Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Мактаблар ҳаётидан: Аниқ режалар билан

Юртимизда карантин сабабли онлайн дарслар ўтказилмоқда. Ҳўш, бу ишлар 8-ДИМИда қандай ташкил этилмоқда? Саволимизга ўқув муассасаси директори Ф. ТЎХТАШЕВ шундай жавоб берди:

-Хабарингиз бор, 2020 йил 16 мартдан умумтаълим мактаб ўқувчилари учун таьтил эълон қилинди. Ўқувчиларимизнинг таътил вақтларини мазмунли ўтказиш ва ўқув дастурда белгиланган билимларни ўз вақтида ўзлаштириш мақсадида Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Ёшлар» телеканалида — 1-4-синф, «Оилавий» телеканалида — 5-8-синф ва «Маданият ва маърифат» телеканалида — 9-11-синф ўқувчилари учун, «Дунё бўйлаб» телеканалида барча амалий фанлардан маҳоратли ўқитувчилар томонидан телевизион дарслар олиб борилмоқда. Интернет тармоғида эса вазирликнинг расмий веб-сайтида, kundalik.com ҳамда онлайн мактаб электрон портали орқали кузатиб бориш мумкин.
Бизнинг ДИМИда ҳам юртимиз келажаги бўлган ёш авлодни етарли даражада билим олишларига асосий эътибор қаратилмоқда. Айниқса битирувчи синф ўқувчилари учун бор имкониятлар ишга солинмоқда. Мактаб интернатининг икки нафар битирувчиларидан Ҳамидов Наврўзбек ва Қаҳҳорова Севара Шарда университетида ўтказилган Республика олимпиадасида ғолибликни қўлга киритиб, университет талабаси бўлишга муваффақ бўлдилар. Қолган 11-синф битирувчилари ҳам ўз йўналишлари бўйича ташкил этилган онлайн дарсларида мунтазам қатнашиб билимларини бойитмоқдалар.
Мактаб интернатининг юқори 10-, 11-синф ўқувчилари турли фанлардан ўтказилган онлайн олимпиадаларда фаол иштирок этиб, сертификатларга эга бўлдилар. ДТМ томонидан барча фанлардан ташкил этилган “Е синов” тестларини мунтазам ечиб билимларини синовдан ўтказмоқдалар. “Беш муҳим ташаббус” йўналиши бўйича ўтказилган танловларда 6-”В” синф ўқувчиларидан Гулшаной Содиқова ва Саодатой Абдуғаниева, 6-”А” синф ўқувчиси Марҳаматой Убайдуллаева ҳамда 9-синф ўқувчиси Мубина Алимовалар ғолибликни қўлга киритдилар.
Мактаб-интернатнинг ўқитувчилардан Д. Жумабоева, Ш. Баходирова ва М. Одиловалар туманда 11-синф битирувчилари учун ташкил этилган онлайн дарсларнинг етакчи мутахассиси сифатида фаолият олиб бормоқдалар. Тарих фани ўқитувчиси Д. Жумабоева “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан ўтказилган “Сизни унутмайди аҳли Андижон” танловининг вилоят босқичида 1-ўрин ғолиби бўлди.
Бундан ташқари мактаб интернатда ободонлаштириш ишлари ва мактаб интернатни келгуси ўқув йили учун тайёрлаш мақсадида таъмирлаш ишлари намунали ташкил этилди. Жамоа юртимиз равнақи учун ҳисса қўшувчи билимли етарли салоҳиятга эга ёшларни етказиб бериш бирдамлик билан меҳнат қилмоқдалар. Бирдамлик турли тўсиқларни енгиб ўтиш учун инсонга куч-шижоат бағишлайди. Зеро инсон ўз олдига қўйган мақсади йўлида аниқ режалар билан одимламоғи лозим.

Жавобларни Г. Болтабоева ёзиб олди.

Улашинг: