Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАР-ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА!

Бинобарин, Конституциявий қонун лойиҳасига киритилган янги нормалар барча соҳаларни замон талаби даражасида тараққий эттиришга, шу жумладан, давлат ҳокимиятининг янада самарали ташкил қилинишига, инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг юксак даражага чиқишига замин яратиши шубҳасиз. Янгиланаётган Конституциянинг моддалари билан танишиб чиқар эканман, ундаги 28 модда – “Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлари унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас”деган норманинг киритилгани айни муддао бўлганлигини айтиб ўтмоқчиман. Бир танишимнинг бошидан ўтказган воқеалари бу масалада эътиборимни тортганди: -Анча йиллар олдин ўғлим ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг бирида ишларди. Анчадан буён уни уйлантириш масаласини кўтариб юрган онаси бмр язши оиланикига борганлигини, қизини кўриб, ақлли, ҳушли, одобли ва ўқимишли бўлганлиги учун совчиликка боришликни сўради. Биз ўғлимиз билан маслаҳат қилиб, боришликни маъқул топдик. Йигит ва қиз кўришиб, бир бирларига маъқул тушишди. Бизнинг ҳам бўлғуси қудаларимиз билан гапимиз мос келди. Тўй кунини белгилаш вақтида бўлғуси қуданинг судланганлиги маълум бўлиб қолди. Буни ҳам қизнинг отаси ўзи айтди. Ўғлингиз нозик жойда ишлар экан, менинг судланганлигим ишига ҳалақит бермасмикан, деди. Дарҳақиқат қайнотаси судланган бўлса ўғлимнинг ишларига таъсир қилар эди. Жуда ноқулай ҳолат юзага келди. Бир тарафдан бир бирига кўнгли мойил ёшларни ўйласам, бир тарафдан яхши инсонлар қалби озор чекишини, яна бир тарафдан фарзандимнинг келажагини ҳам ўйлашга мажбур эдим-деганди у. Шу кунларда ўша инсон билан учрашиб қолдим. Суҳбатимиз бевосита юқоридаги киритилаётган норма ҳақида борди. -Қаранг, замоннинг зайли билан қандай ўзгаришлар бўлиб кетаяпти, айни шу нормани киритилгани зап иш бўлибди, энди ўғлига келин излаган оилалар бизга ўхшаб қариндошлари судланмаганмикан ишқилиб, деган ҳадик билан эшик қоқишмайди. Тўғрида, ҳар ким ўз қилмиши учун ўзи жавоб берсин. Атрофидагилари ёки яқинлари эмас,-деди у. -Қанийди ана шундай қонун аввалроқ бўлганди эди,- дейди у куйиниб. Албатта, киритилаётган бу ўзгаришлар айнан демократик давлат талабларига хослиги билан қувонарли. Чунки, тан олиб айтишимиз керакки, аввал бундай ҳолатлардан азият чекканлар сони кўплаб топилар эди. Биргина қариндош-уруғларининг судланганлиги сабабли фуқароларни ишга қабул қилмаслик ёки юқори лавозимларга тайинламаслик ҳолатлари мавжуд эди. Агар одатдагидек ўзбек оиласида 4-5 та ака-ука ва опа-сингиллар бўладиган бўлса, ушбу оиланинг бир аъзосининг қилган хатоси учун барча ака-ука, опа-сингиллар азият чекишга мажбур бўлиб, қанчалик уринмасин, меҳнат қилмасин, яқинининг судланганлиги унинг касбий ўсиши, жамиятда нуфузли ўринга эга бўлишига тўғридан-тўғри тўсиқ бўлар эди. Бош Қомусимизга киритилаётган мазкур ўзгартириш орқали судланган шахсларнинг қариндошлари, яқинларининг ҳақ-ҳуқуқларини асоссиз равишда чеклаш бартараф этилади. Бу эса, ўз навбатида, жамиятдаги ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари давлат ҳимоясида эканлигини, унинг манфаатлари олий даражада эканлигини англатади. Ҳар бир фуқаро ўзи-нинг севимли касби билан ҳеч қандай чеклов ва тўсиқларсиз шуғуллана олишига замин яратади.

Муаззамхон АРАББОЕВА,

Қорақалпоғистон давлат университети филалогия факультети журналистика бўлими 2-курс талабаси.          

Улашинг: