Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Ака-ука ёш математиклар

Тумандаги 40-умумтаълим мактабида 2019-2020 ўқув йилида жами 538 нафар ўқувчига 38 нафар малакали ўқитувчилар таълим ва тарбия бердилар.

Пандемия сабабли карантин даврида ўқитувчилар мактаб директори Муаттар Боймирзаева раҳбарлигида масофавий ишлашга, ўқувчиларга онлайн тарзда таълим олишга ўтдилар. Ўқув йили якунида Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлиги ва вилоят халқ таълими бошқармасининг йўриқномасига асосан 2019-2020 йиллар ўқув йилини якунлаш бўйича мактабда 26 май куни педагогик кенгаш ўтказилди. Унга кўра 1-8 синфлар ва 10-синфлар синфдан синфга кўчирилди. 9-11-синф битирувчилари имтихонлари 3 чорак якунларига асосан якунланилди.
Карантин даврида мактабда ташкил этилган масофавий тадбирларда фаол иштирок этган ўқувчилар турли ўқув мусобақаларда билимларини намойиш қилдилар. Жумладан, бош­ланғич синф ўқитувчиси Маъмура Ғозиеванинг 4-«А» синфда таълим олаётган ўқувчиси Шодиёрбек Соибжонов Республика миқёсида ўтказилган математика фани бўйича онлайн олимпиадада муносиб иштирок этди. Аввалига вилоят босқичида 1-ўрин, сўнгра Республика босқичида фахрли ўринни эгаллади. Унинг укаси Дониёрбек ҳам 1-синф ўқувчиси бўлишига қарамай Марказий Осиё давлатлариаро ўтказилган норасмий онлайн мусобақада юртимиз шарафини ҳимоя қилди. Ака-ука Шодиёрбек ва Дониёрбек Сойибжоновлар ўз одоби, билими билан ота-онаси Тўланмирзо ва Моҳирахон, бобоси Сойибжон, бувиси Маъмурахон момоларга олам-олам севинч хадя этдилар.
Ёш математикларнинг дадаси Тўланмирзо Андижон Давлат Университетида математика фани бўйича катта ўқитувчи бўлиб фаолият олиб борар экан.
-Фарзандларим ёшлигиданоқ математика фанига қизиқишлари мени ҳам қувонтиради. Уларнинг мактабда олган билимларини мунтазам таҳлил қилиб борамиз. Уларнинг қўлга киритган дастлабки ютуқлари Давлатимиз томонидан ўқувчиларнинг ҳар томонлама билим олишлари учун кенг шароитлар яратилаётганидан далолатдир,-дейди Тўланмирзо Нишонов.-Бу эса келажагимиз ворисларини комил инсон бўлиб етишишларида муҳим омилдир.

М. РУСТАМОВ.
Суратда: ака-ука Сойибжоновлар устозлари М. Боймирзаева ва М. Ғозиевалар билан.

Улашинг: