Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Янгилик ютуқ келтиради, ундан чўчимаслик керак

Президентимиз вилоятимизга ташррифи чоғида Олтинкўл туманидаги “Кўхна водий баҳори” фермер хўжалиги даласида ғалла ва ғўза ривожини кўздан кечириб, Андижонда ер камлигини ҳисобга олиб ундан икки карра самарали фойдаланиш зарурлигини таъкидлаганди. Бу борада ғўза қатор ораларига соя экилса битта майдондан икки баробар зиёд даромад олиш, яна кўпроқ одамларни иш билан таъминлаш мумкинлигини айтиб, Андижон тажрибасини яратиш бўйича кўрсатмалар берганди.

Давлатимиз раҳбари топшириғини туманимизда ҳам амалда бажариш юзасидан уюшқоқлик билан иш олиб бориляпти. Шу йил июнь ойининг тўртинчи кунигача 270 гектар майдондаги ғўза қатор ораларига соя уруғи экилди.
Хўш, соя экишдан мақсад нима? Бу янгилик асносидаги ҳаракат нима беради?
Биринчидан: халқимиз дастурхонини озиқ-овқат ва чорвачилик маҳсулотлари билан бойитади.
Иккинчидан: чорва моллари ва паррандалар сифатли ва оқсилга бой озуқа билан таъминланади.
Учинчидан: республика мой заводларига арзон, сифатли хомашё етказиб берилиб, ўсимлик мойи четдан келтирилмайди.
Тўртинчидан: энг муҳими деҳқончиликда тупроқ унумдорлиги ошади ва қисқа муддатли алмашлаб экиш тизими вужудга келади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-2021 йилларда республикада соя экишни ва донини етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қабул қилинганди.
Қарорда кўрсатилган топшириқларга асосан соя етиштириш бўйича илғор тажрибага эга бўлган хорижий ҳамкорларни жалб қилиш, соя етиштириш агротенологиясини ўрганишда Бразилия, Сербия, Россия Федерациясининг Краснодар ўлкасидаги “Соевый комплекс” МЧЖда етиштирилаётган соя уруғлари респуб­ликамизнинг тупроқ иқлим шароитига мослиги ва улардан икки марта ҳосил олиш имконияти мавжудлиги аниқланган.
Қолаверса жойларда соя экинини ривожлантириш бўйича ИКАРДО ва ФАО каби халқаро ташкилотларнинг экспертлари, фермер хўжаликлари, олим ва мутахассислари иштирокида соя экинини экиш ва етиштириш агротехнологияси бўйича кўргазмали ўқув-семинарлари ташкил этилган. Туманимизда соя уруғини экиш ва етиштириш учун олиб борилаётган ҳаракатларимиздан умидимиз катта. Ҳозирча бу соҳада ташлаган дастлабки қадамларимиз албатта қўл меҳнатини талаб этиб, бироз қийинчиликлар туғдиради. Келгусида соя уруғини экиш ҳам, йиғиштириб олиш ҳам махсус техникалар билан амалга оширилади. Шуниси қувончлики, фермер хўжаликларини иқтисодий қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида соя экишдан йиғиб олинган ҳосилни шартномавий сотиб олиш баҳоси 2016 йилга нисбатан 2,0 баробарга оширилди. Бу эса фермер хўжаликлари томонидан юқори ҳосил олишни ҳам даромадини ҳам янада оширади.

Й. ИСОҚЖОНОВ

Улашинг: