Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

«Пахтакор» қабулхонаси: «Илтимос, мухбир юборинг!..»

Таҳририятимизда ташкил қилинган «Пахтакор» қабулхонаси»га Янгиобод МФЙ таркибидаги собиқ Дашт маҳалласи бир гуруҳ аҳолисидан мурожаат келди. Унда маҳаллада ободончилик талабга мутлақо жавоб бермаслиги, қулай шароитлар йўқлиги баён қилинганди.

Кузатишлар шуни кўрсатдики, ҳақиқатан Дашт маҳалласи марказдан анча узоқ бўлиб, 78 хонадон истиқомат қилаётган бу жойда аҳолига хизмат кўрсатадиган бирорта савдо-сотиқ дўкони, сартарошхона, қассобхона, пойафзал тузатиш, нонвойхона каби шохобчалар йўқ. Маҳалла гузари, болалар боғчаси каби маданий-масканлар мавжуд эмас. Ўртача 150-170 нафар ўқувчи собиқ давлат хўжалиги ҳудудидаги 2-умумий ўрта таълим мактабига пиёда қатнаб ўқийди. Асосан 3 та кўча бўлиб кўчалар лой, балчиқ, чуқур жойларида лойқа сувлар тўп­ланиб қолган. Ўтган йилнинг сентябрь-октябрь ойларида республика ишчи гуруҳининг уйма-уй юриш «йўл харитаси»га киритилган лойи­ҳасига асосан маҳалла аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун дастурга киритилган деган оғзаки гапларга ишониб Андижон шаҳридаги «Истиқболли қурувчи» МЧЖ жамоаси ўз маблағини сарфлаб ўртача 2 километр узунликдаги кўчага сув қувурлари ётқизиш учун ўралар ковланган ва 200 метр узунликда қувурларни келтириб қўйган. Аммо кўмилмай қолган. Шу бўйи иш тўхтаган. Натижада қувур ётқизиладиган ўралардан чиқарилган тупроқлар бир пайтлар асфальтланган йўлларни лой кўчаларга айлантирган. Сув қудуғи минораси ишламайди, ҳимоя зонаси ажратилмаган. Сув насосини мансабдор шахс­лардан бири олиб кетиб, қайтариб олиб келмаган.

Хонадонларга электр қуввати олиб бориш учун қўлбола симёғочлар ўрнига электр тармоқлари туман бўлими мутасаддилари яроқсиз ҳолга келган, чирий бошлаган симёғочларни келтириб (ваҳоланки ҳозирда бетон столбалар ўрнатиляпти) маҳалла аҳолиси мурожаатини қондириш учун шунчаки «иш» бажарганлар. қолаверса электр симлари тортилади, теракларни кесиш керак деб аҳоли тераклари кестирилган. Маҳаллага, шунингдек, қўшимча янги ТП трансформатори қўйилиши ҳам тақозо этилмоқда.

—Уларга сув қувурларини ётқизишда ўзимиз ҳам ёрдам берамиз дедик. Амалга оширилган бу ишларни чала ташлаб кетганлар негадир охирига етказишмаяпти. Натижада ковланган ўраларнинг кўп жойларини зарурат юзасидан кўмиб юбордик,—дейишди маҳалла аҳли.

Юзага келган бу ҳолатлар ҳақида Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғини раиси қимматхон Хушназарова шундай дейди:

—Тўғри, бу ҳолатлардан хабарим бор. Маҳалладагиларга қийин бўлгани ҳам ҳақ гап. Бунга асосий сабаб «Истиқболли қурилиш» МЧЖ бошлиғи ўз маблағи ҳисобидан маҳалладаги бу ишларни дастурга киритилган деган оғзаки гап сўзларга таянгани. Юқоридаги ишларни бажариш мақсадида вилоят ОКС қурилиш ташкилотига шартнома қилиш ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш учун топширган. Лекин ОКС ташкилоти ҳужжатларни олган бўйи қайтариб бермади ва шу вақтга қадар бажарилган ишлар учун маблағ ўтказиб берилгани йўқ. Шу туфайли ҳозирча тўхтаб турибди. Дашт Янгиобод маҳалласи марказидан узилиб қолган, анча узоқда. Бу ерга талаб қилинганидек тез-тез келиб кетиб олиб борилаётган ишларни назорат қилиш, юз бераётган янгиликлар ва жараёнлардан хабардор қилиш ҳам ўзига хос қи­йинчиликларни талаб қилади…

Маҳалланинг бир гуруҳ фуқаролари билан тадбиркорлик, ҳукуматимизнинг ёшларга, фуқароларга, оилаларга турмушларини яхшилаш учун чиқараётган қарорлари, бери­лаётган имтиёзлари ҳақида суҳбатлар уюштирдик. Бу борада маҳалла фуқароларида тузукроқ бир тушунча йўқ. Буни маҳалла хонадонларининг бирортасида иссиқхона йўқлиги, бирорта хонадон  оилавий тадбиркорлик билан шу­ғул­ланмаслиги, ёшларга тадбиркор­ликлари учун «Ёшлар келажагимиз» кредит уюшмаси ташкил этилганидан ҳам хабардор эмасликлари ойдинлашди. Шу ўринда Нажмиддин Кубронинг қуйидаги сўзларини келтириб ўтишни жоиз деб билдик:

«Муваффақиятни—саъй-ҳаракатда, муваффақиятсизликни эса лоқайдлик ва дангасаликда кўрдим».

Бу ибратли сўзлар Дашт маҳалласидаги юзага келган бу аҳволни олдини олишда дахлдор бўлган раҳбарлар ва мутасаддилар ҳамда  маҳаллада яшаётган ва «Илтимос, мухбир юборинг» деб «Пахтакор» қабулхонаси»га мурожаат қилган фуқароларнинг ўзларига ҳам тегиш­ли айтилган бўлса не ажаб, десак янглишмаган бўламиз.

Йўлдош ИСОҚЖОНОВ

Улашинг: