Улар фан ойлигини белгиланган низомга мувофиқ ташкил этдилар. Ойлик давомида мактабнинг барча ўқитувчи ва ўқувчилари рус тилида сўзлашишга ҳаракат қилдилар, инновацион ғояларга асосланган очиқ дарслар ўтказилди, турли кўнгилочар ва илмий тадбирлар, кўрик-танлов, мусобақалар, рус халқи маданияти билан таништирувчи кўргазмалар ташкил этилди.

Мактаб миқёсида ўтказилган “Энг чиройли ва хатосиз диктант” конкурсида 9 “Б”-синф ўқувчиси Р. Хурсандова,  8 “А”-синф ўқувчиси Ф. Қутбиддинова, 7 “Б”-синф ўқувчиси М. Саидазимова ғолиб чиқди.

3-5 синфлар ўртасида ташкил этилган “Бизнинг фахримиз” конкурсида рус тилида энг кўп сўз ёдлаб, матнни ифодали ўқиб, грамматикадан берилган саволларга тўғри жавоб берган 4- синф ўқувчилари А. Толибжонов, М. Шералиева, Д. Толибжонова, 3-синфлардан М. Орифжонова, О. Холмирзаева, А. Ғуломовлар мактаб фахрига айландилар.

Фан ойлиги якунида ўтказилган концертда мактаб ўқувчилари фаол иштирок этдилар. Якуний мониторинг натижаларига кўра ўқувчиларнинг рус тили фанидан олган билимлари кўрсаткичи ой давомида сезиларли даражада ортган.

Улашинг: