Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Избосканнинг парвози. 2019 йилда шу ҳақида гапирайлик

Йилимиз адоғига етди. Кеча ғунчалагандек кўринган дарахт баргларини тўкиб улгурди. Бир йил давомида биз нимага улгурдик. Манзил томон яна бир қадам ташлаганимиз рост. Изимизда, ортимизда нималар қолди?

Дилимизда, йиғилишларда тилимизда йил сарҳисоби. Зеро мана шу сарҳисоблар бизни эртамизни белгилайди. Республика, вилоят, туман миқёсида ҳар бир соҳада рақамлар таҳлили кетади. Ўжар рақамлар ким қандай ишлаганини кўрсатиб қўяди.

Қалам аҳли ўзи яшаб турган жой, туман ҳақида тўлқинланиб қалам тебратади. Негаки тумандошларини, уларнинг ютуқларини бошқалардан кўра яхши билади. Туманига бирон-бир ҳамкасби келиб қолса ҳам эл ичида қадр топаётган юртдошлари даврасига етаклайди.

Бугун ўзим туғилган гўша — Избос­кан ҳақида, туманнинг кўп йиллар давомида эришган ютуқлари, тўпланиб бораётган муаммолари ҳақида сўз юритмоқчиман.

Негаки юртимизда барча соҳада кетаётган ислоҳотлар, аксарият йўналишларда бу ислоҳотлар натижадорлиги борасида Андижонимиз республикада пешқадамлиги, бу борада Избоскан тумани рўйхатнинг қуйи қаторига тушиб қолаётгани дилни хира қилади.

Истаймизми, йўқми, қишлоқ хўжа-­лигидаги кўрсаткичлар ҳокимнинг, туман аҳлининг қандай ишлаётганини белгиловчи меъзон сифатида қаралади. Айниқса пахтачилик. Зеро, бу экиндан келаётган даромад туман иқтисоди, аҳоли фаровонлигида жуда катта омил саналади. қишлоқда яшаётган одам деҳқончиликдан тирикчилик ўтказади, оилаларига барака олиб киради.

Туманимизда деҳқончилик, хусусан пахта ҳосилдорлиги кейинги ўн йиллардан буён пасайиб боряпти. Имкониятлар бой бериляпти. Бу 2018 йилда ҳам яққол кўринади. Аслида пахтачиликдаги илғор таж­риба, ютуқлари учун рес­публика пахтакорларининг биринчи қурултойи ҳам шу заминда ўтган, бир йилнинг ўзида 5 нафар пахтакор «Меҳнат қаҳрамони» унвонига сазовор бўлган. Улар ўз ишининг устаси, ҳақиқий миришкорлар бўлишган. Энди-чи? Худди уларнинг издошлари қолмагандек.

Аслида ҳар йили пахтадан 40 центнерга етказиб ҳосил олаётганлар бор. Бироқ бармоқ билан санарли.

Фермерчилик бошлангандан бери аксарият ер деҳқон қўлига эмас, қанча кўп ер олсам шунча кўп фойда оламан, дейдиган тадбиркорлар қўлига ўтиб қолгандек.

Ер учун, ундан олинадиган ҳосил учун фермердан бошқа эгалари, жавобгарлар ҳам бор. Ҳоким, қишлоқ хўжалиги бошқармаси, фермерлар уюшмаси, ер кадастри… Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.

Фермернинг ер майдони, қандай экинлар экиши аниқ. У шунча маҳ­сулот етказиб бераман, деб давлат билан шартнома тузади. Банк кредит беради. Ундан ҳалол ишлаб кўзланган ҳосилни олиш талаб этилади. Шунда ўзига ҳам, давлатга ҳам, аъзоларига ҳам фойда. Бироқ айрим фермерлар баҳорда экдим, дейди. Юқоридаги ташкилотлар назоратдан ўтказади. Мавсум ўртасида ё охирида етарли майдонга чигит экилмагани маълум бўлади. Ҳосил ҳам шунга яраша бўлади.

Бу йил ҳашарчилар айрим фермерлар даласига кириб пахта теришда қийналишди. Негаки бутун далани қўйтикан босиб кетганди. Бугун ажриқ, ғумай босган, ярми яйдоқ далалар анчагина. Бу ернинг қадрига етмайдиганлар кўпайганидан далолат эмасми?

Ҳар йили ғалвир сувдан кўтарилиб, сарҳисоб қилинади. Беш-олтита фермер алмаштирилади. Лекин баҳордан яна ўша деҳқончилик, яна ўша ашула… Яна ўша натижа…

Биз янги йилда ерга, ҳосилга эътибор ўзгаришини истардик. Ердан кўпчилик ризқланади.

Улашинг: