Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Мулоҳаза учун мавзу: Ўғлим, вазифа қил!

Ёхуд катта муаммонинг  оддий  ечими

Мен бугун таълим тизимидаги биргина муаммо ҳақида гапирмоқчиман. Ҳозирги тезкор, шиддатли кунда таълим тизимида катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ислоҳотлар таълим соҳаси субъекти бўлмиш ўқитувчи олдига ҳам, объекти- ўқувчи олдига ҳам қатор талаблар қўйди.

Ўқитувчи ўз фанидан чуқур билимга, юқори педагогик маҳоратга, кенг дунёқарашга эга бўлиши, психология, компьютер йўналишидаги билим, малака, кўникмаларини дарс жараёнига тадбиқ қилиши, ўқувчини ўз фанига қизиқтириб, мустақил билим олишга йўналтириши, хуллас, ҳаммадан бир қадам олдинда бўлмоғи даркор. Ўқитувчиларнинг 60 фоизи аҳолининг энг илғор, зиёли қатлами сифатида ўз вазифаларини теран англаб бу талабларни бажаришга астойдил киришдилар.

Хўш, ўқувчи бу талабларни қандай бажаряпти?

Ўқувчиларнинг 10 фоизи репититорларда билим оляпти, 30 фоизи (кўпроғи қизлар) мактабда яхши ўқишга интиляпти, 5 фоизи ўқитувчи дарсда берган маълумотлардан хотирасида қолган қисмини сўзлаб бериб, баҳо оляпти. 55 фоиз  ўқувчи эса ўқишни хоҳламайди, вазифа қилмайди, бошқа нарсаларга қизиқади, яхши ўқиши мумкинлигига ишонмайди ёки ота-она фарзандига эътиборсиз…

Ўқитувчилар айнан 55 фоиз ўқувчи устида кўпроқ ишлаяпти, лекин натижа кам. Чунки бола ВАЗИФА тайёрламаяпти, ота-она назорати йўқ. Таълим икки томонлама жараён: бир томонда ўқитувчи билим берса, иккинчи томонда— ўқувчи билим олишга интилиши керак. Агар бола интилмаса, уйда вазифа қилмаса, тўғрироғи, ота-она мажбурлаб вазифа қилдирмаса (ўқувчи ҳали бола, ўйинқарок, масъулият хисси тўла уйғонмаган) ўқитувчининг ҳаракати бекор, меҳнати увол.

Ўқитувчи куйиниб дарс ўтаверса, турли инновацион услублардан фойдаланиб қизиқтиришга интилса-ю, ўқувчи уйда сумкасини фақат дарсликларни жадвал асосида алмаштириш учунгина очса… Ўқитувчи меҳнатлари зое кетаётганлигини кўраверади, натижасиз меҳнатдан руҳан эзилади, ўзидан айб қидиравериб ўзига ишонмай қўяди, унинг фаолиятида регресс ҳолати юзага келади ёки юқоридаги 30 фоиз ўқувчи билангина ишлайверади.

Ҳурматли ота-оналар, фарзандингиз билимли, зиёли, сиз келажакда суяна оладиган бўлишини истасангиз, уйда ВАЗИФА  ҚИЛДИРИНГ. Бу билан таълим ислоҳотларини амалга оширишга ўз ҳиссангизни қўшиб, фарзандингизга ҳам таълим, ҳам тарбия бераётган устозни  қўллаб-қувватлаётган бўласиз.

Ф. ДАВРОНОВА,

16-мактаб рус тили фани ўқитувчиси

Улашинг: