Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Депутат ва ҳаёт: Халқ билан мулоқотда

Янги сайловлар йилида Ўзбекистон Либерал Демократик партиясидан “28-Бўстон” сайлов участкасидан халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига сайланган Сайдулло Абдуллаев туман Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бош мутахассиси лавозимида фаолият юритмоқда.

У депутат сифатида ўз сайловчиларининг қувончу дардларига шерик бўлишга, уларнинг муаммоларини тинглаб, имкон қадар масалаларни ечишга ҳаракат қилмоқда. Нафақат юзма юз учрашувлар балки унга сайловчилари телефон орқали ҳам мунтазам мурожаат қилишиб, ёрдам беришини сўрашади. Албатта бу сўровлар беиз қолмайди. Депутатнинг жонкуярлиги бу масалаларни жойида ҳал қилиш имконини берса, юқори ташкилотлар орқали ечимини топиши лозим бўлган муаммоларга депутатлик сўровлари ёзилади.
Шу кунгача туман ҳокимининг ёрдами ва маслаҳатлари билан Туячи МФЙ Қумбосди ва Меҳр нури кўчаларининг 3 километрдан ортиқ масофаси шағаллаштирилди. Шу маҳалланинг кам таъминланган оилаларига имкон қадар моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Депутатнинг эътиборидан иш билан таъминланмаган ёшлар ҳам четда қолгани йўқ. Ёшларнинг иш билан таъминланиши ва шу билан оила даромадига ўз ҳиссаларини қўшишлари учун Машҳурбек Қаҳҳоров, Ақлжон Сатимов, Хайрулло Комилов ва Шарофиддин Қўзиев каби 61 нафар ёшга ва муҳтож оила вакилларига 20 сотихдан экин ери ажратилди. Маҳалланинг узоғини яқин қилиш мақсадида иккита кўприк қурилди.
Туман Электр тармоқлари корхонаси ва «Сувоқова» ДУКга Бўстон МФЙ Юлдузлар ва Файзобод кўчаларига электр таянчлар ўрнатиш учун, Бўс­тон маҳалласига тоза ичимлик суви тармоғи тортилган бўлсада сув минораси ҳанузгача ўрнатилмагани учун депутатлик сўрови юборилди.
-Келажакда амалга ошириладиган янги лойиҳа ва режаларимиз кўп. Улардан бири Туячи маҳалласига мини футбол ўйингоҳи ҳамда ёшлар учун «Буккафе» қуриш таклиф лойиҳаси тайёрланди. Халқимиз оилани асрашни азалдан муқаддас бурчи деб билиши бежиз эмас. Бу туйғу неча асрлар давомида авлоддан авлодга ўтиб келмоқда. Биз ҳам мутассаддилар билан бирга бузилиш арафасида турган оилаларни тиклашга эришдик,-дейди Сайдулло Абдуллаев.— Айни пайтда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш юзасидан ҳам бир қанча ишлар олиб борилмоқда. Депутатлик ана шундай устувор вазифаларни зиммамизга юклар экан уни бажариш учун бор имкониятларимни ишга солиб, сайловчиларнинг билдирган ишончларини оқлайман. Уларга хизмат кўрсатишни шараф деб биламан.

Улашинг: