Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Гиёҳвандлик — балои офат

Мустақил Ўзбекистонимизда ёшларимизнинг ҳар томонлама камол топишлари, илм-фан, касб-ҳунар эгаллашлари, фаровон ва бахтли ҳаёт кечиришлари учун ҳар томонлама имкониятлар яратилиб берилмоқда. Шароитлардан унумли фойдаланган ёшларимиз чет элларда тахсил олмоқдалар. Билим ва маҳоратларини ошириб, Ватанимиз равнақи йўлида самарали меҳнат қилмоқдалар. Зотан бугунги кунда ёшларимизга қўйилаётган талаб ўқиш, изланиш, ўз куч ва имкониятларидан она юрт равнақи учун унумли фойдаланишдир.
Туман ички ишлар бўлими ходимлари, манфаатдор идора ва ташкилотлар вакиллари билан бирга ёшлар томонидан гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш ва бу йўлга киришига сабаб бўлган омилларни бартараф этиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Лекин шундай ғамхўрликларга, олиб борилаётган профилактик ишларга қарамасдан қинғир йўлларга кириб қолаётган ёшларимиз ҳам учраб қолмоқдаки, улар ичкиликбозлик, гиёҳвандлик домига тушиб қолмоқдалар. Шу ўринда тушуниш зарурки, гиёҳвандлик хавфли иллат. Гиёҳвандлик ҳумори тутган инсон заҳри қотилни қўлга киритиш учун қотиллик, талончилик, ўғирлик, фирибгарлик ва бошқа жиноятларга сира оқибатини ўйламасдан қўл уради. Оғуни истеъмол қилиш оиланинг барбод бўлишига, фарзандлар майиб-мажруҳ бўлиб туғилишига сабаб бўлади.
Ўтган йилда вилоятимизда 2654 та гиёҳвандлик моддалари билан боғлиқ жиноят аниқланган ва 41 килодан зиёд заҳри қотил далилий ашё сифатида олинган. Масалан, Умиджон исмли бола 60 грамм гиёҳвандлик моддасини сотаётганда қўлга олинган бўлса, боғишамоллик Адхам «Трамадол» ва «Лирика» дори воситаларини ноқонуний истеъмол қилиши аниқланган. Қорасувлик Билолдин эса кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситалари сотувчилар гуруҳига тушиб қолгани аниқланган.
Шуни эътиборга олишимиз зарурки, бу балога барчамиз бир бўлиб курашишимиз зарур. Бунда айниқса маҳалланинг, мактабнинг ўрни беқиёсдир.Чунки ёшлар шу масканларда тарбия топади, билим олади, феъл-атвори шаклланади. Ҳар бир ёшни тўғри йўлга йўналтираолсак бу бизнинг ютуғимиз бўлади.

Азизбек Эргашев,
туман ИИБ ЖҚБ тезкор вакили, майор

Улашинг: