Пиллачилик-нозик соҳа. Ипак қуртини парваришлашда агротехника қоидаларига салгина амал қилинмаса кўзланган ҳосил етиштирилмайди. Пойтуғ массивида ўтган йилда ипак қуртидан кутилган ҳосил олинмади. Шундан сўнг массивга мутахассис Азизбек Абдуқаҳҳоров бош агроном этиб тайинланди. Ёш мутахассис аввалига массивда фаолият кўрсатаётган 21 та фермер хўжалигидаги пиллакорлар билан яқиндан танишиб, соҳа бўйича фикр алмашди. Шу билан бирга ўзининг касбий билим ва тажрибаларини ишга солди. Бу борада унинг устози, пиллачилик бўйича туман бош агрономи Мухтасархон Сулаймонованинг ўгитлари ёрдамга келди.
Ипак қурти парвариши бошланишида ҳар бир пиллакорга 250 минг сўмдан бўнак пули берилиб. 350 қути ипак қурти тарқатилди. Азизбек ўзининг 6 нафар пиллакордан иборат касаначиларни 250 минг сўмдан ташқари 750 минг сўмдан қўшимча маблағ билан таъминлади.
Ҳар бир кун, ҳар бир қути ипак қурти, ҳар бир давр пиллакорларнинг алоҳида эътиборида бўлди. Керак пайтда ипак қуртига тут барги озуқаси берилиб, хона ҳарорати назоратга олинди. Ҳашаротларга қарши кураш олиб борилди.
Якунда олиб борилган ишлардан, етиштирилган «чилиги ҳосил»дан пиллакорлар билан бирга Азизбекнинг ҳам кўнгли тўлди.
Нафақат туманда балки вилоятда ҳам пиллакорлар ўртасида биринчи бўлиб “Пойтуғ” массиви «кумуш тола»чилари ҳосилни Избоскан Агропилла масъулияти чекланган жамияти хирмонига топширдилар. Ҳар бир қути уруғдан 55-60 килодан ҳосил олиниб режани адо этдилар. Эришилган ютуқлари учун массив пиллакорлари Избоскан «Агропилла» МЧЖ ҳамда Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси томонидан қимматбахо эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди. Бу эса Азизбек Абдуқаҳҳоровнинг ўз касбига бўлган меҳр-муҳаббат, фахр туйғуларини жўш урдирди. Бу муваффақиятда Одинахон Қодирова, Шакархон Шаробиддинова, Гуласал Қаландарова, Марҳабо Қўйлиқова, Ўғилхон Қўчқорова сингари миришкор пиллакорларнинг муносиб улушлари бор.
Мавсумнинг эндигина биринчи фасли тугади. Ҳали олдинда июль ойида бошланадиган иккинчи мавсум кутиб турибди. Азизбекни устози Мухтасархон Сулаймонова билан иккинчи мавсум ҳақида маслаҳатлашаётганига гувоҳ бўлдик. Уларнинг режалари улуғ, ниятлари улкан. Биз уларга ва массивнинг пиллакор-у, касаначиларига улкан зафарлар тилаймиз.
Суратда: А. Абдуқаххоров устози М. Сулаймонова билан.