1920 йил 14 июлда Майгир қишлоғининг косибчилик касбини улуғлаш билан бирга баққолчилик ҳам қилувчи Абдураззоқнинг оиласида тўртинчи фарзанд—Абдужалил туғилди. Онаси Фотимахон дунёга келтирган олти нафар фарзанд ичида Абдужалил эпчил, чаққон, чапдаст ва забардаст бўлиб вояга етди.
Белоруссия ҳудудларида давом этаётган жангларда немислар яшин тезлигидаги операцияни амалга оширишга ҳаракат қилар, Абдураззоқлар полки чексиз талофатлар билан ортга чекинардилар. Ана шундай оғир жангларнинг бирида ярадорларнинг олиб чиқиб кетилишини таъминлаш мақсадида Абдужалил ва унинг хизматдошларига немисларнинг ҳужумларини қайтариб туриш вазифаси юкланди. Тинимсиз ёғилаётган ўқлар остида йигитлар буйруқни бажаришга ҳаракат қилардилар. Кучлар тенг эмас, жангчилар бирин-сирин душман ўқидан ҳалок бўлардилар. Бу жангда Абдужалил ҳам чап оёғидан яраланди. Лекин ўз постини ташлаб кетмади. Автомати билан олға ташланган немисларнинг йўлини тўсди. Ўзидан бир неча қадам нарига тушган снаряд портлаганини эслайди. Ўзига келганда ҳарбий госпиталда, ҳамма ёғи бинтга ўралган ҳолда ётарди.
Озиб-тўзиб кетган Абдужалил Минск, Курск госпиталларида даволанди. Салкам икки ой деганда оёққа турди. Жангга кириш иштиёқини уни даволаган ҳарбий врачлар йўққа чиқардилар. Даволаниши учун туғилиб ўсган юртига қайтардилар. У 1942 йилнинг январидан то 1944 йилгача фронт ортини мустаҳкамлаш ишларида фаол қатнашди. Бу ўтган давр мобайнида оёғидаги шикаст тикланди. Навбатдаги ҳарбий врач кўригидан сўнг яна фронт сари йўлга тушди. Бу гал у 2 Белоруссия қўшинларининг пиёда қисмларида душманга қирон келтира бошлади.
Берлингача бўлган йўл кўрсаткичи 17-километрни кўрсатарди. Душман уясини янчишга бўлган сўнгги жанглар. Совуқ этни жунжуктиради. Фашистлар ҳар бир қарич ерни жон-жаҳди билан ҳимоя қилишарди.
Абдужалиллар навбатдаги объектни қўлга киритиш учун жангга отландилар. Объектга етгунча яланглик жой бор эди. Йўлга чиқиб олгандан кейин тўхташ, чекиниш ўлим билан баробар. Объектгача 20 метр қолганда тиззасига болта урилгандай бўлиб йиқилди-ю, хушидан кетди.
Госпиталлардаги қайта- қайта операциялар наф бермади. Ўнг оёғи ўзга юртларда қолиб кетди. Соғ-омон уйидан чиқиб кетган Абдужалил қўлтиқтаёқ билан қайтиб келди. Уни «Бир оёқсиз қандай яшайман?» деган ўй қийнарди. Мени тушунадиган одам бўлармикан, дардларимни тинглармикан деган хаёллар уни банд этганди. Лекин дунёда яхши одамлар жуда кўп. Абдужалил аканинг турмуш ўртоғи Марҳаматхон опа ҳам ана шундай инсонлардан эди. У меҳри қуёш тафтидай қайноқ, меҳрибон бўлиб бутун умри давомида Абдужалил акага суянчиқ бўлди. У билан ҳаёти давомида етти қиз ва бир ўғилни дунёга келтириб, уларни жамиятга фойдаси тегадиган инсонлар қилиб тарбияладилар.
Ҳа, Абдужалил ака ва унга ўхшаб жангларда жасорат кўрсатган инсонлар номлари доимо тилларда достон ҳамда ҳеч қачон унутилмайдилар.