Раҳматли онам Қорияхон аянинг руҳи шод бўлсин.
Аср пайти. Онам билан ошга уннадик. Ош зирваги олтин тусга киргач, мен сув қуя бошладим. Онам камроқ сув қуйиш кераклигини, чунки гуруч сув кўтармаслигини айтди. Сув қуйиб бўлиб онамдан сўрадим:
—Онажон, гуручни кеча янги олиб келган бўлсак, унинг сув кўтармаслигини қаердан билдингиз?
Онам идишдаги ивитилган гуручни кўрсатиб деди:
—Қизим, доим синчков бўл. Қара, гуручни ивитиш учун қуйган сувимиз миқдори камаймаган, демак, гуруч сувга тўйиниб пишган, ортиқча сувни қабул қила олмайди, озгина сув билан димлаш керак. Агар гуручни ивитсанг, сувни тортиб олса, бу гуруч сув кўтаради, кўпроқ сув қуйиб димлайверасан. Ошдаги гуручлар даданг айтгандай “ўрмалаб”кетади. Бу турмушда синчков, фаросатли бўлмасанг, ҳар қадамда қоқиласан, гап эшитасан. Инсоннинг бахтли бўлишида фаросатнинг аҳамияти жуда катта. Ҳозир сенга шу ҳақида бир ривоят айтиб бераман. Уни қалбингга ёзиб ол, кейинчалик сен ҳам ўз қизингга айтиб берасан. Мен гуручни юва бошладим, онам эса ўчоққа ўт қалаб ўз ривоятини бошлади.
Бир адолатли подшоҳ бўлган экан. Унинг фақат бир дона ўғли бўлиб, у кучли, кўркам йигит бўлиб вояга етибди. Аммо унинг зеҳни пастлиги, отаси қанча ҳаракат қилмасин, шаҳзода на билим, на бирор ҳунарни эгаллай олмас экан. Подшоҳ уни камонбозликка, найза отишга, қиличбозликка, этикдўзликка, дурадгорликка, савдогарликка, қўйингки, барча ҳунарларга ўргатмоқчи бўлиб, шогирдликка берар, аммо шахзода ҳеч бирини ўргана олмас экан. Подшоҳнинг боши қотибди ва вазирларнинг маслаҳатига кўра жарчилар бутун юрт бўйлаб жар солишибди: “Одамлар-у, одамлар, боғда пишган бодомлар, эшитмадим деманглар, эшитганлар жилманглар! Подшоҳимизнинг яккаю-ягона ўғлига ким бир йил давомида бирор бир ҳунарни ўргата олса, унга шаҳзоданинг оғирлиги миқдорида олтин берилади”.
Буни эшитган ҳунармандлар саройга оқиб келишибди, лекин ўн-ўн беш кундаёқ шаҳзодага ҳеч нарса ўргата олмасликларига ақли етиб, уни саройга қайтариб ташлаб кетишаверибди. Подшоҳ умидсизликка тушибди.
Бир куни саройга фолбин кириб келибди ва у шаҳзодани фолбинликка ўргатмоқчи эканлигини айтибди. Подшоҳ хурсанд бўлиб рози бўлибди. Фолбин йигитни олиб кетибди ва бир йилдан сўнг шаҳзода билан қайтиб йигит синовга тайёр эканлигини айтибди.
Подшоҳ дарров аъёнларини чақирибди. Бир томонга сарой аъёнлари, бир томонга амалдорлар жойлашибди. Шаҳзода таъзим билан ўртага чиқиб, гиламчага ўз фолбинлик анжомларини-ошиқ, пичоқ, шам, ойнак, турли тумор ва тошларни ташлабди. Чордона қуриб ўтирибди-да шоҳга “Буюринг, шоҳим!”- деб кўзларини юмиб бошини эгибди. Подшоҳ атрофга қарабди ва секингина бармоғидаги каттакон узугини ечиб кафтига яшириб дебди: “Қани ўғлим, топинг-чи, қўлимда нима бор?”
Шаҳзода “бош устига, шоҳим” деб кўзларини юмиб дуо ўқиб, тасбеҳларини ўгирибди, тошларини шақирлатибди, ошиқларини ташлабди, пичоқларини ўйнатибди, ойнагига қарабди ва дебди: “Шоҳим, қўлингизга яширилган нарсанинг белгиларини топдим”.
—Айтинг, ўғлим!
—Қўлингизга яширилган нарса ўзи думалоқ, ўртаси тешик.
Подшоҳ қувониб кетибди ва ўғлидан яширилган нарсанинг номини айтишни сўрабди. Шаҳзода яна тасбеҳини ўгирибди, тошларини шақирлатибди, ошиқларини ташлабди, пичоқларини ўйнатибди, ойнагига қарабди ва дебди:
—Отажон, қўлингизга яширилган нарса тегирмоннинг тошидир!
Бу жавобни эшитган сарой аҳли бошларини эгиб жим қолибди, подшоҳ хомуш тортибди, бошига бир уриб, оҳ уриб дебди:
—Ўғлим, билим кучи билан яширилган нарсанинг белгиларини топдинг, лекин фаросатинг менинг кафтимга тегирмон тоши сиғмаслигига етмади. Агар Аллоҳ инсонга фаросат ва идрок бермаса, ҳеч қандай олим унга билим бериб ҳунар ўргата олмас экан.
Подшоҳ фолбинга ўғлининг оғирлиги миқдорда олтин берибди ва тақдирга тан берибди.
Бу ривоятни эшитиб, мен сўрадим:
—Онажон, тегирмон тоши қанақа бўлади?
—Тегирмон тоши битта уйнинг ярмича келади, у думалоқ ва ўртаси тешик бўлади. Йигитнинг ақли тегирмон тоши отасининг кафтига сиғмаслигига етмади. агар унинг фаросати бўлганида отаси хатто ўрнидан турмаганлигига, тахт атрофидан нарса олиши мумкинлигига, ўзи думалоқ ўртаси тешик нарса фақат узук бўлиш мумкинлигига ёки отасининг бармоғидаги узук қолдирган изга, ё бармоғидаги каттакон узукнинг тақилмаганлигига эътибор қилибоқ топиб олган бўларди. Фақат Аллоҳ инсонга ақл ва фаросат беради. Инсон эса уни ривожлантириб ўстириши мумкин.
—Онажон, мен фаросатимни ўстирмоқчиман, нима қилишим керак?
—Бунинг учун сен ҳар бир воқеа- ходисага синчковлик билан қараб ўзингга тинмай “нима учун” деган саволни бериб жавоб топишинг керак. Масалан, нима учун ўқувчи формасини кийиш керак, нима учун “икки” баҳо олдим, нима учун кир ювганимда тоза бўлмади, нима учун ошимни таги олди… Бу саволларга тўғри жавоб топсанг, фаросатинг янада ортади, шунингдек, ҳар куни ухлашдан олдин битта пиёлага қалампирмунчоқ шодасини солиб ярим қилиб сув қуясан, эрталаб туриб оч қоринга ўша сувни ичиб оласан. Олимларининг аниқлашича, қалампирмунчоқдаги моддалар миянинг озуқаси экан. Улар фаросатни янада ўстирар экан. Қара, бир ривоятни айтиб бергунимча ошни ҳам димлаб бўлдик. Энди мен чой қўяман, сен эса шакароб тайёрла, хўш, нима учун ош билан доим шакароб еймиз, ўйла, қизим, саволга жавоб топ ва фаросатингни ўстир!
Феруза ДАВРОНОВА.