Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Ота изидан бориб

Чувамалик фермер Деҳқонов Қаҳрамонжон сийратига чизгилар

Одатда отаси касбини эгаллаган инсонлар ҳақида “Отасидан қолган касб”, “Отасининг боласида” деган иборалар бор. Чувамалик Қаҳрамонжон Деҳқонов ҳам ана шу ибораларга мос тушган. Унинг отаси Нишонбой Жўраев ширкат хўжалигида (собиқ Калинин номли колхоз) умр бўйи меҳнат қилган Бурхонидин ота ҳам оддий деҳқон эди. У ҳозирги Улуғнор туманидаги шўр, қамишзор ерларни ўзлаштириб пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирганида Қаҳрамонжон отасига эргашиб юрган ёш бола эди.
—Қаровсиз, экин битмайдиган ерларни ўзлаштириш пайтларида шўр ерлар кўм-кўк экинларга бурканганда, ҳар бир кўчатга ишлов бериб, эртасига янада яшнаб кетаётганидан завқланган отамни кўриб, меҳнат завқи, яратиш завқини ҳис этгандим, шундан кейин мен ҳам деҳқончилик этагидан тутдим,—дейди у биз билан суҳбатда.
Қаҳрамонжон ҳам ўз тенг­қурлари қатори 26-умумий ўрта таълим мактабини тугаллаб, Андижон пахта тозалаш техникумига ўқишга кирди. Ўқишни битиргач, бир муддат Чувамадаги ХБК корхонасида пахтани қайта ишлаш саноати билан танишди. Шундан сўнг Нишонбой Жўраев ширкат хўжалигида бригада бошлиғи бўлиб ишлаб яна деҳқончиликда тажриба тўплади ва пахта-ғалла йўналишида “Деҳқонов Қаҳрамон” номли фермер хўжалиги ташкил қилди. Йиллар ўтавераркан, мана ўн уч йилдирки у фермер хўжалиги бошлиғи. Бу орада ўғиллари Жўрабек, Маъруфжон, Абдуллажонлар билан фермер хўжалигини кўп тармоқли хўжаликка айлантирди. Ҳар йили пахта, ғалла ва бошқа қиш­лоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш шартномаларини бажариб келди.
Ўтган 2019 йил ҳам омадли келди. “Султон” навли пахта навидан, буғдойнинг “Чиллаки” навидан мўл ҳосил олди.
—Кейинги икки йил ичида Президентимиз биз фермерларга кенг қулайликлар, имтиёзлар яратиб берди,—дейди у. —Ёнилғи, минерал ўғит, техника, иш ҳақи кабилар пахта-ғалла етиштириш жараёнларида бекаму-кўст, мунтазам етказиб берилди. Пахта, ғалла харид нархлари кескин оширилди, сифатли маҳсулот етиштиришга эътибор кучайди. Бу йил давлатимиз раҳбарининг Парламентга Мурожаатида “…пахта ва ғалла етиштиришга давлат буюртмасини бекор қилиб, ушбу маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига босқичма-босқич ўтамиз. Агар бу йўлдан бормасак, фермер ва деҳқонларимизга маҳсулот етиштиришда эркинлик бўлмайди, улар ўзи кутгандек манфаат кўрмайди…” деб айтган сўзлари дилимиздаги, орзуимиздаги сўзлар бўлди. Бу фермер учун эркин фаолият олиб бориши керак, ўз устида масъулият ва деҳқончилик илми, маҳоратини ишга солиб, ердан самарали фойдаланиш, даромад олиб ички ва ташқи бозорни озиқ-овқат ва саноат маҳсулоти билан тўлдириши муҳим демакдир…
Ҳузуримизга вилоятимиздаги 15 нафар фермернинг бири бўлиб давлатимизнинг “Илғор фермер” деган кўк­рак нишони билан тақдирланиб кириб келган Қаҳрамонжоннинг сўзларини тинг­лар эканмиз, туманимизда деҳқончиликда анча пишган, ўз ҳақ-ҳуқуқлари, бурч­ларини тушуниб бораётган, ўз олдларига ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш фахр ва ғурур эканлигини тушунган фермерлар сафи ортаётганидан қувондик. Ана шундай фермерлардан бири бўлган Деҳқонов Қаҳрамонжонни юксак мукофот “Илғор фермер” кўкрак нишони билан қутладик: самарали меҳнатлар натижасига берилган баҳо муборак бўлсин Қаҳрамонжон.

Йўлдош ИСОҚЖОНОВ

Улашинг: