Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Иқтисодий судлар томонидан низоларни кўриб чиқишда, келишув битимининг ахамияти ва уни тасдиқлашнинг ўзига хос жиҳатлари

Иқтисодий судлар томонидан низоларни кўриб чиқишда келишув битимининг ахамияти ва уни тасдиқлашнинг ўзига хос жиҳатлар
Маълумки бугунги кунда тарафлар ўртасидаги низоларни ҳал қилишнинг энг мақбул йўлларидан бири сифатида келишув битими назарда тутилган.
Келишув битими деганда, ўзаро келишишга асосланган, даъво талаби (талаблари)га нисбатан аниқликка эришишга қаратилган, низони ҳал қилиш тўғрисидаги тарафларнинг ёзма келишуви тушунилади.
Иқтисодий суд иш юритувида тарафларнинг тортишувчанлигининг намунаси сифатида келишув битимини тузиш тарафларнинг моддий-ҳуқуқий муносабат юзасидан низони бартараф этишга имкон беради ва бу билан ишни судда тугатишга эришилади.
ИПКнинг 131-моддасига кўра Тарафлар низони келишув битимини ёки медиатив келишувни тузиб ҳал этиши мумкин. Агар тарафларнинг келишув битими шартлари қонунчиликка зид бўлса ёки унинг шартлари учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлса, шунингдек у шарт асосида тузилган бўлса суд келишув битимини тасдиқлашни рад этади. Бундай ҳолларда иқтисодий суд ишни мазмунан кўради. (ИПК 134-модда)
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг «Иқтисодий судлар томонидан келишув битимини тасдиқлашда процессуал қонун нормаларининг қўлланилишига оид айрим масалалар тўғрисида» 2009 йил 18 декабрдаги 204-сонли қарорининг еттинчи банди иккинчи хатбошисига кўра Шартли тузилган келишув битимини тасдиқлашга йўл қўйилмайди.
ИПКнинг 132-моддасига кўра Келишув битими ёзма шаклда тузилади ва келишув битимини тузган шахслар ёки уларнинг вакиллари томонидан имзоланади. Келишув битими иқтисодий суд томонидан тасдиқланади, бу ҳақда ажрим чиқарилиб, унда иш юритиш тугатилганлиги кўрсатилади. Келишув битими қонун ҳамда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини бузмайдиган, тарафлар ўртасидаги низони ҳал қилишнинг тарафлар учун энг мақбул шартлар асосида ҳал қилиш усули ҳисобланади.
Тарафлар келишув битими аксарият ҳолларда ҳар қандай иқтисодий низо юзасидан, қолаверса Ўзбекистон Республикаси “Тўловга қобилятсизлик тўғрисида”ги Қонунининг 161-моддасига кўра қарздор ва кредиторлар суд томонидан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишнинг ҳар қандай босқичида келишув битимини тузишга ҳақли.
Шунингдек, келишув битими тузилиши мумкин бўлмаган тоифадаги ишлар ИПКда аниқ белгиланади. Жумладан, ИПК 221-моддасига мувофиқ ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича шунингдек ИПК 2039-моддасига асосан Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги иш бўйича келишув битими ёки медиатив келишув тузилишига йўл қўйилмайди.
Келишув битимининг моҳияти шундаки, унинг воситасида тарафлар ўртасидаги низо барҳам топади. Бунда бир тараф (даъвогар) даъво предметини мажбурий тарзда бирон-бир шахсдан ундиришдан воз кечса, иккинчи тараф (жавобгар) муайян шартшароитларда (гарчи айрим ҳолларда даъвогар ва жавобгар маълум манфаатлардан воз кечса-да), келишув битимини тузишга розилик беради. Унинг натижасида тарафлар ўртасидаги низо барҳам топади ҳамда даъвогарнинг моддий ҳуқуқий талаби мавжуд бўлмайди ва мазкур иш бўйича суд ишни юритуви тугатилади. Келгусида тарафлар айнан ушбу низо бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқини йўқотади. Келишув битими фақатгина бир-бирларига нисбатан моддий-ҳуқуқий талаблари мавжуд бўлган тарафлар ўртасида тузилиши мумкин.
Келишув битими фақат ёзма шаклда тузилади ва суд процессининг барча иштирокчилари, хусусан, тарафлар ва даъво предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилувчи учинчи шахслар ёки уларнинг вакиллари томонидан тузилади ва имзоланади. Келишув битимида низони ҳал қилишнинг умумий ва қўшимча шартлари кўрсатилиши лозим
Жумладан, ИПКнинг 132-моддаси иккинчи қисмига кўра, Келишув битимининг мажбурий шарти сифатида тарафлар томонидан келишилган мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари ҳақидаги қоидалар кўрсатилиши керак.
Ушбу модданинг тўртинчи қисмида эса, келишув битимида жавобгар томонидан мажбуриятларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳақидаги, қарздан тўлиқ ёки қисман воз кечиш ёхуд қарзни тан олиш тўғрисидаги, суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши мумкин.
Келишув битимининг яна бир хусусияти шундаки, уни ижро иши юритуви босқичида ҳам тузиш мумкин. Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрим тарафлар томонидан ихтиёрий ижро этилиши лозим. Шунингдек, ИПК 334-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ келишув битими суд томонидан тасдиқланган пайтдан бошлаб кучга киради ва дарҳол ижрога қаратилиши мумкин.
Бундан ташқари келишув битимининг тузилиши уни тузаётган пайтда тарафлар маълум бир процессуал ҳаракатларни амалга оширишади. Хусусан, келишув битимини тузишга қаратилган процессуал ҳаракатларни амалга оширади. Бунда процессуал ҳуқуқ келишув битимини тузиш билангина эмас, балки келишув битимини судга тақдим қилиш орқали суд иш юритувини тугатиш кўринишида ҳам намоён бўлади. Зеро, тузилган келишув битимининг суд томонидан тасдиқлашга тақдим қилмаслик судга уни кўриб чиқиш мажбуриятини юкламайди.
Келишув битими яраштириш тартиб-таомилларидан бир хисобланиб, ҳар қандай иқтисодий низони ҳал қилишнинг тарафлар учун самарали бўлган механизми сифатида кенг қўлланилади.
Ушбу ҳолат гарчи тарафларнинг турли мақсадлари ва манфаатларини амалга оширишга қаратилган бўлса-да, асосийси тарафларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

Хумоиддин Мамадиевич ТОШПУЛАТОВ,
Асака туманлараро Иктисодий суди судьяси

Улашинг: